Боғчага навбат, таом сифати ва ошпазларнинг маоши. Вазирлик саволларга жавоб берди
Мактабгача таълим вазирлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир давомида соҳа доирасидаги саволларга жавоб бериб ўтилди. Xabar.uz мухбири ушбу тадбирда иштирок этди.
Энг аввало журналистларни нима сабабдан боғчаларга навбат кўплиги ҳақидаги савол қизиқтирди. Бу саволга вазирлик ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева жавоб бериб ўтди.
— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда амалга оширилган бир қатор ишларга қарамасдан, мактабгача таълим муассасаларига навбат ҳамон кўп. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Шунга ҳам аҳамият беришингизни сўрайман, юртимизда аҳоли сони ошиб бормоқда, туғилиш тенденцияси кўпайган.
Аксинча, тизимда ислоҳотлар бошланишига қадар ўтган 20 йил давомида боғчалар сони 11 мингтадан 5 200 тага тушиб қолгани ҳам вазиятга таъсир ўтказди. Бугунги кунда мавжуд вазиятни яхшилаш учун катта ишлар бажарилмоқда. Давлат раҳбарининг энг катта ташаббусларидан бири ҳам шу – мактабгача таълимни ривожлантириш. Эътибор беринг, болалар 3-7 ёшда базавий таълимни оладилар ва кейинчалик буни ривожлантириб борадилар. Биз мана шу таълим сифатини оширишга ҳаракат қиляпмиз, — деди Мавлуда Асқархўжаева.
Тадбир давомида ОАВ ходимларини мактабгача таълим муассасаларида овқатлантириш тизими қандай ташкил этилгани қизиқтирди. Таъкидланишича, боғчаларда егулик тайёрлаш ЖССТ тавсиясига кўра бажарилмоқда.
— Яхши биламиз, яқин йилларда муассасаларимиздаги энг катта муаммолардан бири ҳам овқатлантириш тизимида эди. Энг аввало вазирлик томонидан бу борадаги муаммоларни аниқлаш учун жуда катта таҳлил ўтказилди. Унга кўра, юмшоқ қилиб айтганда, боғчаларимизда тайёрланаётган таомлар болаларга у қадар ёқмаётгани аниқланди. Бунга нима сабаб бўлган? Энг аввало, боғчаларимизда таом тайёрлаш технологияси умуман бўлмаган. Ошпазлар қўлидан келганча овқатларни тайёрлаб кетаверишган. Таом сифати ҳам шунга яраша бўлган. Вазиятни ўнглаш учун алоҳида ишчи гуруҳ тузилди, унга вазирлик, соғлиқни сақлаш ва СЭОМ ходимлари киритилди.
Мутахассислар таом тайёрлаш жараёнини ўрганиб чиқдилар ва кундалик рационда мева-сабзавотлар улуши оширилиб, шакар миқдори камайтирилди. Бундан ташқари, сут ва гўшт маҳсулотларига алоҳида талаб киритилди. Боғчаларда тайёрланаётган барча таомлар ўрганиб чиқилди ва бунда ҳар бир ҳудуднинг талаблари кўрилди. Вазирлик томонидан мактабгача таълим муассасалари учун кулинар таомнома тайёрланди ва уни «Ақлвой ошпаз» деб атадик. Бунда ЖССТ кўрсатмалари ҳам инобатга олинди. Айни вақтда боғчалар учун ягона мавсумий меню ишлаб чиқилмоқда, — деди Болалар саломатлигини таъминлаш ва ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Умида Мухитдинова.
Шунингдек, матбуот анжумани давомида мактабгача таълим муассасалари ходимларининг маоши жуда пастлиги кўтарилди ва вазирликдан ушбу масалани тушунтириб бериш сўралди. Саволга Мактабгача таълим вазирлиги молиявий иқтисодий ривожланишни режалаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Пардаев жавоб берди.
— Бу савол бизга илгари ҳам берилган. Дарҳақиқат боғчаларда иш ҳақи бошқа таълим ташкилотларга қараганда сезиларли даражада кам. Биз 2021 йилнинг охирида тегишли ҳисоб-китобларни амалга оширдик. Унга кўра, иш ҳақини кўтариш учун бир йилда ўртача 1 ярим триллион сўм маблағ талаб қилиниши аниқланди. Биз бу лойиҳани молия вазирлигига берганмиз. Унга кўра, директордан тортиб, техник ходимларгача маошни ошириш кўзда тутилган. Охирги музокараларга кўра, молия вазирлиги бу маблағни топиб беришини билдирган, аммо маошни оширишни босқичма-босқич амалга ошириш таклифи берилди. Бизнинг олдимизда иккита йўл бор, биринчиси: кейинги ўқув йилидан бошлаб маошларни ошириш бошланади. Иккинчиси: айрим лавозимлар учун бу йил, бошқалари учун эса 2023 йилдан бошлаб иш ҳақини ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда, — деди Ш.Пардаев.
Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева тадбир давомида ОАВ ходимларига мурожаат қилиб, ушбу масалани кенгроқ ёритишни сўради. «Маошнинг камлиги коррупцияга олиб келади. Масалан, болалар боғчаларидаги ошпазларнинг иш ҳақиси жуда паст, бу масалани кўпроқ ёритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди», — деди М.Асқархўжаева.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter