Машҳур киноюлдуз ўлимининг жумбоғи
Замондошлари томонидан «Асрнинг энг машҳур аёли» дея эъзозланган Мэрилин Монро ҳақида юзлаб китоблар чоп этилган. Монро санъаткор сифатида ўзини тўлиқ намоён этишга улгурмаган бўлса-да, илк қадамларидан мухлислар таҳсинига сазовор бўлганди. Истеъдодли актриса ноёб ҳусну латофат соҳибаси эди. Унга жуда кўп эркаклар, жумладан, машҳур шахслар ҳам ошиқи беқарор бўлишганди. Мэрилинни бир муддат бўлса-да тинч қўйишмасди. Актриса гўзал қадди қомат ва ҳуснга эга эди. Унинг фожиаси ҳам шу бўлди аслида...
Монро ўлимидан сўнг ёзилган китобларда муаллифлар асосий эътиборни унинг ака-ука Кеннедилар, Артур Миллер, Ив Монтан сингари таниқли сиймолар билан хушторлик муносабатларига қаратишганди. Фақат инглиз тадқиқотчиси Доналд Волфнинг китоби бундан мустасно. Волфнинг асосий мақсади машҳур Мэрилин Монро ўз жонига қасд қилганми ёхуд атайин ўлдирилганми, деган саволга жавоб топиш эди.
Охир-оқибат муаллиф Монро ўлдирилган деган хулосага келган. Қуйидаги маълумотларга эътибор беринг:
Норма Жин (Мэрилин Монро) 1926 йилнинг 1 июнида таваллуд топган. Онаси Гэдис Монро Грейнмер Ҳолливуд кинолабораториясида хизмат қилган. Отаси Гиффорд ҳам шу лабораторияда ишлаган. Улар турмуш қуришмаганди.
Норманинг болалик йиллари жуда машаққатли кечди. Қизалоқ аввалига руҳий касал бувисиникида, сўнг қўшнисиникида яшади. Бу орада унинг онаси Жаспер Бейкер исмли бир эркакка турмушга чиқади. Ўгай отанинг Нормага муносабати яхши эмас эди. Шу боис уни Лос-Анжелесдаги етимхонага топширишади.
Бўлажак актриса етимхонада икки йил яшайди. 16 ёшида эса самолётсозлик заводида ишловчи Жим Догерти исмли йигитга турмушга чиқади. 1943 йилда эри кўнгилли сифатида ҳарбий денгиз флотига ишга ўтгани сабабли уларнинг муносабатлари барҳам топади. 1945 йилнинг ёзидан Норма Жин фотомодель бўлиб ишлай бошлайди. У ойига 10 доллардан ҳақ оларди. 1946 йилдан бошлаб кино оламига қадам қўйган малласоч Норма Жин Мэрилин Монро номини олди. «Жазда фақат қизлар» фильмидаги муваффақиятидан сўнг шу исм билан бутун дунёга танилди. Президент Жон Кеннеди таваллуд кунига бағишлаб ўтказилган катта концертда куйлаган «Нарру Вirthdау, Мistеr Рrеsident» қўшиғи эса уни янада машҳур қилиб юборди.
«Ҳолливуд тимсоли, дилбар Мэрилин Монро якшанба куни фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди. У эндигина 36 баҳорни қаршилаган эди. Актрисанинг жонсиз танасини ётоқхонасидан топишган. Эҳтимол, у ўз жонига қасд қилгандир? Мэрилин телефон гўшагини ушлаган ҳолда жон берган. Ўриндиқдан эса уйқу дориси солинган бўш шишача топилган».
Аssosiated Press ахборот агентлигининг 1962 йил, 5 августда Мэрилин Монро вафоти ҳақида тарқатган дастлабки хабари мазмуни ана шундай эди.
Доналд Волф ўз текширувини Монронинг 36 йиллик умри давомида юз берган воқеалар асосида олиб борди. У актриса ҳалокати сабабини билиш мақсадида барча гувоҳлар билан суҳбатлашди. Монро ҳақида ўзигача ёзилган китобларни бирма-бир синчиклаб мутолаа қилди, ҳатто федерал текширув бюроси ва марказий разведка бошқармаси тасарруфидаги фойдаланиш мумкин бўлган далилларни ҳам эътибордан четда қолдирмади.
Волф ўз ҳикоясини қуйидагича бошлайди: «1962 йилнинг 5 августга ўтар кечаси, Брентвуддаги (Лос-Анжелеснинг киборлар яшайдиган қисми) Елена кўчасида жойлашган 12305-уйда хизматкор бўлиб ишловчи Юнис Меррей хоним тахминан қоқ ярим тунда уйғониб, ҳожатхонага йўл олади. У уй соҳибаси Мэрилин Монро ётоқхонаси ёнидан ўтаётиб, ётоқхона эшиги тагида чироқ нурини кўриб қолади. Чироқ ўчирилмай қолибди деб ўйлайди ва эшикни оҳиста тақиллатади. Бироқ ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Эшик ичкаридан қулфланган эди. Бундан ташвиш тортган хизматкор дарҳол Монронинг шахсий шифокор-руҳшуноси Гринсонга қўнғироқ қилади.
Врач уларга яқин жойда яшарди. Шу боис у ярим соат ўтар-ўтмас Монронинг уйига етиб келади. У ҳам ётоқхона эшигини тақиллатиб кўради. Жавоб ололмагач, ҳовлига чиқиб, ётоқхона деразасидан мўралайди. Мэрилин ўрнида қимир этмай ётар эди. Бундан хавотирланган Гринсон дераза ойнасини синдириб, ичкарига ошиб тушади. Сўнг эшикни очади. У ётоқхонага кирган аёлга «Биз ундан жудо бўлибмиз», дейди.
Шундан кейин Гринсон Монронинг шахсий жарроҳи Энгелбергга қўнғироқ қилиб, тезда етиб келишини сўрайди. Энгелберг ҳам бир зумда келади. Шифокорлар бир неча соатни ўзаро суҳбатда ўтказадилар. Хизматкорни чақириб, синган ойна ўрнига янгисини қўйишни буюришади. Улар юз берган фалокат ҳақида полицияга тонгги тўрт яримда хабар қилишади.
Монронинг уйига биринчи келган полициячи Жек Клеммонс эди. Айнан шу сержант Мэрилин ўлимига дахлдор қатор жумбоқ ва ноаниқликлар мавжудлигига эътиборни жалб қилган. Булар унга гувоҳлар билан суҳбатлашиш ва ўлим содир бўлган жой билан танишиш пайтида маълум бўлган. Кундузи сержантнинг хизмат муддати тугаб, ўрнига бошқа полициячи келган. Бу вақтда Монронинг уйи оммавий ахборот воситалари ходимлари қуршовида қолган эди.
Мэрилин Монро ўлими қай тарзда содир бўлганини Ж.Клеммонсдан кейин полициячилар, врачлар, журналистлар ва ҳатто оддий ишқибозлар ҳам текширганлар. Аммо жумбоқлар кўпайса-кўпайганки, асло камаймаган. Улардан айримларини келтириб ўтсак: хизматкор Юнис Меррей ётоқхона эшиги тагида чироқ нурини кўриши мумкин эмасди. Фожиадан бир неча кун аввал Монронинг ётоқхонаси полига тўшалган қалин гилам эшик тагини буткул ёпиб турарди. Меррей 1975 йилда нашр қилдирган китобида: «Балиқ буржида туғилганим учун телепатик қобилиятга эгаман, шу боис мен нурни кўрмаган бўлсам-да, хонада чироқ ёниқ турганини сезганман» , деб ёзганди. Аммо уй тархидан аниқ маълумки, Меррей ҳожатхона томонга беканинг ётоқхонаси ёнидан умуман ўта олмас эди.
Яна бир ноаниқлик: Шифокорлар Мэрилинни қутқариб қолиш учун ҳеч нима қилишмаган. Уларнинг юз берган ҳалокат ҳақида полицияга қарийб тўрт соатдан кейин хабар қилишгани сабаби эса мавҳумлигича қолган. Шифокорлар, биз ўзаро гаплашию тургандик, дейишган, лекин суҳбат мавзусини ошкор қилишдан бош тортишган.
Расмий маълумотларда айтилишича, Мэрилин... 50 дона уйқу дорисини ютган. Аммо шунча ҳапдорини сувсиз ютиш мумкин эмас! Ҳалокат содир бўлган жойдан сув ичадиган идиш топилмаган. Ваннахонада ҳам сув йўқ эди. Уйда таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани боис сув беркитиб қўйилганди.
Мэрилиннинг ўлими олдидан телефонда ким билан гаплашгани ҳам номаълум. Телефон станцияси томонидан ёзиб олинган суҳбат матнлари мусодара қилинган. Бу ишни мансабдор шахслар бажаришган экан.
Актриса жасадининг кўриниши ҳам шубҳа уйғотар эди. Монро юзи ўриндиққа туташ ҳолатда ётар, оёқлари узатилган ва ёндош қўйилганди. Қўллари икки ёнбошига ёпишиб турарди. Кўп ичилган уйқу дориси эса бошқача манзара пайдо қилади! Бутун гавда дори таъсирида чангак бўлиб қолади. Шифокорлар, тана ҳолатини ўзгартирган эмасмиз, дейишган. Бундан ташқари, кўп миқдордаги уйқу дориси одамни қустиради. Монрода эса бундай ҳолат кузатилмаган.
Текширув чоғида ҳам кўпгина ажабтовур ишлар содир бўлди. Токсикология лабораториясида Монро мурдасидан олинган суюқлик йўқолган. Айрим гувоҳлар кўрсатма бериш учун... умуман чақирилмаган. Гувоҳлик кўрсатмалари ёзилган бир қанча қоғозлар йўқотилган. Энг муҳим ашёвий далил − Монро кундалиги ҳам изсиз кетган. «Ўлим китоби» деб номланган бу «тилсим», айрим манбалардан маълум бўлишича, бугун Лос-Анжелес полицияси уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлимининг махфий архивида сақланар экан. Кундалик билан танишганларнинг айтишича, унда Монро ва Роберт Кеннеди ўртасида турли мавзуларда бўлиб ўтган суҳбатларга доир ёзувлар бўлган.
Хўш, Мэрилин Монро ўлими қандай содир бўлган? Китоб муаллифи Волф фикрича, компьютер техникаси ёрдамида ўтказилган янги токсикологик ташхис хулосаси шуни тасдиқладики, ўлимга олиб келган миқдордаги уйқу дориси Мэрилин танасига вена орқали юборилган, у ҳеч қандай ҳапдори ютган эмас
Актриса 4 август куни кечқурун телефонда Хосе Боланос билан гаплашган. Алоқа бирдан узилиб қолган. Сўнгра ярим соат ўтар-ўтмас, Монро Питер Лоуфорд билан гаплашган. Бу унинг ҳаётидаги сўнгги қўнғироқ эди. Сўзлашув чоғида Монро ҳушидан кетган ва телефон гўшаги унинг қўлида қолган. Мана шу икки сўзлашув оралиғидаги ярим соатлик фурсатда унга укол қилишган. Бу пайтда Монронинг ётоқхонасида Роберт Кеннеди бўлган. Улар жанжаллашиб қолишган. Роберт ундан ниманидир талаб қилган, эвазига пул ҳам бермоқчи бўлган. Бироқ Мэрилин рад этган. Робертдан дарҳол кетишини, уни буткул унутишини сўраган. Жанжалдан сўнг Р.Кеннеди уйни тарк этган. Мэрилин Монро эса тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатда қолаверган...
Бу сирли ўлим хусусида Доналд Волф тахминий хулосага келади. Монро ўлимидан ярим соат олдин унинг уйига АҚШ президенти Жон Кеннедининг укаси Роберт Кеннеди келган. Унга икки эркак ҳамроҳлик қилган. Хавфсизлик хизмати соқчилари бўлган бу кимсалар Р.Кеннедининг хос соқчилари эди. Мэрилин Монро томирига ўлим дорисини шулар юборишган. Бироқ, афсуски, уларнинг исм-фамилиясини Д.Волф аниқлай олмаган. Шу тарзда бу ўлим яна сирлилигича қолаверди.
Иззат Аҳмедов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter