Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сталиннинг араб эвараси Лавровга очиқ хат ёзди

Сталиннинг араб эвараси Лавровга очиқ хат ёзди

Совет Иттифоқи собиқ раҳбари Иосиф Сталиннинг эвараси Салим Бенсаад бобоси вафот этган кун (5 март) муносабати билан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга очиқ хат йўллади. Мурожаатда у БМТни тарқатиб юборишни таклиф қилган. 

«Сўнгги Жугашвили, Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган генералиссимуснинг эвараси ва фашистларнинг Заксенхаузен концлагерида ҳалок бўлган Яков Жугашвилининг невараси сифатида мен Сталинлар оиласи номидан БМТнинг махсус йиғилишини чақириб, ушбу ташкилотнинг истиқболдаги тақдирини ҳал этиш, унинг фаолиятида СССРнинг ҳуқуқий вориси, фашизм устидан ғалаба қозонган Россиянинг иштироки нечоғли мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш борасида сизни ва Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигини қўллаб-қувватлашга тайёрман», – дейди «доҳий» ва «халқлар отаси»нинг эвараси.

Салим Бенсаадга кўра, БМТ айрим миллатлар ва халқларнинг қатлиом қилинишини тўхтатиб қола олмаётир. Бу борада у Донбассда руслар қирилаётганини иддао қилган, Ғазо секторида иккиюзламачилик қилинаётганини урғулаган.

Бенсааднинг матбуот котиби БМТ бош қароргоҳини Москва ёки Ялтага кўчириш таклифи илгари сурилганини ҳам маълум қилган.

Салим Бенсааднинг онаси Галина Жугашвили Сталиннинг тўнғич ўғли Яковнинг ягона қизи саналади. Галина 1970 йили СССРда таълим олган Жазоир фуқароси Ҳусайн Бенсаадга турмушга чиққан.

53 ёшли Салим рассомлик билан шуғулланади.

Кейинги йилларда Россияда СССРни чорак асрдан зиёд вақт давомида қаттиққўллик билан идора этган Иосиф Сталин шахсиятига маҳлиёлик яна-қайта бош кўтармоқда. Қатағон сиёсатини юритган совет диктаторига ҳатто олис Ҳиндистон каби мамлакатларда ҳам ҳавасмандлар топилади. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг