ММФИга кириш имтиҳонлари қандай тартибда олиниши маълум қилинди (фото)
Тошкент шаҳридаги ММФИ Миллий тадқиқот ядро университетига ўтган йили 100 нафар талаба ўқишга қабул қилинган эди. Мазкур йилда 731 абитуриент олийгоҳга кириш истагини билдирди. Ҳужжатларни қабул қилиш карантин талабларига риоя қилган ҳолда масофадан амалга оширилди.
Бугун бошланган кириш имтиҳонлари Ўзбекистон Миллий университети ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Имтиҳон жараёни 29 августга қадар давом этади. Ҳар бир имтиҳон ёзма равишда олиниб, билимлар савияси 100 балли тизимда баҳолаб борилади. Ҳар бир имтиҳон учун 40 балли қуйи чегара белгиланган бўлиб, ундан паст баҳо олганлар кейинги синовга қўйилмайди.
Кириш имтиҳони натижалари олийгоҳ сайтида эълон қилиб борилади. Энг кўп баллни қўлга киритган 100 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади. Узрли сабабга кўра кириш имтиҳонига кела олмаган абитуриентлар кечикиш сабабини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган ҳолатда захира кунида (29 август) синовдан ўтиш имкониятига эга. Захира кунида фақат битта имтиҳон топширилади.
ММФИ МТЯУ муҳандислик-физика соҳасида дунёнинг энг салоҳиятли университетларидан бири ҳисобланиб, энг кучли 100 та олийгоҳ қаторида тан олинган. BRICS университетлари рейтингида 30-ўринда, Евроосиё университетлари рейтингида эса 8-ўринда қайд этилган.
Университетнинг Тошкент шаҳар филиалида дарслар Москвадаги бош университет ўқув дастури бўйича олиб борилади. Дарс беришга Ўзбекистон ва Россиянинг малакали профессор ўқитувчилари жалб этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter