Еврокомиссия раҳбари Украина урушига барҳам бериш шартини айтди
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Украина таклиф этаётган «Тинчлик формуласи» урушни тўхтатишнинг асосий шарти эканини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни уни қўллаб-қувватлашга ундади.
Исландия пойтахти Рейкьявик шаҳрида ўтаётган Европа кенгаши саммитида нутқ сўзлаган Урсула фон дер Ляйен Украина қанча керак бўлса, шунча вақт давомида дастакланишини ҳам урғулади.
«Бугун Европага уруш яна қайтди. Аммо кўплаб украиналиклар учун бу зиддият ўн йил аввал бошланган эди. Ҳаммаси Майдонда Европа байроғини ҳилпиратаётган тинч намойишчилар мерганлар томонидан отилган вақтдан бошланган эди. Ҳаммаси Россия 2014 йилда илк бор Қрим ва Донбассга бостириб кирганидан бошланган эди», – деди Еврокомиссия раҳбари.
Таъкидланишича, Россиянинг Украинага бостириб киргани асосий сабаби шундаки, президент Владимир Путин демократиядан қўрқади. Шунга кўра Украинадаги урушни қадриятлар уруши деб аташ тўғри бўлади.
«Украина биз ишонган ва ардоқлаган қадриятлар учун курашмоқда... Россия демократияга қарши курашаётган бир пайтда Европа бирлашган ҳолда Украинани қўллаб-қувватламоқда. Зеро, бу – бизнинг мажбуриятимиз. Украина халқи ҳақли равишда Россияни ҳарбий жиноятлари учун жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Тураржойларнинг ўққа тутилиши, шафқатсиз қатллар, оилалардан болаларнинг ўғирланиши... 19 мингдан зиёд бола ўз оиласидан олиб қочиб кетилган», – дея уруш манзараларига чизги берди европалик юқори мартабали сиёсатчи.
Исландия саммити давомида айнан ҳарбий жиноятчиларни жазога тортиш масаласига эътибор қаратилиши муҳим, деб ҳисоблайди Фон дер Ляйен хоним. Чунки адолат тамойили шуни талаб этади. Қолаверса, жиноий жавобгарлик россиялик ҳарбийларни янги жиноятлардан тўсади.
«Биз Украина тинчликка, адолатли тинчликка эришмоғи учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Ва биз Украина борасида Украина иштирокисиз қарор қабул қилмаймиз. Украина таклиф этган «Тинчлик формуласи»ни қатъий қўллаб-қувватлаётганимиз сабаби ҳам шу», – дея хулоса қилди Европа комиссияси президенти.
Президент Владимир Зеленский таклиф этаётган «Тинчлик формуласи»да урушни дарҳол тўхтатиш, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан рус қўшинини олиб чиқиш, ҳарбий жиноятчиларни жазолаш, шунингдек, мамлакат хавфсизлигини ҳар жиҳатдан кафолатлаш белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter