Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустабиднинг ўлими: кимга байрам, кимга мотам (видео)

Мустабиднинг ўлими: кимга байрам, кимга мотам (видео)

Фото: «YouTube»

Россиянинг Екатеринбург шаҳри марказида бир гуруҳ фаоллар шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг ўлими муносабати билан мушакбозлик уюштирди. Бу ҳақда Znak нашри хабар беради.

«Сталин даврида амалга оширилган даҳшатли қатағонлар ҳеч қачон унутилмаслиги керак. Дунёда бошқа бирор бир мустабид у каби даҳшатли қатлиомлар уюштирмаган. Шу боис у ўлган кун миллий озодлик байрамига айланиши керак. Зеро, у ўлмаганда эди, қурбонлар сони янада кўп бўлиши муқаррар эди», деган мушакбозлик ташкилотчиларидан бири.

Президент Владимир Путин коммунист доҳийси Сталин шахсига эҳтиром билан муносабатда бўлиб келаётгани маълум. Шунга кўра, Сталин ўлими муносабати билан мушакбозлик ўтказилишига маҳаллий маъмурлар қаршилик қилиши кутилган эди. Аммо бу орада Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев СССР раҳбари ўлими кунида мушакбозлик уюштириш ғоясини қўллаб-қувватлади. Губернатор ўз фикрини изоҳлар экан, Сталинни «зиддиятли шахс» деб атади. 

Қизил империяни қарийб 30 йил давомида темир мушт билан идора қилган Иосиф Сталин 1953 йил 5 мартда вафот этган.

Айнан Сталин раҳбарлиги даврида – ўтган асрнинг 20-30 йилларида мамлакатда «Катта террор» деб аталган қатағонлар амалга оширилган. Сиёсий қатағонлар қурбонлари ҳақида турли рақамлар келтирилади. «Мемориал» инсон ҳуқуқлари жамияти 12 миллиондан зиёд инсон Сталин қатағонлари қурбони бўлган деб ҳисоблайди. ГУЛАГ тарихи музейи маълумотларига кўра эса, 20 миллион киши шўро тутқунгоҳларига ташланган. 600 мингдан 1,3 миллионга қадар киши қатл этилган.

Дунёдаги энг даҳшатли қийноқ масканлари бўлган лагерлар тизими (ГУЛАГ) айнан Сталин даврида шакллантирилган. Сиёсий етакчилар, ҳур фикрли ижодкорлар, диндорларни қатл этиш, миллий озчилик вакилларини сургун қилиш каби жиноятлар ҳам Сталин номи билан боғлиқдир.

Россияда Владимир Путин даврида аҳоли орасида Сталин шахсига нисбатан ижобий муносабат кучайган. Ижтимоий сўровлар натижасига кўра, Россия аҳолисининг деярли ярми Сталин фаолиятини ижобий баҳолаган. Аммо миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган шафқатсиз доҳий шахсининг идеаллаштирилиши жиддий хато деб билувчи рус зиёлилари ҳам талайгина. Улар Сталин тарихий қаҳрамон дея талқин этилишини хавотирли ҳолат деб билади. Кўп сонли зиёлилар Сталиннинг қабрини Москва маркази – Қизил майдондан кўчириш лозимлигини ҳам айтиб келади.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг