Дунёдаги энг йирик сайёҳлик кемасида ёнғин чиқди
Дунёдаги энг йирик сайёҳлик кемаси — Icon of the Seas Мексиканинг Коста-Майя портида турган пайти ёнғин чиқди, дея хабар берди Royal Caribbean Cruises. Кема 25 июн куни портга келиб тўхтаганди.
Кейинроқ кема бортида электр таъминоти узилиб қолган.
«Кемада ёнғин содир бўлиб, электр қисқа муддатга ўчганини Royal Caribbean Group вакили тасдиқлади. Бироқ барча хавфсизлик чоралари кўрилиб, ёнғин тезда ўчирилган», — дейилади Royal Caribbean blog портали хабарида.
Ёнғин чиққанида кема бортида йўловчилар ва кема экипажи бўлган, жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ. Кемада ток йўқолиши бир соатгача давом этган, унинг айрим жойларида электр таъминоти 20 дақиқа ичида тикланган.
«Бу сўнгги пайтларда Icon of the Seas бортида электрнинг иккинчи марта узилиши. 19 май куни, кема денгизда пайти ҳам электр узилиб қолганди», — дейилади Cruise Hive хабарида.
Ҳодисага гувоҳ бўлганлар ижтимоий тармоқларда ўзлари олган видеотасвирларни тарқатишмоқда, уларнинг бирида кема минораларидан биридан тутун чиқаётганини кўриш мумкин.
Яқинда ушбу кеманинг бир йўловчиси сувга тушиб кетиб ҳалок бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter