Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нодавлат ОТМларга «ўлпон», ўқитувчиларга «солиқ» — Республика Олий таълим кенгашининг махфий баённомаси кескин муҳокамаларга сабаб бўлди

Нодавлат ОТМларга «ўлпон», ўқитувчиларга «солиқ» — Республика Олий таълим кенгашининг махфий баённомаси кескин муҳокамаларга сабаб бўлди

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда Республика Олий таълим кенгашининг 29 ноябр куни тасдиқланган, ҳеч қаерда расман эълон қилинмаган махфий баённомаси орқали нодавлат ОТМларга 4 фоизлик «ўлпон» жорий қилингани кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Баённомада ёзилишича, нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан молия йили якунида тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағнинг мазкур маблағлар бўйича молия йили охирига қолдиғининг 4 фоиз қисмини Республика олий таълим кенгашига йўналтириш амалиётини жорий қилиш таклифи қўллаб-қувватланган.

Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг қайд этишича, нодавлат олий ўқув юртлари раҳбарларидан ушбу «ажойиб» ҳужжат билан танишиш сўралган, эътиборлиси, ҳужжат уларнинг қўлига берилмаган.

— Ҳужжатга мувофиқ, олий ўқув юртлари 25 декабрга қадар “ихтиёрий-мажбурий” тартибда шартнома имзолаши ва 25 январга қадар таълим муассасаси томонидан тузилган ўқув шартномалари қийматининг камида 4 фоизини ўтказиши шарт.

Яъни, Ўзбекистонда янги солиқларни нафақат Олий Мажлис, балки қаердан келгани ва нима билан шуғулланиши унчалик тушунарсиз бўлган ҳар қандай давлат идораси ҳам анча осон – йиғилиш баённомаси бандлари бўйича киритиши мумкин экан. Бу мамлакат — ҳеч қандай чекловларни ҳис қилмайдиган қудратли амалдорлар учун гўёки “мўжизалар майдони”, “сеҳрли чироқ”, битмас-туганмас “очил дастурхон”, — деб ёзади Юлий Юсупов.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевга кўра, бу баённома ҳеч қайси ОТМга ҳеч қандай мажбурият юкламайди.

Бу баённомани пеш қилиб, пул ўтказишни талаб қилиш, агар ўтказмаса, турли оқибатлар келтириб чиқариши (масалан, лицензиясини олиб қўйишга ишоралар ва ҳ.к.) мутлақо ноқонуний ҳисобланади. Бундай қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ (қоғозларда ҳар ҳолда).

«Бу таклифни қайсидир нодавлат олийгоҳ раҳбарлари берган эмиш. Яъни "бизнинг пулимиз кўпайиб кетди, шунга 4 фоизини сизларга берайлик" дейишибди. Баённомада айнан қайси нодавлат ОТМ ректорлари бунақа таклифни бергани ҳақида маълумот айтилмаган. Агар улар ростдан бор бўлса, унда эълон қилишса, яхши бўлар экан», дея муносабат билдирди Хушнудбек Худойбердиев.

Қўшимча қилинишича, гарчи баённома матнида мажбурийлик ҳақида гап кетмаган бўлса-да, аммо бундай мазмунда қарор чиқарилишининг ўзи ғалати. Бундай қарорлар камида Бизнес Омбудсман ҳамда Адлия вазирлигидан экспертизадан ўтиши керак.

Республика Олий таълим кенгашининг баённомасида олий таълимдаги ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини ушлаб қолиш ҳақида ҳам банд бор.

Унда айтилишича, 2025 йил юртимизда «Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йили» деб эълон қилингани муносабати билан кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига олий таълим тизимидаги раҳбар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббуси маъқулланган.

«Бу ташаббусни ким берган дейсизми? Албатта, яна ўша олийгоҳ ректорлари берган эмиш. Қайси ректорлар бу ташаббусни билдиргани маълум эмас. Лекин агар шунақа ректорлар ростдан бор бўлса, унда номард экан. Агар ўша ректорларни кўриб қолсам "Хоҳласангиз ўзингизнинг иш ҳақингизни 100 фоизини ўтказиб бераверинг, бу сизнинг ишингиз, лекин ўқитувчиларнинг ойлигига кўз олайтирманг ва бировнинг пулига хўжайинчилик қилманг" деган бўлардим», деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Унинг эслатишича, агар ходим ўзи рози бўлмаса, кўчат экиш ёки ободонлаштириш учун иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин эмас.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг