Энг бой давлат раҳбари 40 йилки битта портфелга қаноат қилиб келади
Германия канцлери Олаф Шольцнинг портфели аллақачон ҳазил-мутойибалар учун мавзуга айланган. Гап шундаки, 65 ёшли сиёсатчи қадрдон буюмини оз эмас, нақд қирқ йўлдан буён тутиб келади.
«Bree» фирмаси ишлаб чиқарган, «Times 16» русумли қора портфелни Олаф Шольц 1980-йилларда Ҳамбург шаҳрида ҳуқуқшунос ёрдамчиси бўлиб ишлаган кезларда 890 маркага сотиб олган. Ўшандан буён дунёда тузумлар ўзгарди, Совет Иттифоқи деган давлат жаҳон харитасидан ғойиб бўлди, Шарқий ва Ғарбий Германия бирлашди, ҳатто «Bree» ширкати касодга учради. Аммо Олаф Шольцнинг портфели ўзгармади!
Ўз даврида пўримгина бўлган портфель хўжайини билан қаерларда бўлмаган дейсиз! Украинада уруш бошланган 2022 йилда бу матоҳ қизиқарли дипломатик ҳолатга ҳам сабаб бўлган. Киевга келган юқори мартабали меҳмонни Украина президенти Владимир Зеленский қизил пойандозда қаршилайди. Германия канцлерининг қўлидаги каттагина сумкани кўриб, мезбонлар ҳайратини яшира олмайди. Украиналик ҳамкасби билан расмий салом-алик маросимида ҳам олмон раҳбари қадрдон ҳамроҳини қўлидан қўймайди.
«Кундек равшанки, мен портфелимга жуда ҳам боғланиб қолганман. Кўтаришга қулай, бунинг устига, ҳамма нарса сиғиб кетади. Айрим ҳамкасбларим эскириб кетган деб ҳисоблайди. Мен эса уни вақт ўтган сари қадри ошадиган антиқавор деб биламан», – дейди Олаф Шольцнинг ўзи.
Хўш, дунёдаги энг қудратли давлатлардан бирининг етакчиси бу ажабтовур сумкада нималарни олиб юради?
«Одамлар портфелингизда қандай сирли нарсалар олиб юрасиз деб кўп сўрайди. Очиғи, уларни сирли дея олмайман: мутолаа учун кўзойнак, кундалик газеталар ва албатта ҳужжатлар», – дейди канцлер.
Сиёсатчининг ҳаёт йўли ҳақида китоб ёзган Ларс Ҳайдернинг қайд этишича, Шольц сумка олд чўнтагида Германия социал-демократик партиясига аъзолик гувоҳномасини ҳам олиб юради.
Айни пайтда Фридрих Эберт номидаги жамғарма ҳамда ГФР тарихи музейи афсонавий портфелга эга чиқиш орзусида. Ҳар йили 850 минг киши ташриф буюрадиган ГФР тарихи музейида собиқ канцлерлар Ҳельмут Колнинг кардигани, Ангела Меркелнинг эски уяли телефони сақланади. Аммо музей маъмуриятининг сўровлари ҳозирча жавобсиз қолмоқда: Шольц бутун сиёсий карьераси давомида унга йўлдош бўлган портфелдан ҳали-вери воз кечмоқчи эмас.
Маълумот ўрнида, Германия ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда тўртинчи мамлакат саналади. Олмон давлатининг йиллик ЯИМ 4 триллион доллардан ошади. Канцлер Шольцнинг ойлик маоши эса 30 минг еврони ташкил этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter