Олот ва Қоракўл туманларида телефон алоқаси ва интернет тикланди
Жорий йилнинг 27 апрель куни республикамизнинг айрим ҳудудларида юз берган шиддатли шамол ва ёмғир барча соҳалар каби телекоммуникация тармоқларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади.
АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудларидаги кучли шамол, об-ҳавони кескин ёмонлашуви натижасида телекоммуникация тармоқларида мобил алоқа база станциялари ва антенна-мачта иншоотларининг шикастланиши каби ҳолатлар қайд этилди.
Жумладан, Бухоро вилоятида содир бўлган табиий офат вилоят телекоммуникация инфратузилмасига катта талафот етказди.
Айниқса Олот, Қоракўл ва Жондор туманларидаги симли телефон ва интернет тармоқлари ҳамда мобил алоқа база станциялари жиддий шикастланди.
Олот ва Қоракўл туманларида жами 10 та симли телефон станциялари ва мобил алоқа операторларининг 13 та база станциялари орқали симли телефон алоқаси, интернет ва мобил алоқа хизматларини тақдим этишда узилишлар юзага келди.
Табиий офат оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш ва алоқа хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш мақсадида тезкор штаб ташкил этилди, долзарб масалаларни ҳал этиш босқичлари ва режалари белгилаб олинди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу ҳудудлардаги телекоммуникация тармоқларида табиий офат оқибатларининг қисқа муддатларда бартараф этилишини ташкил этиш ҳамда барқарор алоқа хизматлари кўрсатилишини қайта тиклаш учун соҳа корхоналари ҳамда мобил алоқа операторларнинг заҳира кучларини ҳудудларга сафарбар этди.
Мазкур ишларга 300 дан ортиқ малакали мутахассислар ва махсус техникалар жалб қилинди.
Биринчи босқичда Олот ва Қоракўл туманларида симли телефон алоқаси ва интернет хизматлари кўрсатилиши тикланди ҳамда мазкур туманлар марказларида мобил алоқа база станциялари ишга туширилди.
Қисқа вақт ичида қолган барча аҳоли пунктларида симли телефон алоқаси, интернет ва мобил алоқа тармоқлари тўлиқ тикланади ва хизматлар тақдим этилади.
Айни вақтда табиий офат оқибатларини бартараф этиш ва телекоммуникация тармоқларини тиклаш ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter