Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дастурлаш — қўшимча даромад манбаи. Андижондан лавҳа (видео)

Дастурлаш — қўшимча даромад манбаи. Андижондан лавҳа (видео)

Фото: Xabar.uz

Бугунги кунда ҳаётимизнинг ҳар бир соҳаси ахборот технологиялари билан боғлиқ.

Янги дарсликларга дастурлаш тиллари ҳам киритилган. Шу боис, информатика фани ўқитувчиларини қайта ўқитиш ва малакасини ошириш зарурияти мавжуд.

—  Мен олдин бошланғич таълимдан дарс берганман. Кейин ўзимда информатика фанига қизиқиш ўйғонди. Иккинчи мутахассисликка топшириб ўқидим. Қарийб уч йилдан бери шу соҳа бўйича дарс бераман. Халқ таълими вазирлиги яхши ташаббусни олиб чиқди. С++ дастурлаш тили бўйича малака ошириш курслари ташкил этилаётганини эшитиб, очиғи хурсанд бўлдим.

Ушбу гапларни айтар экан 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Йўлдошева Мавжудахон ўз кўнгил сўзларини яшира олмади. Унинг сўзларига кўра, ўқувчилари ҳам бу каби янгиликларни ўзгача қизиқиш билан ўрганмоқда. Келажакда қайси касб мутахассиси бўлиб етишишидан қатъи назар уларда яна бир қўшимча даромад манбаи бўлади.

Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси билан жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб вазирлик тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг Информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари учун C++ дастурлаш тилини ўрганиш бўйича ўқув курслари бошланди. Курсларни олиб бораётган тренерлар BePro IT Academy томонидан тайёрланди.

Андижон вилояти Бўстон туманидан 28 ўқитувчи малака ошириш дарсларида қатнашмоқда. Улардан 15 нафари С++  дастурлаш тили бўйича, 13 нафари эса Scrach бўйича ўз билимларини мустаҳкамлайди.

«Дастурлаш тиллари бўйича бизда информатика ўқувчилар яхшигина натижа кўрсатмоқда. Август ойида 30 кишини Phytonда ўқитдик. Улар ишончимизни оқлаб сертификатларга эга бўлди. Халқ таълими вазирлиги ташаббуси асосида мана 1 декабрдан бошлаб яна вилоят миқёсида 480 ўқитувчилар учун дарс ташкил этганмиз. 240 нафар ўқитувчи С++, 240  нафари Scrach дастурлаш тилида малака оширмоқда.  Уларни ўқитиш учун 16 нафар ўқитувчимизни Тошкентга ўқитдик. Энди улар ўз билимларини ҳамкасблари билан бўлишиш имкониятига эга бўлдилар»,— дейди вилоят Халқ таълими бошқармаси масъул ходими Абдужалил Абдураҳимов.

Дарслар бевосита «Smartgov Group» нодавлат таълим муассаси томонидан республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларида олиб борилмоқда. Бунга жами 3060 нафар информатика ўқитувчилари қамраб олинган.

Мазкур курсларни ташкил этишдан мақсад информатика фани ўқитувчиларининг замонавий дастурлаш тиллари бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш, инновацион педагогик технологиялар ва усуллардан фойдаланиш компетенцияларини ривожлантиришдан иборатдир.

Ўқув курси давомида тингловчиларнинг билими тест синови ва амалий машғулотлар ёрдамида баҳолаб борилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг