Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яхши ва ёмон жиҳатлар – Шавкат Мирзиёев таълим билан боғлиқ ютуқ ва муаммоларга тўхталиб ўтди

Яхши ва ёмон жиҳатлар – Шавкат Мирзиёев таълим билан боғлиқ ютуқ ва муаммоларга тўхталиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида устоз ва мураббийлар билан мулоқот ўтказмоқда. Давлат раҳбари тадбир давомида мактаб битирувчиларининг олий таълим муасасаларига кириши ортганига эътибор қаратди.

– Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси сўнгги 7 йилда 4 карра, 9 фоиздан 38 фоизга ошди.

Бу йил 310 минг нафар ўғил-қизларимиз олийгоҳ талабалари бўлди. Ана шу ёшларнинг қарийб ярми қизлардир.

Бундай натижа илгари ҳеч қачон бўлмаган, – дея таъкидлаб ўтди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга давлат раҳбари таълим билан боғлиқ ташвишли рақамларга ҳам тўхталиб ўтди. Хусусан, айни вақтда давлат таълим муассасаларида 46 минг нафар (7 фоиз), хусусий ташкилотларда эса 38 минг нафар педагог 5 йил давомида малака оширмаган.

– Яна бир бор айтаман: қанча ислоҳот қилмайлик, биринчи навбатда ўқитувчининг билими ва касб маҳоратини оширмас эканмиз, сифатли таълимни таъминлай олмаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари томонидан таъкидланишича, бу йил аттестация жараёнлари шаффоф бўлиши учун сунъий интеллект ва рақамли технологиялар қўлланилган. Натижада 198 минг ўқитувчидан 21 минг нафари, яъни 10 фоиздан ортиғи малака бўйича етарли балл тўплай олмаган.

Оқибатда, бундай ҳолатлар ўқувчиларнинг билимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, бу йил битирувчиларнинг 130 минг нафари (30 фоизи) олийгоҳларга киришда энг паст – 57 балл ҳам тўплай олмаган.

«Бу барчамизни ташвишга солиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари тадбир давомида барча ҳудуд раҳбарларига педагог ходимларга малака ошириши учун етарли шароитларни яратиб бериш топшириғини берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг