Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дастурчилар «16 миллион евролик» ишни 2 кунда бажариб, вазирни истеъфога чиқаришди

Дастурчилар «16 миллион евролик» ишни 2 кунда бажариб, вазирни истеъфога чиқаришди

Ўтган ҳафта Чехияда бўлган воқеага барча давлатлар хизматчилари эътибор қаратишса арзийди. Кўнгилли дастурчилар давлат бюджетининг талон-торож қилинишига йўл қўймасдан, текинга сайт яратиб беришган, деб хабар бермоқда «Терабайт».

Воқеа бундай бўлган: Транспорт вазирлиги шубҳали бир тендер ўтказган, унда юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган пулли автомагистралларда юриш учун электрон рухсатномалар сотиш сервисини яратиш иши қўйилган эди. Бу борадаги давлат буюртмасига кўра, 400 миллион Чехия крони (тахминан 16 миллион евро) эвазига интернет-дўкон ҳамда iOS ва Android тизимлари учун иккита илова ясаш керак эди. Буюртма учун очиқ конкурс ўтказилмаган ва бу иш тўрт йиллик шартнома билан Asseco Central Europe фирмасига топширилган.

Ушбу буюртма мамлакат дастурчилари орасида норозиликка сабаб бўлган – улар давлат халқнинг маблағини «очиқдан-очиқ талон-торож этяпти», деб ҳисоблашган. Actum Digital компанияси соҳиби Томаш Вондрачек (Tomas Vondracek) ушбу тендерни «бемаънилик» деб атаган ва ўша тўрт йиллик деб ҳисобланган ишни икки кунда қилиш мумкинлигини эълон қилган.

Вондрачек маҳаллий дастурчиларни йиғилиб, давлат буюртмасидаги каби сервис ясаш бўйича хакатон ўтказишга чорлаган. Режага кўра, шунчаки битта ҳафтанинг дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада Прага шаҳридаги Actum Digital офисида ишлаш ва ўшанақа сайтни яратиб, ҳукуматга совға қилиш керак бўлган.

Унинг чақириғига Чехия бўйлаб 300 дан ортиқ дастурчи «лаббай!» дея жавоб берган ва #Znamkamarada хакатонида қатнашиш учун 24 январь – жума куни Actum Digital офисига улардан 60 нафари келиб иш бошлашган. Якшанба куни кечқурунгача улар fairznamka.cz платформасини тайёрлаб улгуришган.

Дарвоқе, хакатон масаласи шов-шув бўлиб кетганидан, у бўлиб ўтаётган дам олиш кунида Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳам келиб дастурчиларнинг ишини ўз кўзи билан кўрган.

Хулласи калом, 27 январь – душанба куни сайт аллақачон тест режимида ишга туширилган; ҳолбуки, транспорт вазири бунга 4 йил вақтни ва яна 16 миллион евро миқдорида халқ маблағини исроф қилмоқчи эди! Тўғри, сайт ҳали давлат тизимига уланмаган, аммо барча керакли функцияларни бажарар эди.

Чехия ҳукумати аввалига бу ёрдам учун пул тўламоқчи бўлган, аммо хакатон олдидан режаланганидек, дастурчилар уни давлатга шунчаки совға қилишган. Бош вазирнинг таъкидлашича, Транспорт вазирлиги энди ушбу тизимни 2020 йилнинг 1 декабригача тўлиқ жорий этиб ишга туширувчи компанияни топиш учун очиқ танлов ўтказади. Бу гал энди шартнома қиймати анча арзон бўлади; Вондрачек қолган ишни дастлаб белгиланган 400 миллион кроннинг чорак қисмича нархга баҳолаган, аммо ўз компанияси бу танловда қатнашмаслигини айтган.

Кўнгилли дастурчилар икки кундаёқ бажарган шу ишга давлат бюджетидан йирик миқдордаги маблағни харжламоқчи бўлгани учун транспорт вазири Владимир Кремлик истеъфога чиқарилган. Пудратчи – Asseco Central Europe вакиллари ҳам, компенсация талаб этмасдан шартномани тўхтатишга рози эканликларини эълон қилишган.

Вондрачек фикрича, протест сифатида кўнгилли дастурчилар бепул сайт яратиб бериши воқеасидан сўнг давлат хизматчилари халқнинг солиқларидан шаклланаётган бюджетни сарфлашда талон-торожга йўл қўйишмаслиги керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг