Вазир соҳа ходимлари учун асосий мезонни айтди (фото)
Бухоро катта шаҳар, аҳолиси 700 мингдан кўп. Шаҳарда 53 та мактаб, 76 та мактабгача таълим ва 48 та соғлиқни сақлаш муассасаси бор.
Аҳоли хонадонлари ва бюджет ташкилотлари 50 мингтадан зиёд симли телефонга уланган. Шаҳарда 24450 тадан ортиқ интернет абонентлари бор. Хўш, бу камми ё кўп?..
Бухоро шаҳар телекоммуникациялар боғламаси мутассаддиларининг бизга маълум қилишларича, интернетга уланиш учун салкам яна 50 мингта бўш портлар мавжуд.
Аҳолининг телекоммуникация хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Ўзбектелеком» АК мана бир неча йилдирки, ўз савдо офислари фаолиятини йўлга қўймоқда. Ушбу марказларда телефон туширишга буюртма бериш, «ЎзМобайл» сим карталарини олиш, интернетга уланиш, тўловларни амалга ошириш каби бир қатор хизматлардан фойдаланиш мумкин.
Бугун, 22 январь куни шаҳардаги 226-АТСда ана шундай тезкор хизмат кўрсатувчи савдо офиси очилди. Маросимда вилоятда хизмат сафари билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари ҳам қатнашди. Мижозлар учун барча шароитлар муҳайё этилган марказда олти нафар мутахассис хизмат кўрсатади.
– Бу автомат телефон станция 10 минг абонентга хизмат кўрсатар экан, – деди АКТ вазири Шуҳрат Содиқов – Албатта, бу кам. Алоқа хизматларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Айниқса, сифат масаласи ҳамиша муҳим ҳисобланган. Бунинг учун етук мутахассислар керак. Куни кеча Бухорода АКТга ихтисослашган таянч мактабини очдик. Қолаверса, пандемия шароитида ахборот технологиялари соҳаси яхшигина синовдан ўтди. Хизмат кўрсатиш борасида тажрибамиз янада ошди. Бу каби савдо офислари ҳар бир мижоз учун тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиши шарт. Мана шу бош мезон бўлиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter