Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Бирлашган Ирландия орзуси ёхуд битта миллат — иккита мамлакат

Бирлашган Ирландия орзуси ёхуд битта миллат — иккита мамлакат

Шимолий Ирландия ва Ирландия Республика ўртасида 500 км.лик чегара ирландларни икки мамлакатга ажратиб турибди. Тиканли симлар, қуролли аскарлар, чувалашиб кетган йўллар неча вақтлардан буён бир миллат икки мамлакатга бўлиниб яшашига гувоҳи бўлиб келмоқда: Қўшма Қиролликнинг «тенг ҳуқуқли» аъзоси ва «жанубдаги қариндош»...

Сиёсий зиддиятлар тобора кучайиб бораётган вақтда энг катта муаммолардан бири чегара масаласи бўлиб қолмоқда. Гарчи айрим чегаралар тиканли симлар ва миналардан тозаланаётган бўлса ҳам, аслида кайфиятдаги тафовутлар чегарани белгилаб беради. Бугунгача ирландларда авлодлар алмашинуви шу тарзда кечмоқда. Жанубдаги республикачи католиклар шимолдаги протестантлар билан келиша олмади. Натижасини эса кўриб турибмиз...

Ирландиянинг бўлиниши
Буюк Британия азал-азалдан Ирландия оролига кўз тикиб келган. Ирландлар масаласи инглиз сиёсатдонларининг доимий бош оғриғи эди. Биринчи жаҳон урушидаги ички тинчликка эришишга бўлган интилишгина ирландларга ўзини-ўзи бошқариш ҳуқуқи берилишига сабаб бўлди. Шундан сўнг ирланд халқининг мустақиллик томон интилиши бошланди. Бироқ протестант ирландлар жанубдаги қондошлари билан бирга бўлишни истамади. Натижада 1921 йилнинг 3 майида Ирландия ҳукумати актига биноан миллат иккига ажралиб кетди. Британларга қўшилиб кетган ирландлар ўз мамлакатини Шимолий Ирландия деб атай бошлашди. Оролликлар эса ўзларини Жанубий Ирландия эмас, балки Ирландия Республикаси деб номлашди.

«Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!»
1920 йилдаги актга кўра Буюк Британия ўз сарҳадларида Ирландия номи остида иккита, ўзини-ўзи бошқарадиган ҳудудни яратишни мўлжаллаган эди. Албатта, инглизлар кейинчалик Ирландияни бирлаштиришни ҳам эътибордан соқит қилишмаган, аммо Ирландия мустақиллик уруши (1919—1921 йиллар) ва Англия-Ирландия шартномасидан сўнг «Зумрад орол»нинг жануби ва ғарбий қисми озод давлатга айланди, Шимолий Ирландия эса Қўшма Қиролликда қолишга қарор қилди.

«Бирлашган Ирландия орзуси» ёхуд бир асрдан сўнг эришилган ғалаба
Бирлашган Ирландия ғояси бугун пайдо бўлиб қолган орзу эмас. Орол бўлинганидан деярли бир аср ўтгач, бирлашиш муҳим масала сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Ирландия Республикасининг «Шинн Фейн» («Биз ўзимиз») партияси «шимоллик қардошлар» билан бирлашиш мақсадида 2025 йилгача Ирландия бирлиги учун овоз беришга чақирди. Мутахассислар бунга қисман Буюк Британия жорий йилнинг 31 январь куни расмий равишда Евроиттифоқдан чиқиб кетаётгани сабаб бўлганлигини тахмин қилишмоқда. Буюк Британиянинг ЕИ билан ажралиши бирлашиш жараёнини янада олдинга суриб юборди. Бу аввалгидек орзу эмас, балки жануб учун ҳам, шимол учун ҳам заруриятга айланиб қолди. Истак бўлса, имкон топилар деганларидек, Ирландия Республикасининг миллатчи партияси — «Шинн Фейн»нинг 7 февраль куни бўлиб ўтган ҳукуматга сайловларда «кетмони учгани»га нима дейсиз? Партия жорий сайловларда энг кўп овоз тўплаб, деярли бир аср давомида бошқариб келган икки марказий — ўнг партиянинг устуворлигига барҳам бера олди.

Ирландия Республикаси ва Буюк Британиянинг Шимолий Ирландия минтақасини бирлаштириш учун кураш олиб борган «Шинн Фейн» биринчи имтиёзли овозларнинг 24,5 фоизини қўлга киритди — бу 2016 йилдаги овоз улушидан 10,7 фоизга кўп дегани.

Гарчи шинн-фейнчилар 160 кишилик парламентда «бир ҳовуч» бўлса ҳам, аллақачон Ирландия бирлиги масаласини кун тартибига қайтара олди.

Ирландлар британми, британлар ирландми?
Ирландия оролининг бўлинишини шимоллик ирландлар исташганди. Бироқ ўша ҳудудда асосан британияликлар яшаганини ҳам истисно қилмаслик керак. Бўлиниш эса, кутилмаганда, кескин зиддиятларни келтириб чиқарди. Натижада ирландлар ўртасида фуқаролар уруши (1922 йил июнидан 1923 йил майигача) келиб чиқди. Буни балки фуқаролар уруш деб аташ нотўғри бўлар. Чунки, яна такрорлаймиз, Британия билан қолишни истаган аҳолининг катта қисмини Ирландиянинг шимолида яшовчи британлар ташкил этарди.

Шимолий Ирландияда 1960-йилларнинг охирларида бошланган 30 йиллик мазҳаблараро низо натижасида 3 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди ва минглаб одамлар жароҳатланди. Католик ва протестантлик мазҳабига мансублик бир миллатни иккига ажратиб юборди. АҚШ сенатори Жорж Митчел ташаббуси билан 1998 йилда «Хайрли Жума» тинчлик битимининг имзоланиши минтақада нисбатан осойишталикни ўрнатди.

«Хайрли Жума» тинчлик битимига асосан шимолий ирландиялик шахсни аниқлашнинг долзарб масаласини ҳал қилиш учун мамлакатда туғилган ҳар ким Ирландия ёки Британия фуқаролигини ё иккаласини ҳам танлаши мумкин деган бандни ўз ичига олар эди. Бугун ирланд халқи бир-биридан тил, дунёқараш жиҳатдан ҳам узоқлашиб кетган. Хўш, ирландлар британми, британлар ирландми?

«Брексит» ирландлар масаласини қандай мураккаблаштирди?
Буюк Британиянинг Европа иттифоқини тарк этиши «кул босган орзулар»ни алангалатиб юборди. 2016 йилда ЕИни тарк этиш бўйича ўтказилган референдумда Шимолий Ирландиянинг катта қисми Евроиттифоқ билан қолишни маъқул кўрди. Буюк Британия сиёсатчилари эса иттифоқни тарк этишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаверди. Британия Бош вазири Борис Жонсон ЕИни тарк этиш Шимолий Ирландияни йўқотишга сабаб бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган бўлиши керак. Акс ҳолда, британ иқтисоди янада чуқурроқ инқирозга юз тутади.

Референдумда ЕИ таркибида қолишни Шимолий Ирландияда яшовчиларнинг 56 фоиз ёқлаб овоз берди. Бу эса кўпчиликнинг «пайтавасига қурт туширди». Ўшандан бошлаб Буюк Британия ва Шимолий Ирландия фуқаролик паспортидан кўра, Ирландия паспортига мурожаат қилувчилар сони сезиларли даражада ошиб кетди. Бирлашиш учун дастлабки қадамлар шундан бошланди. ЕИ билан ҳамкорлик Шимолий Ирландиянинг молиявий ёрдам олиб туришини таъминларди, зарур инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишида бебаҳо роль ўйнарди ва Европа билан савдо-сотиқ ортидан минтақа иқтисодиётига ижобий туртки берарди.

Ирланд ҳукумати музокаралар давомида Шимолий Ирландияда кўпчилик расмий Лондон «Брексит»нинг минтақага, айниқса чегара ҳудудларига таъсирини ҳисобга олмаяпти, деган фикрда эди. Буни Шимолий Ирландиядаги «Шинн Фейн» вакиллари шундай изоҳладилар: «Ирландия манфаати ҳеч қачон Вестминстерга хизмат қилмаган ва қилмаслиги ҳам керак».

Британ сиёсатчилари ўзлари Шимолий Ирландияни ғоявий жиҳатдан узоқлаштириб қўйишди. «Брексит» ирландларни бирлаштириш учун учқун мисоли бўлиши мумкин.

Бирлашиш учун ички интилиш қандай?
Бугунги кунда бирлашиш учун овоз барча нарса маромига етиб бормоқда: Ирландиянинг миллатчи партияси «Шинн Фейн» парламентда энг кўп овоз олди, «Брексит» мувоффақиятли тугади — баъзилар бирлашишни муқаррар деб билишади. Энг муҳим жиҳат бу — шинн фейнчиларнинг референдумига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин. Февралнинг бошидаги сайловдаги муваффақият оммавий сўров ўтказиш учун етарли бўлади.

«Референдум яқинлашмоқда, — деди Ирландия мухолифат партияси («Фианна Файл» партияси)дан сенатор Марк Дейли, — Ирландиянинг бирлашиш тарихи ҳали ёзилмаган. Аммо у кейинги 10 йил ичида ёзилади».

«Брексит»дан кейин қаттиқ тартибда божхона ставкаларининг ўрнатилиши логистика муаммосини авж олдириши ва наинки Шимолий Ирландия, балки Ирландия Республикасига ҳам ниҳоятда катта зарар бўлади.

Буюк Британия ва Ирландия Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиши (1973 йил) аслини олганда иккита оролнинг фаровон турмуш яратишларига замин яратганди.

Тинчлик билан бирлашиш йўли Ирландия конституциясида белгиланган ва принципиал жиҳатдан барча томонлар буни қўллаб-қувватламоқда. Агар Шимолий Ирландия қачондир Ирландия билан бирлашишга овоз берса, у автоматик равишда ЕИ таркибига кириши керак бўлади. ЕИга яна бир аъзонинг нақдлиги бошқа аъзоларга Британиядан «қасос» олишига имкон яратиши ва бирлаштириш жараёнини тезлаштириши мумкин.

Қай бири бойроқ: шимол ёки жануб?

Шимолий Ирландияда Буюк Британиянинг жуда кам аҳолиси яшайди. У Буюк Британиянинг барча минтақалари орасида энг кичик иқтисодиётга эга бўлиб, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 50,8 миллиард еврони ташкил этади, бу 2017 йилдаги Буюк Британиянинг 2,1 фоиз ялпи ички махсулотига тўғри келади. Ҳисоб-китобларга кўра, Шимолий Ирландия иқтисодиёти 2019 йилнинг биринчи чорагида Буюк Британиянинг барча минтақалари ичида энг заифи бўлган. Иқтисодий статистика марказининг (ESCoE — миллий статистика бошқармаси) маълумотларига кўра, йиллик ўсиш 0,7% ни ташкил этди. Маълумот ўрнида, Буюк Британиянинг ўртача ўсиш суръати 1,5%ни ташкил этади.

Шимолий Ирландия Буюк Британиянинг барча минтақалари орасида энг кичик иқтисодиётга эга бўлиб, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 50,8 миллиард еврога тенг, бу 2017 йилдаги Буюк Британиянинг жами иқтисодиётининг 2,1 фоизига тўғри келади. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шимолликлар иқтисодиёти сўнгги икки йилда инқирозни бошдан кечирмоқда. 2015 йилда ялпи ички маҳсулот 55,7 миллиардни ташкил қилган.
2017 йилда жон бошига ЯИМ Буюк Британияда энг паст кўрсаткичлардан бирини қайд этган.

Шимолий Ирландияда нисбатан катта давлат сектори (таълим, соғлиқни сақлаш ва ҳукумат) мавжуд бўлиб, у жами бандликнинг 27 фоизини ташкил қилади. Шимолий Ирландияда анъанавий равишда ишчи кучини сақлаш учун зарур бўлган фирмалар қувватига эга эмас. Британиядек иқтисодий қудратли мамлакат таркибида бўла туриб, иқтисодий ўсишдан орқада қолган шимолликлар жануб билан бирлашгач қандай ривожланади деган савол пайдо бўлади?

Ирландия Республикасининг ялпи ички маҳсулоти 2019 йилнинг охирги чорагида олдинги чоракларга нисбатан 1,7 фоизга ўсди. Ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўзгариши 5 фоизни ташкил этди, бу 2019 йилнинг иккинчи чорагида қайд этилган 5,1 фоиздан 1 фоизга кам. 2019 йилнинг учинчи чорагида ялпи ички маҳсулот 97,410 миллион долларни ташкил этди. «countryeconomy.com»га кўра, кучли 50 мамлакат киритилган рейтингда ЯИМ кўрсаткичлари бўйича Ирландия 27-ўринни эгаллаб турибди.

Иқтисодий жиҳатдан жануб шимолга қараганда яхши ҳолатга эга. Бу бирлашиш йўлидаги тўсиқ бўлиб хизмат қилиши ҳеч гапмас. Агар бирлашилган тақдирда Британия билан алоқаларнинг қонунга мувофиқ тартибга солиниши «бўлажак ирланд федерацияси»ни қийин иқтисодий ҳолатга олиб келиши мумкин.

Хулоса ўрнида…
«Бирлашган Ирландия» масаласи янги ўн йилликнинг энг муҳим сиёсий воқеаси бўлиши мумкин. Ўтган асрда Германия федерациясининг тузилиши ва Берлин деворининг қулаши ҳам худди шунга ўхшаш воқеа эди. Бу айтишга осон бўлса ҳам, яқин келажакда ирланд партиялари уюштиражак референдум билан ўз тасдиғини топиши мумкин. Шуни унутмаслик керакки, сиёсий эврилишлар ҳар қандай ҳолатда ҳам наинки Буюк Британия, балки ирланд халқлари ҳукуматлари учун ҳам жуда қийин даврни бошлаб келиши мумкин. Эндигина «Брексит»дек даҳмазадан қутулиб, ҳали нафас ростлашга ҳам улгурмаган британ сиёсатчиларини яқин йиллар ичида яна бир муаммо кутиб турибди:

«Бирлашган Ирландия орзуси ёхуд битта миллат — иккита мамлакат…».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг