Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Машҳур киноюлдуз ўлимининг жумбоғи

Машҳур киноюлдуз ўлимининг жумбоғи

Замондошлари томонидан «Асрнинг энг машҳур аё­ли» дея эъзозланган Мэрилин Монро ҳақида юз­лаб ки­тоблар чоп этилган. Монро санъаткор сифатида ўзи­ни тўлиқ намоён этишга ул­гурмаган бўл­са-да, илк қадамларидан мух­лислар таҳ­синига сазовор бўл­­ганди. Истеъдодли актриса ноёб ҳусну латофат со­ҳибаси эди. Унга жу­да кўп эркаклар, жум­ладан, маш­­ҳур шахслар ҳам ошиқи беқарор бўлишганди. Мэрилинни бир муддат бўлса-да тинч қўйишмасди. Актриса гўзал қадди қомат ва ҳуснга эга эди. Унинг фожиаси ҳам шу бўлди аслида...

Монро ўлимидан сўнг ёзилган китобларда муал­лиф­лар асосий эъти­борни унинг ака-ука Кеннедилар, Артур Мил­лер, Ив Монтан сингари таниқли сиймолар билан хуш­торлик муносабат­ларига қаратишганди. Фақат инг­лиз тадқиқотчиси Доналд Волфнинг китоби бундан мус­тас­но. Волфнинг асосий мақсади машҳур Мэрилин Монро ўз жонига қасд қилганми ёхуд ата­йин ўлдирилганми, де­ган саволга жавоб топиш эди.

Охир-оқибат муаллиф Монро ўлдирилган деган ху­ло­сага келган. Қуйидаги маълумотларга эътибор беринг:

Норма Жин (Мэрилин Монро) 1926 йилнинг 1 ию­ни­­да та­вал­­луд топган. Онаси Гэдис Монро Грейнмер Ҳол­­ливуд кино­лабораториясида хизмат қилган. Отаси Гиф­­форд ҳам шу лабораторияда ишлаган. Улар турмуш қу­ришмаганди.

Норманинг болалик йиллари жуда машаққатли кеч­ди. Қизалоқ аввалига руҳий касал бувисиникида, сўнг қўш­нисиникида яшади. Бу орада унинг онаси Жаспер Бей­кер исмли бир эркакка турмушга чиқади. Ўгай ота­­нинг Нормага муноса­бати яхши эмас эди. Шу боис уни Лос-Анжелесдаги етим­хо­нага топширишади.

Бўлажак актриса етимхонада икки йил яшайди. 16 ёши­да эса самолётсозлик заводида ишловчи Жим Догерти исм­ли йи­гитга турмушга чиқади. 1943 йилда эри кўн­гил­ли сифатида ҳа­рбий денгиз флотига ишга ўтгани са­бабли уларнинг муносабатлари барҳам топади. 1945 йил­нинг ёзидан Норма Жин фотомодель бўлиб ишлай бош­лайди. У ойига 10 доллардан ҳақ олар­ди. 1946 йилдан бошлаб кино оламига қадам қўйган мал­ласоч Норма Жин Мэ­­рилин Мон­ро номини олди. «Жаз­да фақат қизлар» фильми­даги муваф­фа­қиятидан сўнг шу исм билан бутун дунёга танилди. Президент Жон Кеннеди таваллуд кунига бағишлаб ўтказилган кат­та концертда куйлаган «Нарру Вirthdау, Мistеr Рrеsident»  қў­ши­ғи эса уни янада машҳур қилиб юборди.

«Ҳолливуд тимсоли, дилбар Мэрилин Монро якшан­ба ку­­ни фожиали тарзда ҳаётдан кўз юмди. У эндигина 36 ба­­ҳорни қаршилаган эди. Актрисанинг жонсиз танасини ётоқ­хо­наси­дан топишган. Эҳтимол, у ўз жонига қасд қил­ган­дир? Мэрилин телефон гўшагини ушлаган ҳолда жон берган. Ўрин­­диқдан эса уйқу дориси солинган бўш шишача то­пилган».

Аssosiated Press ахборот агентлигининг 1962 йил, 5 августда Мэрилин Мон­ро вафоти ҳақида тар­қат­ган дастлабки хабари мазмуни ана шундай эди.

Доналд Волф ўз текширувини Монронинг 36 йиллик умри давомида юз берган воқеалар асосида олиб борди. У актриса ҳалокати сабабини билиш мақсадида барча гувоҳлар билан суҳбатлашди. Монро ҳа­қида ўзигача ёзилган китобларни бирма-бир синчиклаб му­толаа қилди, ҳатто федерал текширув бюроси ва мар­ка­зий разведка бошқармаси тасарруф­идаги фойдаланиш мум­кин бўлган далилларни ҳам эъти­бордан четда қол­дир­мади.

Волф ўз ҳикоясини қуйидагича бош­лайди: «1962 йилнинг 5 августга ўтар кечаси, Брентвуд­даги (Лос-Анжелеснинг киборлар яшайдиган қисми) Елена кў­ча­сида жойлашган 12305-уйда хизматкор бўлиб иш­лов­чи Юнис Меррей хоним тахминан қоқ ярим тунда уйғониб, ҳо­­­жатхонага йўл олади. У уй соҳибаси Мэ­ри­лин Монро ётоқ­­хонаси ёнидан ўтаётиб, ётоқхона эшиги та­гида чи­роқ ну­рини кўриб қолади. Чи­роқ ўчирилмай қо­­либди деб ўйлайди ва эшикни оҳис­та тақил­ла­та­­ди. Бироқ ҳеч қандай жавоб бўлмайди. Эшик ичка­ри­дан қулф­ланган эди. Бундан ташвиш торт­ган хизмат­кор дарҳол Мон­ронинг шахсий шифокор-руҳшуноси Грин­сон­га қўнғироқ қи­ла­ди.

Врач уларга яқин жойда яшар­ди. Шу боис у ярим соат ўтар-ўтмас Мон­ронинг уйига етиб ке­ла­ди. У ҳам ётоқхона эшигини та­­қиллатиб кўра­ди. Жа­воб ололмагач, ҳовлига чиқиб, ётоқ­хона дераза­си­дан мў­ра­лайди. Мэрилин ўрнида қи­мир этмай ётар эди. Бун­дан хавотирланган Гринсон де­раза ойнасини син­­дириб, ич­карига ошиб тушади. Сўнг эшикни очади. У ётоқхонага кир­ган аёлга «Биз ундан жу­до бўлиб­миз», дей­ди.

Шундан кейин Грин­сон Монронинг шах­сий жарроҳи Эн­гел­бергга қўнғироқ қилиб, тезда етиб келишини сў­райди. Энгелберг ҳам бир зум­да келади. Шифо­кор­лар бир неча соатни ўзаро суҳ­батда ўтказадилар. Хизматкорни ча­қи­риб, син­ган ойна ўр­нига янгисини қўйишни бую­ри­ша­ди. Улар юз берган фа­локат ҳақида полицияга тонгги тўрт ярим­да хабар қилишади.

Монронинг уйига биринчи келган полициячи Жек Клем­монс эди. Айнан шу сержант Мэрилин ўлимига дахл­дор қатор жумбоқ ва ноаниқликлар мав­жудлигига эътиборни жалб қилган. Булар унга гувоҳлар билан суҳ­батлашиш ва ўлим со­дир бўлган жой билан танишиш пайтида маълум бўлган. Кундузи сержантнинг хизмат муд­дати тугаб, ўр­ни­га бошқа полициячи келган. Бу вақтда Монронинг уйи оммавий ахборот воситалари ходимлари қур­шовида қолган эди.

Мэрилин Монро ўлими қай тарзда содир бўлганини Ж.Клем­монсдан кейин полициячилар, врачлар, журна­лист­­лар ва ҳатто оддий ишқибозлар ҳам текширганлар. Аммо жумбоқлар кўпайса-кўпай­ган­ки, асло ка­май­маган. Улардан айримларини кел­ти­риб ўтсак: хизматкор Юнис Мер­рей ётоқхона эшиги тагида чи­роқ нурини кўриши мум­кин эмасди. Фожиадан бир неча кун аввал Монронинг ётоқхонаси по­лига тўшалган қалин ги­лам эшик тагини буткул ёпиб ту­рарди. Меррей 1975 йил­­да нашр қилдирган китобида: «Балиқ буржида туғил­ганим учун телепатик қобилиятга эгаман, шу боис мен нурни кўрмаган бўлсам-да, хонада чироқ ёниқ тур­га­нини сезганман» , деб ёзганди. Аммо уй тархидан аниқ маълумки, Меррей ҳожатхона томонга бека­нинг ётоқ­хонаси ёнидан умуман ўта олмас эди.

Яна бир ноаниқлик: Шифокорлар Мэрилинни қут­қа­риб қо­лиш учун ҳеч нима қилишмаган. Улар­нинг юз берган ҳалокат ҳақида полицияга қарийб тўрт соатдан кейин хабар қилиш­гани сабаби эса мав­ҳум­лигича қолган. Шифокорлар, биз ўзаро гаплашию тургандик, де­йишган, лекин суҳбат мавзусини ошкор қилишдан бош торт­ишган­.

Расмий маълумотларда айтилишича, Мэрилин... 50 дона уйқу дорисини ютган. Аммо шунча ҳапдорини сув­сиз ютиш мумкин эмас! Ҳалокат содир бўлган жой­­дан сув ича­диган идиш топилмаган. Ваннахонада ҳам сув йўқ эди. Уйда таъмирлаш ишлари олиб бори­ла­ётгани боис сув беркитиб қўйилганди.

Мэрилиннинг ўлими олдидан телефонда ким билан гап­­лаш­гани ҳам номаълум. Телефон станцияси томо­нидан ёзиб олинган суҳбат матнлари мусодара қи­линган. Бу ишни мансабдор шахслар бажаришган экан.

Актриса жасадининг кўриниши ҳам шубҳа уйғотар эди. Мон­ро юзи ўриндиққа туташ ҳолатда ётар, оёқлари узатилган ва ёндош қўйилганди. Қўллари икки ёнбошига ёпи­шиб турарди. Кўп ичилган уйқу дориси эса бош­қача манзара пайдо қилади! Бутун гавда дори таъсирида чан­гак бўлиб қо­лади. Шифокорлар, тана ҳолатини ўз­гар­­тирган эмасмиз, дейишган. Бундан ташқари, кўп миқ­дор­даги уйқу дориси одамни қустиради. Монрода эса бун­дай ҳолат кузатилмаган.

Текширув чоғида ҳам кўпгина ажабтовур ишлар со­дир бўлди. Токсикология лабораториясида Монро мур­да­сидан олин­ган суюқлик йўқолган. Айрим гувоҳлар кўр­сатма бериш учун... умуман чақирилмаган. Гувоҳлик кўр­сатмалари ёзилган бир қанча қоғозлар йўқотилган. Энг муҳим ашёвий далил − Монро кундалиги ҳам изсиз кетган. «Ўлим китоби» деб номланган бу «тилсим», айрим манбалардан маълум бўлишича, бугун Лос-Анжелес полицияси уюшган жиноят­чи­ликка қарши кураш бўлимининг махфий архивида сақланар экан. Кундалик билан танишганларнинг айтишича, унда Мон­ро ва Роберт Кеннеди ўртасида турли мавзуларда бў­­либ ўтган суҳбатларга доир ёзувлар бўлган.

Хўш, Мэрилин Мон­ро ўлими қандай содир бўлган? Китоб муаллифи Волф фикрича, компьютер техникаси ёрдамида ўтказилган янги токсикологик ташхис хуло­са­си шуни тасдиқ­ладики, ўлимга олиб келган миқдор­да­ги уйқу дориси Мэри­лин танасига вена орқали юбо­рилган, у ҳеч қандай ҳапдори ютган эмас

Актриса 4 август куни кечқурун телефонда Хосе Боланос билан гаплашган. Алоқа бирдан узилиб қолган. Сўнгра ярим соат ўтар-ўтмас, Монро Питер Лоуфорд билан гаплашган. Бу унинг ҳаётидаги сўнгги қўнғироқ эди. Сўзлашув чоғида Монро ҳушидан кетган ва телефон гўшаги унинг қў­лида қолган. Мана шу икки сўзлашув ора­лиғидаги ярим со­ат­лик фурсатда унга укол қи­лишган. Бу пайтда Монронинг ётоқ­хонасида Роберт Кеннеди бўлган. Улар жанжаллашиб қолишган. Роберт ундан ниманидир талаб қилган, эвазига пул ҳам бер­моқ­чи бўлган. Бироқ Мэрилин рад эт­ган. Робертдан дарҳол кетишини, уни буткул унутишини сўраган. Жанжалдан сўнг Р.Кеннеди уйни тарк этган. Мэрилин Монро эса тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатда қолаверган...

Бу сирли ўлим хусусида Доналд Волф тах­ми­ний хулосага келади. Монро ўлимидан ярим соат олдин унинг уйига АҚШ президенти Жон Кен­не­дининг укаси Ро­берт Кеннеди келган. Унга икки эркак ҳамроҳлик қилган. Хавфсизлик хизмати соқчилари бўл­ган бу кимсалар Р.Кен­недининг хос соқчилари эди. Мэрилин Монро томирига ўлим дорисини шулар юборишган. Бироқ, афсус­ки, уларнинг исм-фамилиясини Д.Волф аниқлай олмаган. Шу тарзда бу ўлим яна сирлилигича қолаверди.

Иззат Аҳмедов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг