Эрдўғон сайловда ютса, конституцияни ўзгартиради
Ражаб Тоййиб Эрдўғон янги муддатга қайта сайланган тақдирда Туркиянинг янги конституциясини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у TRT Haber телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.
«Бизнинг энг катта орзуимиз – халқ хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда мамлакатимизни янги Конституция сари етаклашдир. Бу янги даврда асосий мақсадлардан бири бўлади. Биз демократиямизни давлат тўнтариши маҳсули бўлган амалдаги конституциядан қутқармоқчимиз», — деди Эрдўғон.
Туркиянинг амалдаги президенти, аввало, партия ичида конституция бўйича ўзгаришлар баҳоланишини, шундан сўнг аниқ қадамлар белгиланишини таъкидлади.
Эрдўғоннинг фикрича, сайловнинг иккинчи босқичида ғалаба қозонган тақдирда «Туркия келажакка бутунлай бошқача назар билан қарай бошлайди», рақиблари эса «сиёсий мурдага» айланади.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда 14 май куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг якуний натижасига кўра номзодлардан ҳеч бири 50 фоиздан ошиқ овоз тўпламагани сабабли иккинчи тур сайловлари 28 май куни бўлиб ўтиши белгиланган.
Иккинчи турда амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга мухолифатчи Камол Қиличдорўғли қаршилик кўрсатади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter