Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Германия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келади

 Германия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келади

Фото: dpa

Германия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эртага, 30 октябрь куни Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонга уч кунлик ташрифини бошлайди. Бу ҳақда DW олмон ташқи  сиёсат маҳкамасига таяниб хабар берди.

Қозоғистон пойтахти Остонада Анналена Бербок ҳамкасби Мухтор Тлеуберди билан музокара ўтказади.

Тошкентда Германия ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари ўртасида учрашув ташкил этилади. Берлин делегацияси олмон-ўзбек таълим марказига ҳам ташриф буюради. Сафар давомида Анналена Бербок Самарқанддаги Германия кўмагида жиҳозланган ирригация тизими билан танишади.  

Германия ташқи ишлар вазирига энергетика ҳамда инфратузилма соҳалари бўйича мутахассислар ҳамроҳлик қилади.

Бербок хоним Қозоғистон ва Ўзбекистон сафаридан «Катта еттилик» давлатлари ташқи ишлар вазирлари анжуманига йўл олади. Германиянинг Мюнстер шаҳрида ўтадиган машваратда Украина–Россия уруши, Хитой ҳамда Эрон билан муносабатлар каби долзарб масалалар қаторида Марказий Осиё мамлакатлари билан мулоқотни кенгайтириш мавзуси ҳам муҳокама этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 30 август куни Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Германия ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Ҳайко Маас учрашган. Ўшанда Ҳайко Маас Ўзбекистон томонига Афғонистондан Германия ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг эвакуациясини ташкиллаштиришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон ТИВга кўра,  Германия билан алоқалар кўп қиррали ва анъанавий равишда ривожланган бўлиб, ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олади. Мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот олий ва юқори даражаларда йўлга қўйилган, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг