Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

XX асрнинг энг гўзал аёлини ким ўлдирган? Мерилин Монронинг сирли ҳаёти

XX асрнинг энг гўзал аёлини ким ўлдирган? Мерилин Монронинг сирли ҳаёти

XX асрнинг энг машҳур кино юлдузи Мерилин Монро (ҳақиқий исми – Норма Жин Бейкер)нинг ижро этган роллари унга кино оламида муваффақият келтирди. Бироқ бу муваффақият унга бахт келтириш ўрнига, аянчли қисмат туҳфа этди. Актрисанинг сирли ўлими бутун дунёни ларзага солди. Расмий маълумотларга кўра, актриса ўз жонига қасд қилган. Лекин ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Бугунги мақоламизда, XX асрнинг энг гўзал аёли, Голливуднинг энг машҳур кино юлдузи Мерилин Монронинг сирли ҳаёти ҳақида ҳикоя қиламиз.

Сарсонликда ўтган болалик

XX асрнинг энг гўзал аёли дея эътироф этилган, дунё даражасига кўтарилган кино юлдуз Мерилин Монро 1926 йил 1 июнь куни Лос-Анжелес шаҳрида дунёга келган. Мерилиннинг ҳақиқий исми Норма Жин Бейкер бўлган. Унинг онаси кино монтажчи Глэдис Пёрл Бейкер бўлиб, Мерилин унинг учинчи фарзанди эди.

Мерилин Монронинг отаси ким эканлиги ҳақида бир нечта қарашлар мавжуд. Улғаётган Мерилин отаси Чарльз Стэнли Гиффорд (актрисанинг онаси бу инсон билан 1925 йилда ишқий муносабатда бўлган) эканлигини билган ва бир неча бор у билан боғланишга ҳаракат қилган. Аммо, Чарльз ҳақиқатдан Мерилин унинг қизи эканлигини билса-да, у билан боғланишдан бош тортган. Лекин 2022 йилда ўтказилган ДНК тестидан сўнг, унинг отаси Чарльз Стэнли Гиффорд эканлиги расман тасдиқланган.

Норма Жин ҳаётининг дастлабки йилларида жуда бахтли ҳаёт кечирди. Она иш билан банд бўлганлиги сабабли фарзандларига етарлича эътибор бера олмади. Шу боис она қизини вақтинча қариндошлари Алберт ва Ида Болендер оиласига берди. 1933 йилнинг ёзида Гледис қизини олиб, Голливуддан кичик уй сотиб олди. Бир йилдан сўнг Гледисда руҳий касаллик аломатлари кўрина бошлади. Унга параноид шизофрения ташхиси қўйилди. 1935 йилда Монронинг онаси Эрвин Годдардга турмушга чиқди. Ўша вақтда бўлажак юлдуз тўққиз ёшга тўлганди.

Янги оилада Мерилин ортиқча эди. Гледис ёш қизчасини Лос-Анжелесдаги болалар уйига топширишга мажбур бўлди. Бироқ она фарзандисиз узоқ яшай олмади. Гледис қизини меҳрибонлик уйидан олиб кетди. Аммо, уйда ёш Монро ўгай отаси томонидан жинсий тажовузга учради. Шундан сўнг, у Комптон (Калифорния)даги катта холасининг уйига кетишга мажбур бўлди. 1944 йилда бўлажак юлдуз ўзининг биринчи турмуш ўртоғи Жеймс Догерти билан оила қурди.

Монронинг фото моделликдаги фаолияти

Жин Бейкер фото моделлик фаолиятида Мерилин Монро исми билан танилди. Вақт ўтиши билан у сочларини сариқ рангга бўяди. Эммелин Снайвлининг сўзларига кўра,  Мерилин Монро энг шуҳратпараст ва меҳнатсевар моделлардан бири бўлган, 1946 йил бошига келиб унинг суратлари 33 та журналнинг муқовасида босиб чиқарилди. У ўша йили актёрлик агентлиги билан шартнома имзолади. Монронинг эри унинг актёрлик карьерасига қарши чиқди. Шу сабабли, кино юлдуз 1946 йилда Жеймс Догерти билан ажрашишга қарор қилди.

1947 йилнинг февраль ойида унга «Хавфли йиллар» ва «Скудда-у! Скудда-эй!» фильмларида биринчи иккита эпизодик рол берилди. Шундан сўнг, Монрога режиссёрлардан таклиф бўлмади. У яна моделликга қайтди.

Кинодаги илк муваффақият

1950 йилда Мерилин Монро олтита фильмда суратга тушди. Биринчи фильмда у қариган жиноятчининг ёш севгилиси Анжела ролини ўйнади. Монро рол ўйнаган фильмлар тезда муваффақиятга эришди. Шу вақтдан бошлаб Мерилин Монронинг юлдузлик онлари бошланди. 1950 йилда «20th Sentury Fox» Монро билан етти йилга шартнома имзолади. 1951 йил ёш актриса учун омадли бўлди. Март ойида бўлиб ўтган Оксар мукофотини топшириш жараёнида Монро номинациялардан бирида ғолиб бўлди. Шундан кейин, у бош ролларни ўйнай бошлади.

1953 йилда Мерилин Монро учта фильмда рол ўйнади. Қисқа вақт ичида у Голливуднинг энг даромадли актрисаларидан бирига айланди. 1953-1954 йилларда Мерилин Монро энг яхши 10 та юлдуз рўйхатига киритилди.

«20th Sentury Fox» билан можаро

1954 йил 4 январь куни «20th Sentury Fox» студияси Мерилин Монро билан шартномани тўхтатди. Муаммо шунда бўлдики, раҳбарият актрисага кино сценарийини ўқишга рухсат бермади. Чунки шартномага кўра, Монро сценарийни тасдиқлаш ҳуқуқига эга эмасди. Бир куни студия унга янги фильмнинг сценарийасини жўнатди. Монро сценарийни ўқиб чиқиб, режиссёрга эътироз билдирди. Бундан ташқари, фильмни суратга олиш учун ҳафтасига 5000 доллар тўланар эди. Бу эса ўша вақтдаги Американинг биринчи рақамли актрисаси учун паст баҳо эди. Табиийки, бундан Монро хафа бўлди.

1952 йилдан бошлаб оммавий ахборот воситалари Мерилин Монро ва бейсбол юлдузи Жо Ди Маггио ўртасидаги муносабатларни диққат билан кузатишди. 1954 йил 14 январь куни актириса Жо Ди Маггиога турмушга чиқди. Бироқ уларга узоқ вақт бирга бўлиш насиб этмади. Жо Ди Маггио Монрони телбаларча севар ва уни барчадан қизғанар эди. Рашк ўтида ёнган Маггио ўз аёлини бегона эркаклар билан турли киноларда турлича ролларни ижро этишидан қаттиқ ғазабланар ва баъзида Монрога қўл ҳам кўтариб юборар эди. Маггионинг қаттиқ рашки сабабли жуфтлик 1954 йилнинг октябрь ойида ажрашди. Лекин айрим маълумотларга кўра, улар 1955 йилгача пинҳона учрашиб юришган.

Эри билан ажрашган кино юлдузига тезда харидор ҳам топилди. Монро 1956 йил 29 июнда америкалик драматург ва ёзувчи Артур Миллерга турмушга чиқди. Бу янгилик газеталарнинг биринчи саҳифасида катта сарлавҳалар билан чоп этилди. Айрим газеталар эса жуфтликнинг устидан кулди. Шундан сўнг, актриса янги шартнома бўйича «Автобус бекати» комедия-драма фильмида суратга тушди. Фильм премьераси 1956 йил август ойида бўлди. Бу фильм 7 миллион доллар даромад келтирган ҳолда хит даражасига кўтарилди.

Мерилин Монро юлдуз бўлса-да, болаликдан қолган эски хотиралар уни тез-тез тушкунликка тушиб қолишига сабаб бўлган. Шу сабабли, кино юлдуз доим тинчлантирувчи дори истеъмол қилиб юрган.

Монро ва Кеннеди ўртасида нималар бўлган?

1961 йилда кино юлдуз Мерилин Монро АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди билан биринчи бор учрашди. Шундан сўнг, улар бир нечта тадбирларда учрашишди. 1962 йил 19 май куни президент туғилган кунида Монро сўзга чиқиб, Кеннедини табриклади. Бу ҳолат журналистларнинг назаридан четда қолмади. Тез орада матбуотда Мерилин Монро ва Жон Кеннеди ўртасидаги муносабатлар ҳақида турли миш-мишлар тарқалди. Худдики, улар бир-бири учун яратилгандек. Биринчиси мамлакатнинг энг гўзал аёли, иккинчиси эса мамлакатнинг биринчи одами эди. Лекин бу гап сўзлар Кеннедининг президентлик обрўсига катта путур етказиш учун фойдаланилган бўлиши мумкин.

Айрим маълумотларга кўра, актриса президентга хатлар ёзган ва тез-тез қўнғироқ қилиб турган. Бироқ актриса ва президент ўртасидаги муносабатлар ҳақида аниқ далиллар йўқ. 2000 йилларда Жозеф Кеннеди деган инсон ўзини Жон Кеннеди ва Мерилин Монронинг фарзанди эканлигини даъво қилди. Бироқ у ўзининг даъвосини исботлай олмаган.

Дунё гўзалининг сирли ўлими

1962 йилнинг 4 август кино юлдузининг сўнгги куни бўлди. У ўша кунни ўзининг Брентвуддаги уйида ўтказди. Монро тунда шахсий массаж терапевтидан массаж олди ва дўстлари билан телефонда гаплашди. Маълумотларга кўра, ўша куни эрталаб унинг уйида хизматчиси Юнис Мюррей ва публицист Патрисия Ньюкомб бўлган. Оқшом тушиши билан Ньюкомб уйига кетган. Тунги соат 3:00 да Монронинг уй бекаси Мюррей уйғониб кетди. Ўша вақтда унинг эътибори актриса ётган хонага тушди. Ётоқхонада ҳали ҳам чироқ ўчмаган эди. У эшикни тақиллатиб, ўз бекасидан хол аҳвол сўрайди. Аммо, ичкаридан унга жавоб келмади. Эшик эса қулфланган эди. Хавотирга туша бошлаган хизматкор актрисанинг шифокори Ральф Гринсонга қўнғироқ қилади. Шифокор Монронинг уйига келиб, эшикни очишга уриниб кўради. Эшикни оча олмаган Гринсон ташқаридан Монро ётган хонанинг деразасини синдириб, ичкарига киради. У хонада яланғоч ҳолатда, телефон трубкасини қаттиқ ушлаб, беҳуш ётган Монрога дуч келди. Афсуски, бу вақтда машҳур кино юлдузи абадий уйқунинг оғушида эди.

1962 йил 8 август куни Вествуд қабристонида Мерилин Монронинг дафн маросими бўлиб ўтди. Маросимга келган юз минглаб одамлар қабристон атрофидаги кўчаларни тўлдирди. Дафн маросимига актрисанинг собиқ турмуш ўртоқларидан фақат Жо Ди Маггио келди. Мерилин Монро Вествуд қабристонидаги 24-сонли қабрга дафн қилинди.

Халқаро юлдуз Мерилин Монронинг кутилмаганда вафот этиши АҚШ ва Европада резонанс берди. Газеталар ҳафталаб, ойлаб актрисанинг ўлими ҳақида ёзди. Ўнлаб ҳужжатли фильмлар ишланди. Америкалик ёзувчи Лоис Баннер ўша вақтларни эслаб шундай ёзган эди:

«Мерилин Монро вафотидан кейин Лос-Анжелесда ўз жонига қасд қилиш даражаси икки баравар кўпайди».

Мерилин Монронинг ўлими ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Бир гуруҳ буни қотиллик деб атаса, бошқалар дори дозасини ошириб юбориш оқибати, деб қарайди. Лекин экспертиза натижалари Мерилин Монрони дори ичиб, ўз жонига қасд қилганини тасдиқлаган.


Сардор Али 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг