Маҳаллий бюджет ҳисобидан хизмат автомобиллари харид қилиш тақиқланди

«2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун билан Биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2025 йилда «тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш» тамойили асосида бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича зурурий чоралар кўриш вазифаси юкланган.
Бунда, жумладан, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бошқарув ходимлари иш ҳақи миқдорларини ошириш (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ошириш бундан мустасно) бўйича таклифлар киритиш тақиқланди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан хизмат автомобиллари (махсус автотранспорт воситалари бундан мустасно), қимматбаҳо юмшоқ мебеллар ва офис жиҳозлари (таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида фойдаланадиганлардан ташқари) харид қилиш ҳам тақиқланди. Юқорида хариди тақиқланган товарлар фақатгина Вазирлар Маҳакамаси билан келишилган ҳолда харид қилинади.
Бундан ташқари, бюджет ташкилотларининг 2025 йил учун харажатлар сметасини тузиш жараёнида мебель ва офис жиҳозлари ҳамда товар-моддий захираларини харид қилиш харажатлари миқдорини 2024 йилга нисбатан 10 фоизга камайтирган ҳолда (мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасаларидан ташқари) режалаштириш сўралади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter