«Китоб ўрнини смартфон эгаллашига йўл қўйиб бўлмайди» – Тўқаев
Қозоғистонда амалга татбиқ этиладиган «Болалар кутубхонаси» деб номланган янги дастур доирасида болалар учун турли жанрдаги китоблар кўпайтирилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 17 июнь куни Туркистонда бўлиб ўтган иккинчи миллий қурултойдаги чиқишида гапирган.
«Мафкуравий жабҳада китоб ноширлиги муҳим йўналишлардан бири саналади. Сир эмас, Қозоғистон бозорида хориж маҳсулоти етакчи ўрин тутади – бадиий адабиётнинг қарийб 90 фоизи чет элдан келтирилади. Бу тенденция қандай оқибатга олиб келишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Мамлакатимизнинг ўзига хослигини акс эттирувчи ва миллий манфаатларимизга мос келадиган китобларни кўпроқ чоп этиш ўта муҳим. Болалар учун китоб ўрнини смартфон эгаллашига йўл қўйиб бўлмайди», – деган Қозоғистон президенти.
Қайд этилишича, Қозоғистондаги мактаб кутубхоналарида 130 миллион китоб мавжуд, аммо улар орасида бадиий адабиёт улуши камроқ.
«Сирасини айтганда, фақат китобхон миллатгина чинакам интеллектуал босқичга кўтарила олади. Биз ўсиб келаётган авлодда китоб мутолаасига қизиқишни оширишимиз керак. Бу, айниқса, ижтимоий тармоқлар замонида ўта мушкул вазифа эканини биламан. Аммо бу масала билан шуғулланмасак бўлмайди, бошқа йўл ҳам йўқ! » – деб таъкидлаган Қ.Тўқаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter