«Ever Given» тергов ҳаракатлари тугагунича ушлаб турилади
Сувайш каналининг блокланишига сабаб бўлган «Ever Given» контейнер ташувчи кемаси тергов ҳаракатлари тугагунига қадар ушлаб турилади. Бу ҳақда «Al-Arabiya» телеканали раҳбари Осама Рабияга таяниб Мир24 маълум қилди.
«Тергов тугагунига қадар кема шу ерда қолади», деб таъкидлади расмий.
Хабарларга кўра, воқеа бўйича расмий тергов 31 март куни бошланган. Тергов раҳбари Сейид Шайшининг сўзларига кўра, «Ever Given» сардори кема қирғоққа чиқиб қолишидан олдин канал маъмуриятининг кўрсатмаларига амал қилган-қилмаганлигини аниқлаш керак бўлади. Ишни кўриб чиқиш икки йил давом этиши мумкин.
«Биз кемада қандай ускуналар бўлганлигини ва унинг тўғри жойлаштирилганлигини тўлиқ аниқлашимиз керак. Экипажнинг тергов билан ҳамкорлик қилишдан ва барча маълумотларни тақдим этишдан бош тортиши фуқаролик ишининг очилишига олиб келади. Бу кема ва унинг таркибини мусодара қилишга сабаб бўлиши мумкин», – дея тушунтиради Шейши.
Ўз навбатида, контейнер кемасига эгалик қилувчи Япониянинг Shohei Kisen компанияси авариянинг сабабларини айтишдан бош тортган. Бу ҳолатга юқори тезлик ва каналдан ўтишда юзага келиши мумкин бўлган бошқа хатолар сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, компания суд томонидан юклар кечиктирилганлиги сабабли зарарни қоплаш даъволари тўғрисида ҳеч қандай сўров ёки хабарнома олмаганлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 23 март куни 220 минг тонна ва 400 метр узунликдаги «Ever Given» контейнер кемаси қуруқликка тушиб Сувайш каналини тўсиб қўйди. Кемани қуруқликдан тортиб олиш учун олти кун керак бўлди. Бу вақт ичида каналдан ўтиш учун 400 дан ортиқ кема йўл очилишини кутиб қолди.
Сувайш канали блокдан чиқарилгандан буён у орқали 284 та кема ўтган. Канал маъмурияти 2 апрелга қадар нормал тирбандликни тўлиқ тиклашга ваъда бермоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter