«Бошланишида қийин бўлди, лекин...» — Қорақалпоғистонда «C++» ўқув курслари ташкил этилди (видео)
Мамлакатимиз АКТ соҳасида бўлаётган ўзгаришларнинг салмоғи кундан кунга кенгайиб бормоқда. Информатика ва ахборот технологиялари бўйича янги қабул қилинган дарсликларга замонавий дастурлаш тиллари ҳам киритилган. Шу боис, информатика фани ўқитувчиларини қайта ўқитиш ва малакасини ошириш зарурияти пайдо бўлган.
Халқ таълим вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистоннинг 17 та туманида 15 нафардан, жами 255 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларини «C++» дастурлаш тили бўйича малака кўникмаларини ошириш мақсадида 144 соатлик ўқув курслари ташкил қилинган. Ўқув жараёнларини ташкил қилишда «SmartGov» яқиндан ёрдам бермоқда.
«Xabar.uz» жойларда бўлди ва вазиятни яқиндан ўрганди.
Нукус шаҳридаги 33-мактабда ташкил этилган «C++» ўқув курсларида қатнашаётган Индира Дауеева ҳам ўз тассуротлари билан ўртоқлашар экан, АКТ соҳасидаги салмоқли ўзгаришларни эътироф этди. Яна бир ўқитувчи Дилбар Халқназарова педагог сифатида кўп нарсаларни ўрганганини эътироф этди.
«Ўқитувчиларимиз кундан кунга «C++» дастурлаш тилини янада яхши ўзлаштирмоқдалар. Бошланишида қийин бўлди, лекин ҳозир ҳаммаси ўз маромига тушди», — дейди Беруний туманидаги 35-ИДУМда ўқув курсларини ўқитувчиларга ўргатаётган Мансур Атаханов.
Барча тренерлар Тошкент ахборот технологиялари университети, Турин политехника университети, ИНҲА университети каби ўқув даргоҳларида ўз билим-кўникмаларини ошириб келишган.
Лойиҳадан мактаблардаги информатика фани ўқитувчиларини замонавий дастурлаш соҳасида билим ва кўникмаларини ошириш, информатика бўйича фан олимпиадалари, жаҳон олимпиадалари иштирокчилари ва ғолиблари улушини ошириш, ёшларга дастурлаш билимларини ёшлигидан ўргатиш, сифатли билимли бериш кутилмоқда.
Маълумот ўрнида, «C++» юқори даражадаги дастурлаш тили бўлиб, Бёрн Страуструп томонидан «C» тилининг кенгайтирилган варианти сифатида яратилган. «C++» тили турли йўналишдаги маҳсулотлар яралишида аҳамиятли ва машҳур бўлган, жумладан видео ўйинлар, десктоп дастурлари, серверлар, турли алоқа воситаларини мисол сифатида кўриш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter