Путиннинг икки катта хатоси
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Financial Times газетасида чоп этилган мақоласида Путиннинг хатоларини санаб ўтди.
«2022 йилда Украинада ҳарбий амалиёт бошлаган Россия президенти Владимир Путин «иккита катта стратегик хато»га йўл қўйди», — деди Столтенберг.
НАТО бош котиби ортда қолаётган йилни сарҳисоб қиларкан, унинг «Европа хавфсизлиги учун Иккинчи жаҳон урушидан буён энг мураккаб», «Украина халқи учун фавқулодда оғриқли» ҳамда Путин учун «Тушкун омадсизликлар йили» бўлганини таъкидлади.
Биринчи хато
Столтенбергнинг фикрича, Путиннинг биринчи стратегик хатоси — «Украинага тўғри баҳо бермади». «У (Путин) саноқли кунлар ичида Киевни эгаллаб, ҳукуматини бошсиз қолдираман деб ўйлади», — ушбу жумлаларни ёзган НАТО бош котиби Украинадаги уруш бошланганидан буён 10 ой ўтгани, Россия сўнгги ўн йилликлардагига қараганда «янада камбағаллашиб, иҳоталаниб қолгани»ни эслатиб ўтди.
Иккинчи хато
Путиннинг иккинчи стратегик хатоси — «НАТО бирдамлиги»ни эътибордан қочирди. Алянс мамлакатларини «бўлиб ташлаб», уларни Украинани қўллаб-қувватлашдан маҳрум қилмоқчи бўлди, деди Столтенберг. «Гарчи НАТО ушбу низо томонларидан бири бўлмаса-да, Украинанинг БМТ низомида мустаҳкамланган ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашда ва унинг озод ва демократик мамлакат бўлиб қолишида ёрдам кўрсатишда иттифоқчилар ҳар қачонгидан-да бирдам», — дейилади мақолада.
«2014 йилдан бошлаб АҚШ, Буюк Британия, Канада ва НАТОнинг бошқа мамлакатлари ўн минглаб украин аскарларини ўқитиб, бу мамлакат қуролли кучларидаги ислоҳотни қўллаб келишмоқда. Шунинг учун ҳам февралда украин қуролли кучлари яхшироқ бошқарув, яхшироқ билим, яхшироқ таъминотга эгаликларини кўрсатишди», — таъкидлади алянс бош котиби.
«Путин НАТО билан чегаралари камроқ бўлишини истаганди. Бунининг аксини кўрмоқда: НАТО кучайиб, йириклашмоқда», — деб ёзган Столтенберг тез орада Финляндия ва Швеция алянсга аъзо бўлишини эслатиб ўтди. Уларнинг НАТОга қўшилишини Украинада уруш бошланишидан аввал «тасаввур ҳам қилиш қийин эди», деди у.
Столтенбергнинг фикрича, кучларни қайта тақсимлаш, қайта қуролланиш ва янги ҳужумга тайёрланиш учун, ҳозир Россия жанговар ҳаракатлар зонасидаги вазиятни «музлатиш»га умид қиляпти. «Путин чинакам тинчликка интилаётганининг «ҳеч қандай аломатларини кўрсатмаяпти». Музокаралар столида юз бераётган нарсалар жанг майдонида юз бераётганлари билан бевосита боғлиқлигини унутмаслигимиз керак.
«Украинанинг енгилиши унинг ҳалокатини англатади, бутун дунёни янада хавфлига айлантиради, НАТО мамлакатларини эса заифлаштиради», — деб ёзган бош котиб Ғарб мамлакатларини Киевга бу қишда ва яна қанча вақт талаб этилса, ёрдам беришда давом этишга чақирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter