Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яна педофилия. Бундай одамлар тузаладими?

Яна педофилия. Бундай одамлар тузаладими?

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкентда 12 ёшли қизалоқ Муслима педофил томонидан ўлдирилгани эсингиздами? Фожеага ҳеч қанча бўлмасидан бундай шумхабарлар оқими ҳамон давом этмоқда: «Қашқадарё вилоятида вояга етмаган ўғил жиянини зўрлаган эркак 16 йилга қамалди» – қарийб 50 ёшга яқинлашиб қолган амаки 8 ёшли жиянига зўравонлик қилади. Яна бир хабар: «Қашқадарёда асраб олган қизининг номусига теккани айтилган эркакка ҳукм ўқилди.» Куни кеча «Сукут сақлама» (Не молчи) каналида «Тошкент. Диққат зўравон қидирилмоқда» хабари турибди-да. Бугун видеоёзувлардан аниқландики, бу эркакнинг ёши 50 дан ҳам ошиб кетган, қизалоқ эса саккиз ёш... Педофилларга қанча нафратимизни сочмайлик, қонуний жазоларни кучайтирмайлик улар қўзиқориндек кўпайишда давом этмоқда. Шу кунларда педофиллар ҳақида болалар психологи Муаззам Иброҳимованинг «Педофилларнигина эмас, педофилия сабабларини ҳам йўқотайлик» ва амалиётчи психолог Мадина Мийтаннинг «Педофилнинг бошида нима бор?» мақолаларини ўқиш асносида вазият биз ўйлагандан ҳам жиддий эканлигини англадим ва саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдим.

Ҳамма педофил педофиллик қиладими?

Муаззам Иброҳимова: «Педофилия (ёки инфантосексуализм, падерозия) жинсий оғишлар билан боғлиқ мураккаб руҳий касалликдир. У касалликларнинг халқаро таснифига киритилган бўлиб, жинсий мойилликнинг бузилиши билан характерланади. Минг афсус, азалдан педофилия бўлган. Эски номи «баччавозлик». Педофиллар деганда учта тоифадаги шахслар тушунилади:

Биринчиси – бошиданоқ жинсий шерик сифатида болаларни афзал кўрадиганлар.

Иккинчи тоифага – дастлаб катталарга кўнгли мойил бўлган, лекин катталар билан ўзаро муносабатлардаги омадсизликлар натижасида диққатини болаларга қаратган педофиллар киради.

Учинчи тоифа – бу нафақат бошқа одамларнинг болалари, балки ўз фарзандлари, қариндошлари билан ҳам жинсий алоқада бўлишдан тап тормайдиган манқуртлар киради.

Педофилия ташхиси психиатрик текширувлардан сўнг, психиатр шифокор томонидан қўйилади».

Мадина Мийтан: «Аслида булар ўзларини намоён қилиб қўйганлари, лекин уларнинг кўпчилиги ҳеч қачон ўз фантазияларини амалга оширишга журъат эта олмайди. Яширин бўлган педофиллар бор. Психологик суриштирувларга кўра ҳақиқатан ҳам, кўплаб педофиллар болалигида ўзлари бошқа одамлар томонидан жинсий ҳаракатлар қурбони бўлишган: одобсиз тегинишлар, узоқ вақт тушунарсиз жинсий ҳаракатлар, эротик «ўйинлар» ва зўрланиш.

Педофиллик хулқ-атвори учун судланганлар орасида тахминан 30 фоизи болалигидан шундай қурбонлик тажрибасини олишга маҳкум бўлганлар. Педофиллар орасида ақлий заифлик ташхиси қўйилганлари камроқ (15 фоиз ҳолларда). Бундай одам ўзига яқин ҳиссий етуклик даражасига эга бўлган шерикни излашга интилади. Бундай шерик билан у ўзини қулай ва ишончли ҳис қилади. Ва, бунда кўпинча қурбон болалар бўлади. Атроф-муҳит, таълим ва эрта номақбул жинсий таассуротлар ҳам педофиллик йўналишини шакллантиришга таъсир қилади. Таълим сифати паст давлатларда шунинг учун ҳам бу кўрсаткич баланд ҳисобланади. Ва, албатта, доимий бунақа хабарларнинг психик носоғлом одамларга таъсири кучлироқ бўлади. Шунинг учун хабарлар тарқалаётганда доимо эътиборли бўлишимиз керак. Баъзида, жабрдийдага ёрдам берамиз деб ОАВ дан тескари эффект учун ишлаб қўйишимиз ҳам мумкин. Орамизда «улар» борлигини унутмаслигимиз керак».

Яна кимлар педофиллик қилиш мумкин?

Муаззам Иброҳимова: «Пала-партиш жинсий ҳаёт кечирувчи, гиёҳванд, психотроп моддалар, спиртли ичимликлар таъсирида эс-ҳушини йўқотганлар ҳам ўзи билмаган холда педофилга айланиб қолиши мумкин.

Шунинг учун сергак она бўкиб ичиб олган, гиёҳвандлик туфайли сархуш ётган эри, ака-ука, ҳатто отасининг олдига фарзандларини йўлламайди ва уларни асло ёлғиз қолдирмайди!!!

Яна жинсий таҳқирланганлар, зўрланган собиқ маҳкумлар ҳам педофилликка мойил бўлади.

Яна бир гап. Турмуши бузилган баъзи аёллар қайта турмуш қуради ва ҳали яхши синалмаган, лекин ўта меҳрибон кўринаётган ўгай отага болаларини ишониб қолдиради.

Педофил учун эса бу айни муддао. Шов-шув бўлиб, жамиятни ларзага келтирган кўп жиноятларда жиноятчи, айнан ўгай ота ёки она бўлиб чиқаётгани гапимнинг исботидир.

Фақат ўзбеклигимизга бориб ёки халқ ғазабидан қўрқиб, жиноят иши малакаланаётганда педофилия аломатлари ҳар доим ҳам ошкор этилмайди».

Мадина Мийтан: «Классик руҳий хасталардаги (шизофрения, маниакал-депрессив психоз) барча ҳолатларни атиги 4 фоизида бундай педофил хатти-ҳаракатлар кузатилган. Яъни, бу ташқаридан ҳаммамиз учун кўриниб турган руҳий касаллар «педофил бўлиши мумкин» деган шубҳа, хавотир билан гумонланиб ҳаммасидан бирдай қўрқишимиз шарт, дегани эмас. Жуда камдан-кам ҳолларда, қўзғатувчи неврологик касаллик (масалан, эрта деменция) ёки мия шикастланишида педофиллик ҳолатлар кузатилиши мумкин. Қизиғи шундаки, педофилларнинг аксариятини эркаклар ташкил қилади. Аёлларда педофилия ҳолатлари ҳали ҳам жуда кам ўрганилган».

Бундай одамларга ёрдам бериш...

Муаззам Иброҳимова: «Педофилизм дардига йўлиққан касалларга нафратлар, хитоблар мутлақо таъсир қилмайди. Саратонга чалинган одамларни шеър ва таъсирли мақола, роликлар билан даволаш мумкин бўлмагандай, педофилларни ҳам даволаб бўлмайди, даволаш ҳозирча аниқ ишлаб чиқилган схемага эга эмас. Аксарият ҳолларда бундай оғишни тузатиш жуда қийин. Одатда, яхшиланиш фақат одамнинг ўзи даволанишни жуда хоҳласа самара беради. Аксарият ҳолларда прогноз шубҳали.

Педофилия ҳар доим ҳам алоҳида касаллик бўлиб учрамайди. Баъзи ҳолларда шизофрения, психопатия, истерия ёки бузуқ тарбиянинг кўринишлари билан бирга намоён бўлади. Одатда бу ҳолатда психиатрлар характер патологияси ҳақида гапиришади, чунки аксарият педофиллар ўзларининг ҳаракатлари ғайритабиий, ҳалокатли ва болага тузатиб бўлмайдиган маънавий шикаст етказиши мумкинлигини яхши билишади.

Бироқ у қамалган билан жамият педофиллардан тозаланиб қолмайди. У кастрация қилинса ҳам. Халқаро тиббиёт классификациясига кўра касаллик ҳисобланувчи педофилия йўқ бўлмайди. Уни таг-томири билан йўқ қилиш учун эса ҳукумат ота-оналарни мардикорлик тамғасидан қутқариб, муносиб иш бериши, болалар бегоналар қўлида эмас, оила қучоғида катта бўлиши керак!»

Мадина Мийтан: «Каролинск институти (Швеция) шифокорлари яқинда педофилларга ўзини қўзғатувчи манбасини енгишига ёрдам берадиган дори синовини якунлашни режалаштирмоқда. Ушбу препарат эркаклик гормони бўлган тестостеронни ишлаб чиқаришни бостиради. Ҳозирда бу простата саратонини даволашда қўлланилмоқда, аммо тадқиқотчилар синов якунлангач уни педофилларда қўллаш учун янги йўлларни очишига умид қилишмоқда.

Гормон терапияси бугунги кунда педофилия учун энг истиқболли даволаш ҳисобланади дейишмоқда тадқиқотларчилар. Гарчи унинг ўзига хос нархи (қиммат) бўлсада: у тестостерон ишлаб чиқарувчи «кранни» ўчиради, шунда одам умуман жинсийн истакни йўқотади дейишмоқда.»

Педофилликка майли бор «фаришталар» қачон ошкор бўлади?

Муаззам Иброҳимова: «Педофилиянинг белгиларидан бири: эркакнинг болалар билан ғайритабиий мулоқот қилиш истаги ортишида намоён бўлади.

У болалар билан бирга ёлғиз сайрга чиқишни, чўмилишга бориши, сузишни ўргатишни таклиф қилиши мумкин.

Балки мақоламдан сўнг миллатимизга унча ёпишмаган бир иллатни бўрттириб юборганимни таъна қилишар, лекин сўнгги воқеалар огоҳликка давъат этади.

Уларни қуйидаги омиллар жунбушга келтиради: ичкилик, психотроп моддалар, бош мия жароҳати, юқумли касалликлар мудраб ётган «шайтон»ни уйғотиб юбориши мумкин. Тенгига нисбатан жинсий қобилиятсизлик ҳам худди шундай таъсир кўрсатади.

Яна бир тоифа педофиллар – болалигида жинсий тажовуз қурбони бўлган эркаклардир».

Мадина Мийтан: «Ҳозирги вақтдаги яна бир фаол илгари сурилаётган фаразлардан бири, педофилия орбитофронтал кортекс ва бошқа зоналардаги бузилишлар билан боғлиқ бўлиб, улар мияга кирувчи жинсий импульсларни ўз ичига олар экан. Орбитофронтал кортекс бизнинг инстинктив истакларимизни ушлайдиган тармоқ вазифасини бажаради. Масалан, машинамизни олиб кетаётган эвакуатор ҳайдовчисини калтаклаш, даволовчи шифокорни дўппослаш ёки хоҳлаган бирор бегона одамни ўпиш билан «уриш» ва ҳ.о.

Кўпинча, педофиллар ўзларининг хоҳиш-истакларини тия олмаганларида ва зўравонликни амалга оширгандагина ўзларининг кимлигини билдириб қўйишади. Яъни, тўғрироғи шундагина биз унинг ёмон одамлигини билиб қоламиз, унгача эса билмаймиз ва шубҳаланмаймиз ҳам.

Орбитофронтал кортексдаги мия шиши эса илгари ҳеч қачон бундай хатти- ҳаракатларни содир этмаган катталарда ҳам педофиллик хатти-ҳаракатларини амалга оширишга сабабчи бўлиши мумкин экан.

Худди ана шу муаммо кўпинча бир марта судланган педофилларни жиноятларни яна такрорлашга ундар экан. Айнан шу тоифа айниқса хавфли ҳисобланишини жазоловчи органлар ҳисобга олишлари керак назаримда. Дейлик, биринчи сафар енгилроқ хатти- ҳаракати учун жазоланган ва тезда озодликка чиққанлар янаям хавфли гуруҳ вакиллари бўлиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Шу сабабли ҳам, педофил зўрловчини қайта тарбиялаш учун қамоқнинг ўзи етарли жазо ҳисобланмайди. Яъни, бунинг ўзи тўла ечим эмас. Тегишли тарзда даволаниш ҳам талаб қилинади. Ҳеч бўлмаганда, бу педофил одамни ўз миясининг қоронғу жойларидаги фикрларидан ҳимоя қилиш мумкин. Бу янги қурбон изламаслигини учун ҳам керак, ҳеч бўлмаганда жамиятни хавфсизлиги учун янада муҳим».

             Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг