Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга қабул ҳақида янги маълумот берилди

Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга қабул ҳақида янги маълумот берилди

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларга қабул жараёнлари июнь ойидан бошланади, имтиҳонлар эса июль ойида ўтказилади.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангиров маълум қилди.

Ихтисослашитрилган таълим муассасалари агентлиги тизимида бугунги кунда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод мактаби ҳамда 182 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ушбу мактабларга ўқувчилар қабули Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 майдаги 214-сонли қарори билан тасдиқланган низомлар асосида ташкил этилади.

2024-2025-ўқув йили учун Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчилар ҳужжатларини қабул қилиш ҳамда кириш имтиҳонларини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилдаги тегишли йиғилиш баёни тасдиқланди.

Бунга кўра, мактабларга ҳужжатлар қабули жорий йилнинг июнь ойида ҳамда кириш имтиҳонлари июль ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Президент мактабларига ўқувчилар белгиланган йиллик қабул квотаси доирасида иккита синфга бир хил 12 нафардан жами 24 нафар ўқувчи ҳамда ижод ва ихтисослаштирилган мактабларига Агентлик томонидан белгиланган квота доирасида ўқувчилар қабул қилинади.

Агентлик тизимидаги мактабларга ўқувчиларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари томонидан қуйидаги ҳужжатлар онлайн шаклда Агентликнинг расмий веб-сайти ariza.piima.uz орқали қабул қилинади:

  • ўқувчиларнинг тегишли ўқув йили натижасига кўра баҳолар табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси;
  • имтиҳон рухсатномасини шакллантириш жараёнида фойдаланиш учун ўқувчиларнинг охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;
  • ўқувчиларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ва уларнинг ота-онаси (қонуний вакили) фуқаролик паспорти маълумотлари, боғланиш учун мобил телефон рақамлари.

 Ҳужжат топшириш жараёнида ўқувчиларнинг ота-онаси (қонуний вакили) кириш имтиҳонлари шартлари ва талаблари билан танишганлиги тўғрисидаги онлайн офертани тасдиқлайди.

Ўқувчилар Президент мактаби ҳамда ихтисослаштирилган мактабларига ҳужжат топшириш жараёнида уларга ихтиёрий равишда ўз ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактабларидан бирини қўшимча танлаш имконияти берилади.

Бунда, Президент мактаби кириш имтиҳонининг 2-босқичида муваффақиятли иштирок этиб, ўқишга кира олмаган ўқувчилар ҳудуддаги ўзи танлаган ихтисослаштирилган мактабига белгиланган квота доирасида, тўплаган баллари кетма-кетлиги бўйича имтиҳонсиз қабул қилинади. Бунда квота доирасидан ошиб кетса имтиёз қўлланилмайди.

 Шунингдек, рўйхати Агентлик томонидан тасдиқланадиган халқаро, минтақавий ёки асосий фан олимпиадаларининг учинчи (вилоят) босқичи ёки унга тенглаштирилган босқичида математика, информатика, физика, кимё, биология фанларидан ғолиб ва совриндор бўлиб, 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган умумий ўрта, ўрта махсус ва бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ўзи таълим оладиган ҳудуддаги ихтисослаштирилган мактабларга қабул квотаси доирасида кириш имтиҳонисиз қабул қилинади;

 Бундан ташқари, ўқувчилар Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига ҳамда Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг 7-синфига ҳам алоҳида ҳужжат топширишлари мумкин.

Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон ва Самарқанд вилоятларида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари ташкил этилди. Ушбу мактабларга 2024-2025-ўқув йили учун фақат шу ҳудуднинг ўқувчилари ҳужжат топширадилар. Бу каби мактаблар келгуси йилларда босқичма-босқич қолган барча ҳудудларда ташкил этилиши режалаштирилган.

Президент мактабларига умумий ўрта таълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан қобилиятли ва иқтидорли, баҳолар табели асосида математика ва табиатшунослик фанларидан ўқув йилини аъло, яъни 5 баҳоларга тамомлаган ўқувчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинади.

Ижод, ихтисослаштирилган мактабларига ҳужжат топшириш жараёнида баҳолар табелида аъло баҳоларнинг бўлиши талаб этилмайди.

 Ўқувчилар фақат таълим олаётган мактабининг ҳудудидаги, яъни вилоятидаги Президент мактаби ҳамда ихтисослаштирилган мактабларига ҳужжат топшириши мумкин.

 Президент мактабларининг кириш имтиҳонлари икки босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилади:

  • биринчи босқич — математика фанидан жами 30 та тест шаклида ўтказилади.

 Биринчи босқич натижасига кўра қабул квотасида белгиланган ҳар бир ўринга 20 нафар ҳисобидан, ҳар бир мактабда жами 480 нафар максимал балл тўплаган ўқувчиларга иккинчи босқичда иштирок этишга рухсат этилади.

Иккинчи босқич кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан тест шаклида ўтказилади:

  • математика фанидан танқидий фикрлаш ва муаммони ечиш бўйича 40 та тест;
  • инглиз тили фанидан грамматика ва матн билан ишлаш бўйича 40 та тест саволлари.

Ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари йўналишлар бўйича бир босқичда қуйидаги фанлардан ўтказилади.

 

 Аниқ фанлар йўналиши бўйича:

  • 5 - 7-синфлар учун математика фанидан 30 та тест, инглиз тили фанидан 15 та жами 45 та тест;
  • 8 - 11-синфлар учун математика фанидан 20 та тест, физика фанидан 10 та тест ва инглиз тили фанидан 15 та тест жами 45 та тест шаклида ўтказилади.

 Табиий фанлар йўналиши бўйича:

  • 7-синфлар учун табиий sceince фанидан 30 та тест ва инглиз тили фанидан 15 та жами 45 та тест;
  • 8 - 11-синфлар учун биология фанидан 10 та тест, кимё фанидан 20 та тест, инглиз тили фанидан 15 та жами 45 та тест шаклида ўтказилади.

Агентлик тизимидаги таянч ихтисослаштирилган мактабларда кириш имтиҳонлари бир босқичда йўналишлар бўйича қуйидаги тартибда ўтказилади.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабида:

 Ахборот технологиялари йўналиши бўйича:

  • 5-синфлар учун математика фанидан 30 та тест, шундан 10 таси мантиқий фикрлашга йўналтирилган, инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та топшириқ тест шаклида ўтказилади.

Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабида:

 Биология ва кимё йўналиши бўйича:

  • 7-синфлар учун табиий sceince фанидан 30 та тест ва инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та топшириқ тест шаклида ўтказилади.

 Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабида:

 Физика ва астрономия йўналиши бўйича:

  • 7-синфлар учун математика фанидан 30 та тест, инглиз тили фанидан 15 та тест, жами 45 та топшириқ тест шаклида ўтказилади.

 Ижод мактабларининг кириш имтиҳонлари давлат тилида (Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида), Исъҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабида чет тилида 3 босқичда ўтказилади.

  • биринчи босқич — ижодий матн яратиш;
  • иккинчи босқич — ижодий суҳбат;
  • учинчи босқич — она-тили ва адабиёти фанидан 20 та тест, инглиз тили фанидан 15 та тест ҳамда интеллектуал қобилият даражаси бўйича 15 та тест, жами 50 та топшириқдан иборат тест синовлари шаклида ўтказилади.

 Кириш имтиҳонлари натижалари:

  • Президент мактабларида биринчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида, иккинчи босқичда имтиҳон топширилган кундан кейин 30 кун ичида;
  • ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда имтиҳон топширилган кундан кейин 20 кун ичида Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг