Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

96 ёшида университетни аъло баҳоларга битирди

96 ёшида университетни аъло баҳоларга битирди

Жузеппе Патерно 96 ёшда. У Палермо университети тарих ва фалсафа факультетининг энг яхши битирувчиси саналади. Ночор оилада туғилгани сабабли ёшлигида таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган. У нафақага чиққанда ўз орзусини рўёбга чиқарди. Италиянинг энг кекса талабаси ҳаётига назар.

Жузеппе Сицилиянинг камбағал оиласида дунёга келган. Болалигида бошланғич мактабни тугатишга аранг улгурган. Сўнгра ҳарбий денгизчи бўлиб, фронтга отланган — Иккинчи жаҳон уруши бошланган.

Фронтдан қайтиб келгач у темирйўлга ишга кирган. Чунки оиласи — рафиқаси ва икки фарзандини боқиши керак эди. Шунга қарамай, Жузеппе 31 ёшида ўрта мактабни битиришга вақт топган.

1984 йилда нафақага чиққач собиқ темирйўл ходими онасидан мерос қолган ёзув машинасида оқ қоғозларни қоралай бошлади.

2017 йилда у олийгоҳга киришга қарор қилди. Уч йиллик ўқиш даврига бироз кеч бўлганини тушуниб турса-да, ўз-ўзига: «Ҳозир ёки ҳеч қачон. Кўрамиз, уддалармиканман», деди. Ва у ўқишга кирди...

Талаба барча сессияларни аълога топширди — курсдошлари билан бўладиган базму жамшидлар уни қизиқтирмасди, электрон гаджетлардан кўра босма китобларни афзал кўрарди.

Курснинг энг яхши талабаси тақвимга битирувгача қолган кунларни белгилаб қўймоқда.

Дипломни топшириш маросимидан бир неча кун олдин Жузеппе Санта-Мария-деи-Ротоли қабристонига борди. У ерда 2006 йилда вафот этган рафиқаси Стефан Баттальянинг хоки сақланади.

Битирув куни Жузеппенинг ўғли, 72 ёшли Нинни отасига каравотдан туришга ёрдамлашяпти.

Ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бирининг арафасида Жузеппе ўзига оро беряпти.

Енгил нонушта.

Жузеппе ўзидан 70 ёш кичик курсдошларининг олқишлари остида диплом ва анъанавий дафна гулчамбарини қабул қилиб оляпти. Бундай улуғвор ёшда университетни битираётганда ўзини қандай ҳис қилаётгани сўрашганида: «Ҳамма қатори мен ҳам оддий одамман», деб жавоб берди.

Гарчи нимжонлигидан деярли квартирасидан чиқмаётган бўлса-да, 96 ёшли бакалавр эришган бу ютуғи билан чекланиб қолмоқчи эмас. «Келажакдаги режаларим — илмий ишимни давом эттириш. Аввал ўқишга вақтим бўлмаган матнларни ўрганишга қайтмоқчиман», — деди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг