Элчи: «Россия ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар деярли ўлик ҳолда...»
Россия ва Буюк Британия ўртасидаги сиёсий муносабатлар «деярли ўлик ҳолга келди», деди Россиянинг Лондондаги элчиси Андрей Келин LBC телеканалига берган интервюсида.
Дипломат Совуқ уруш даврлари ҳақида сўзлаб, «СССР ва Буюк Британия мафкуравий сабабларга кўра душман бўлган. Бироқ, энди Москва ва Лондон ўртасида мафкура борасида ҳеч қандай фарқ йўқ», деб таъкидлаган. Шунинг сабабли Келин Москва ҳамда Буюк Британиянинг бундай муносабатини тушунмаслигини таъкидлаган.
«Буюк Британия ҳукумати ўзаро муносабатларимизнинг аксарият тармоқларини тўхтатди, фақат иқтисодий алоқалар ва маданий соҳадаги алоқалар сақланиб қолди. Аммо сиёсий соҳада алоқалар деярли ўлик», деди у.
Келин Россияни 13 маротаба таҳдид солувчи мамлакат сифатида тилга олингани, маъруза муаллифлари эса бунинг учун бирон бир далил ёки изоҳ бермагани ҳақида ҳам айтиб ўтган.
Элчи, шунингдек, Хитой билан биргаликда Россиянинг Буюк Британиядаги «маданий экспансия» билан боғлиқ таҳдидда айбланаётганидан ҳайратда эканини билдирган.
Келиннинг сўзларига кўра, Россия Буюк Британияга бир неча бор кибер масалалар бўйича мулоқот қилишни таклиф қилган, аммо Лондон бунга сира жавоб бермаган. Шунингдек, кўтарилган барча масалалар, жумладан, 2018 йилда Сергей ва Юлия Скрипалларнинг заҳарланиши билан боғлиқ воқеаларни Россия томони батафсил муҳокама қилишга тайёр эди.
Буюк Британия ҳукумати 16 март куни Хитойни дунёдаги асосий геосиёсий таҳдид деб атаб, Россиядан келаётган таҳдидларнинг «тўлиқ спектри» га қарши фаол кураш олиб боришга қарор қилганини айтиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Россия ва Ғарб муносабатларидаги таранглик сақланиб қолмоқда. Сўнгги кунларда юз берган Байден-Путин даҳанаки баҳси ҳам буни тасдиқлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter