Элон Маскнинг «учар» поезди лойиҳаси қанчалик ҳақиқатга яқин?
Тезюрар транспорт воситасининг янги тури, ҳисоб-китоблар бўйича, анъанавий автомобил, сув, темир йўл ва ҳаво транспортидан кейин бешинчиси ҳисобланади. У 2013 йили дунёнинг энг машҳур бизнесменларидан бири Элон Маск томонидан тақдим этилган.
Бироқ минг километр масофага ярим соат ичида саёҳат қилиш ғоясини амалга татбиқ этиш ишлари у қадар ҳам кўзга ташланаётгани йўқ. Қоғозларда ва рассомларнинг фантазияси асосида яратилган ушбу ўзига жалб этувчи лойиҳа қанчалик ҳақиқатга яқин?
Яқин келажакда транспорт воситалари соҳасида инқилоб бўладими ёки «Hyperloop» нотўғри илмий ва техник қарашлар маҳсулими?
Аввалига Элон Маскнинг 57 бетли «Hyperloop Alpha» дизайн-ҳужжатида битилган ғоянинг асоси билан танишиб чиқсак.
Янги транспорт воситасини яратиш ғояси туғилишига Калифорнияда дунёдаги энг тезюрар поездни қуриш ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган. Маск «бешинчи транспорт» ҳам арзон, ҳам хавфсиз бўлиши керак, деган хулосага келади ва ХХ асрда америкалик ракетасоз Роберт Годдард томонидан илгари сурилган, кейинчалик RAND корпорацияси томонидан ривожлантирилган вакуум трубасида ҳаракатланувчи поезд ғоясига мурожаат қилган.
Робертнинг лойиҳаси амалга татбиқ этилмай қолиб кетган, чунки тўлиқ вакуумни яратиш устида олиб борилган ҳаракатлар ўз самарасини бермаган.
Катта шаҳарлар орасидаги минг километрни босиб ўтиши мумкин бўлган оптимал транспорт воситасида ўша трубадан фойдаланса бўлади, фақат унда вакуумни йўқотиш керак. Унинг ўрнига минимал даражада тебраниш ҳосил қилувчи, кам учрайдиган — 100 Паскал босимли (Марс юзасидаги босимнинг 1/6 даражаси ёки Ер атмосферасининг 45 километр баландлигида учрайдиган) ҳаводан фойдаланиш ғояси юзага келади. Элон Маск ҳам тадбиркор, ҳам муҳандис сифатида ушбу масалага жиддий қизиқиб қолади.
Лойиҳага кўра, «Hyperloop» икки томонга ҳам ҳаракатланиш имконини берувчи, диаметри икки метр атрофидаги иккита юпқа пўлат қувурдан иборат бўлади, улар ҳар 30 метрга ўрнатилган олти метрли устунлар устига жойлаштирилади. Уни қуришда иқтисодий тежамкорликка эришиш мақсадида мавжуд автотрассалардан фойдаланиш таклиф қилинган.
Маскнинг ҳисоб-китоблари бўйича лойиҳани амалга ошириш учун умумий миқдорда 6 миллиард доллар керак экан. Сан-Франциско ва Лос-Анжелес оралиғидаги 600 км.дан зиёд масофани оддий поездлар деярли 10 соатда босиб ўтади, чипта нархи эса қарийб 100 доллар. «Tesla» раҳбарининг таъкидлашича, «Hyperloop» бу масофани 35 дақиқада ортда қолдиради («Boeing 737» самолётидан ҳам тез), шу билан бирга, чипта нархи 20 доллар: трубалар ичида ҳар бири 28та ўриндиққа эга 40та капсула ҳаракатланади. Шу сабабли “поездлар” ҳар икки дақиқада, тиғиз вақтларда — ҳар ўттиз сонияда ҳаракатлана олади. Бунга қўшимча равишда автомобилларни ташишга мўлжалланган сал қимматроқ вариант ҳам ишлаб чиқилмоқда.
«Hyperloop»нинг сифат тавсифлари ва уни реал ҳаётга татбиқ этиш масалаларини кўриб чиқишдан олдин, ушбу янги транспорт воситасининг тарихига бир назар ташласак.
Умуман олганда, Элон Маскнинг лойиҳасида аҳамиятли бирор янгилик йўқ, вакуум поездини у қадар машҳур бўлмаган осма ҳаво ёстиқчалари билан таъминлаш ғоясини инобатга олмаганда, албатта.
Гап аслида вакуумда эмас: ёпиқ труба орқали капсулалар ёрдамида юқори тезликда ҳаракатланиш ғояси Роберт Годдарддан анча олдин, ХVII асрда пайдо бўлган ва ХVIII асрнинг охирида шотландиялик ихтирочи Вилям Мёрдок томонидан муваффқиятли тарзда амалга оширилган. Тўғрисини айтганда, унинг амалиётида кичик объектлар орасидаги масофани босиб ўтишда керак бўладиган тортишиш кучи вентиляторлар ёрдамида ҳосил қилинган: ХIХ аср ўрталарида пневматик почта — сиқилган ҳаво ёрдамида қувурлар орқали хатларни етказиш хизмати Европада ҳақиқатга айланган. Ҳозирда ҳам ушбу тизим кичик ўлчамли предметларни қисқа масофага узатишнинг ажойиб ечими ҳисобланади, масалан, шифохоналарда банкаларни ёки кутубхоналарда ўқувчиларга талаб варақаларини юборишда…
Оддий пневматик транспорт воситаси нафақат электропоездлар, балки ХIХ асрдаги буғ двигателларида ҳаракатланувчи поездларга ҳам рақобатлаша олмаган. Номи юқорида келтирилган Роберт Годдард 1909 йили аноним равишда янги поезд тури (вакуум) ҳақида мақола чоп этган. Бироқ соатига 1600 километр тезликда ҳаракатлана оладиган бу турдаги транспортнинг батафсил чизмалари ихтирочининг ўлимидан кейин топилган.
Бундан ташқари, Годдард билан бир вақтда вакуум трубада электромагнит куч ёрдамида ҳаракатланиш амалиёти 1911—1913 йилларда Томск технология университетининг профессори Борис Вейнберг томонидан ҳам синовдан ўтказилган. Вейнберг Москвадан Петербург ёки Владивостоккача масофани тезюрар вакуум поезлар ёрдамида босиб ўтишни орзу қилган, бироқ унинг ишлари лабораториядан ташқарига чиқмади. Вейнбергнинг бу лойиҳага бағишланган мақоласи 1917 йили Англиянинг «Popular Science Monthly» журналида чоп этилган. Бундан Роберд Годдард ҳам хабардор бўлгани эҳтимолдан йироқ эмас.
Ўтган ўн йиллар давомида Годдард ва Вейнбергнинг лойиҳалари бир неча бор муҳокама қилинган бўлса-да, амалга ошмай қолиб кетаверган. Ҳар куни иш юзасидан Лозаннадан Бернга қатнайвериш жонига теккан Швейцария федерал темир йўллари муҳандиси Родолф Нет 1974 йили бу масофани ер ости вакуум туннеллари поезди ёрдамида қисқартиришга эришди. Аммо ушбу лойиҳани амалга ошириш жуда суст кечди, бунинг оқибати ўлароқ, «Swissmetro» — паст босим муҳитида ҳаракатланувчи вакуум поезди лойиҳаси пайдо бўлди. Швейцарча метро Санкт-Галленни Цюрих билан, шундан сўнг Базел, Берн, Лозанна ва Женевани ўзаро боғлаши зарур эди. «Swissmetro» ўша вақтда Берндан Цюрихгача масофани 12 дақиқада босиб ўтиши мумкин эди, ҳозирда эса бу масофа бир соатни талаб қилади.
Афсуски, «Swissmetro» лойиҳаси 2009 йилда ёпилди, бунга эса молиявий тақчиллик сабаб бўлди.
Америкалик иқтисодчилар, жумладан, темир йўл соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, Маскнинг лойиҳасида қурилиш ишларида лозим бўладиган ер майдони ҳисобга олинмаган — аслида харажатларнинг энг каттаси шу. Хуллас, Маскнинг Калифорнияда тезюрар поездни яратиш учун 6 миллард доллар керак бўлади, деган маблағи 10-20 баробар камайтириб кўрсатилган.
Ер участкаларини сотиб олишдан ҳам қочиб бўлмайди барибир: агарда трубалар линияси шоссега яқин жойлаштирилганда ҳам у айрим участкаларда автомобил йўлидан четга чиқишга мажбур бўлади. Калифорния университетининг иқтисод бўйича профессори Майкл Андерсоннинг сўзларига қараганда, Сан-Фанциско ва Лос-Анжелес ўртасидаги «Hyperloop»ни ўз ҳисоб-китоблари асосида қуриш мумкин, аммо унда ҳаракатланиш 20 доллар эмас, 1000 доллар атрофида бўлади. Шундай экан, бутун лойиҳа учун 6 миллиард доллар эмас, 100 миллиард керак.
Иқтисодчи-танқидчиларга муҳандислар ҳам қўшилишмоқда: Маск ғоясининг айрим қисмларини амалга ошириш жуда мушкул. «Swissmetro»нинг собиқ муҳандисларидан бири, Лозаннадаги федерал политехника мактабининг профессори Марсел Жуфернинг айтишича, 1 миллибар (ёки 100 Паскал) босимга эришиш жуда қийин иш ва кўп ресурс талаб қилинади. Энг катта шубҳани Элон Маск лойиҳасининг ажралиб турувчи қисми бўлган ҳаво ёстиқчалари келтириб чиқаряпти. Трубанинг ички девори ва капсула орасидаги масофа 0,5-1,3 миллиметрдан ошмаслиги керак — кўрсаткич керакли тезликка эришиш учун бу лозим. Бироқ бу унинг конструкциясида ўта аниқликни талаб қилади.
«Hyperloop»нинг танқидга учраган яна бир жиҳати — унинг ноқулайлиги.
Маскнинг лойиҳасига кўра, йўловчиларни ташишга мўлжалланган капсуланинг максимал эни 1,35 метрни, баландлиги эса 1,10 метрни ташкил этиши керак: тўғри, бу ХХ асрдаги Вейнбергнинг ихтиросидан каттароқ, бироқ бу каби ўлчам қулайлик кафолатими? Шу билан бирга, ҳаракат давомида ҳеч бўлмаса бир миллиметрга оғиш ҳам силкинишга олиб келади. Бунда капсула йўловчиси на ўрнидан тура олади ва на бошқа жойга ўта олади. Унинг тезлиги сабаб самолёт парвозида юзга келадиган ортиқча босимдан ҳам 2-3 баробар ортиқроқ юкланишни ҳис қилиш мумкин. Бунга эса барча ҳам бардош бера оламайди.
Бошқача айтганда, бу турдаги лойиҳалар ХIХ ёки ХХ асрнинг фантаст ёзувчилари томонидан тилга олинган мобил телефонлар, космик саёҳатлар ёки тезюрар поездларни эслатади. Шундай экан, уларнинг оммавий тарқалиши учун узоқ вақт керак. Мисол учун, Элон Маскнинг электромобилларини олайлик. «Tesla» раҳбари Генри Форддан бу борада анча орқада: «Tesla Model S»нинг нархи юз минг доллар атрофида, афсонавий «Ford Model T» эса ўз вақтида 260 доллар турган. Бу пулни 1900 йили ню-йорклик оддий чилангар ҳам бир ойда ишлаб топа олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter