Болтиқбўйи давлатлари президент Путиннинг янги фармонидан дарғазаб бўлди
Болтиқбўйи давлатлари СССР даврида миллий озодлик учун курашган гуруҳларнинг «яширин тўдалар» дея талқин этилганидан дарғазаб бўлди.
Жорий йил 2 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин Иккинчи жаҳон урушидан кейин Болтиқбўйи мамлакатлари, Беларусь ҳамда Украинада совет ҳукуматига қарши яширин кураш олиб борган «яширин тўда»ларга қарши курашган КГБ ҳамда НКВД ходимларини моддий рағбатлантириш ҳақидаги фармонни имзолади.
Ушбу ҳужжатда озодлик ҳаракати вакилларига қарши курашган махсус хизмат ҳамда ички ишлар ходимлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган.
Хабарларга кўра, бу борада Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва бошқа кучишлатар тизим етакчилари президентга таклиф билан чиққан.
Болтиқбўйи давлатлари расмий Москванинг ушбу қарорини кескин танқид қилди.
Латвия, Литва ҳамда Эстониядаги миллий озодлик ҳаракати вакиллари мустақил республикаларни тиклаш йўлида шўро ҳукуматига қарши кураш олиб борган. Ушбу партизанлик ҳаракати ўтган асрнинг 50-йилларига қадар давом этган.
Манбаларга кўра, шўро бошқарувига қарши ҳар бир республикада ўн мингдан бир неча юз минггача партизан кураш олиб борган. Болтиқбўйи давлатлари аксилшўро ҳаракати вакилларини қаҳрамон деб ҳисоблайди ва уларга бир қатор ижтимоий имтиёзлар берилган. Уларга қарши курашган шўро идоралари ходимлари эса агрессорлар дея талқин қилинади.
«Латвияда Иккинчи жаҳон урушидан кейин, ўн йил давом этган қаршилик ҳаракати мобайнида демократик Латвия давлати ҳимоячилари босқинчи Сталин ҳукуматининг қатағон органларига қарши қонли ва нотенг кураш олиб борди», – дейилади Латвия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Латвия совет қатағон идоралари хатти-ҳаракатини инсониятга қарши жиноят деб ҳисоблайди. ТИВга кўра, қатағон идораларининг собиқ ходимларига пул мукофотлари тайинланиши Сталин даври жиноятларини оқлашга қаратилган галдаги уринишдир.
Айни чоқда, расмий Рига Кремлни сталинча қарашлардан буткул воз кечишга чақирган.
«Иккинчи жаҳон уруши даврида совет оккупацияси Литва аҳолисини оммавий равишда қатағон қилди. Энди эса президент В.Путин ушбу қатағон ижрочиларини «мукофотлашга» уринмоқда», – дейилади Литва ТИВ баёнотида.
Литва ҳукумати расмий Москванинг ушбу қарорини нафақат сталинизм жиноятларини оқлаш, балки фашизмга қарши курашган қаҳрамонлар хизматини камситиш деб баҳолаган.
Эстония ТИВ ҳам фармонни можароли деб атаган.
«Бу Россиянинг сиёсий мақсадларни кўзлаб, янглиш тарихий талқинларни кенг ёйиш йўлидаги навбатдаги саъй-ҳаракатидир. Бунга қадар Молотов- Риббентроп пакти ҳамда унга илова этилган махфий баённомани оқлаш учун кўп уринишлар кузатилган эди», – дейилади Эстония ТИВ баёнотида.
Россия Давлат думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раиси Александр Хинштейн эса президент Путин томонидан имзоланган фармонни адолатли қарор деб атаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter