Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Арманистон Россия ҳарбийларини уйига кузатди

Арманистон Россия ҳарбийларини уйига кузатди

Арманистон пойтахти Ереван шаҳридаги «Звартноц» халқаро аэропортида 32 йил давомида хизмат ўтаган Россия чегарачилари ўз уйига жўнатилди. 

Арманистон миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари қўмондони Эдгар Унанян ҳамда Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Арманистондаги чегара бошқармаси раҳбари, генерал-лейтенант Роман Голубицкий томонидан имзоланган ҳужжатга биноан халқаро аэропортни қўриқлаш расмий Ереванга топширилди.

1992 йил 30 сентябрь куни Москва ҳамда Ереван Арманистон ҳудудига Россия чегарачиларини жойлаштиришга доир битим имзолаган эди. Ушбу ҳужжатда Россия чегарачилари Арманистоннинг Эрон ва Туркия билан сарҳадларини қўриқлаши белгиланган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил март ойида Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия чегарачиларидан 1 августга қадар «Звартноц» халқаро аэропортини тарк этиш ва назоратни арман мутахассисларига топширишни талаб қилган эди.

Арманистон парламенти спикери Ален Симонян мамлакат ўз чегараларини ўзи муҳофаза этишга қодир эканини таъкидлаган.

Таҳлилчилар ушбу қарорни Москва ва Ереван муносабатлари совуқлашаётганининг яна бир белгиси деб баҳолаган эди.

Жорий йил февраль ойида Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини сусткашликда айблаб, мамлакатнинг мазкур тузилмадаги иштирокини «музлатиб қўйган» эди.

Жорий йил июль ойида Арманистонда АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ўтказилди. Таҳлилчилар Ереваннинг Вашингтон билан ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув тадбири «Россияни хафа қилувчи қадам» бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг