Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Отабек Маҳкамов нега шахсий, диний ва сиёсий саволларга жавоб бермайди? (видео)

Инсон ниманидир эзгу мақсад қилса, бутун коинот уни шу мақсадига етиштириш пайида бўлади. Биз ҳам кўп қиррали ижодкор ва барчамизга таниш ҳуқуқшунос Отабек Маҳкамов билан суҳбат қуриш мақсадимизни коинотдан бироз пастроқда, ер сатҳидан эса 110 метр баландликда амалга оширдик.

Отабек Маҳкамов 1984 йил 5 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган.

Озодбек Назарбековнинг «Мени кучлироқ сев» қўшиғининг клипи ҳам унга омад олиб келган.

У рол ижро этган фильмлар: «Бўрилар-3: Охирги қарз», «Мажруҳ», «Мен юлдузман», «Жодугар», «Ёндиради-куйдиради»  ва «Фотима».

2016 йилда Отабек Маҳкамов АҚШга кўчиб кетганидан буён Нью-Йорк радиоси ва шахсий YouTube каналида журналистик фаолият билан шуғулланмоқда.

– Ассалому алайкум, Отабек ака. «110 метр баландликда» кўрсатувимизда сизни кўриб турганимиздан бағоят мамнунмиз. Аввало, март ойида режалаштирилган «Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув» китобингизнинг тақдимоти билан олдиндан муборакбод этмоқчимиз.

– Ваалайкум ассалом, Эъзозахон. Жуда кўп интервьюларда қатнашганман, аммо бу қадар тарихий ва унутилмас локацияда интервью биринчи маротаба ўтказиляпти. Бу ерга кириб келган пайтим шуни тушундимки, дунёдаги деярли барча телеминораларда бўлган эканман-у, лекин ўзимизникида ҳеч қачон бўлмаган эканман. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганлари шу бўлса керак. Аммо ҳечдан кўра кеч, мана сиз сабаб бугун бу хатони тузатдим. Бунинг учун xabar.uz жамоасига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Китобимнинг тақдимотига келадиган бўлсак, афсуски, май ойига кўчиришга тўғри келди. Рамазондан кейин халқимизга ҳайитлик бўлади.

– Мана ушбу китобингиз ҳақида бироз маълумот бериб ўтинг, китобнинг қаҳрамонлари кимлар, улардан олган мотивацияларингиз...

– «Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та учрашув» китобимни уч тилда ёздим: ўзбек, рус ва инглиз. Сўнгги 3 йил давомида ёзиб, тугатилган мазкур китобимда 18 йиллик ижодий фаолиятим мобайнида дунёнинг 52 та давлатларида учратган 100 та ёнимиздаги афсоналар ва уларнинг ҳар биридан олган мотивацияларим ҳақида баён этилган. Баъзилардан қандай бўлишни ўрганган бўлсам, бошқа бирларидан ҳаётда қандай бўлмасликни ҳам ўргандим.

Китобнинг асосий шиори: «Бу ҳаётда ҳеч ким дўст ҳам, душман ҳам эмас. Ҳар бир инсон биз учун улуғ устоз!»

Китобни 12 йил аввал саратондан вафот этган онажонимга бағишладим ва ундан тушган фойданинг бир қисми бемор болажонларни даволашга сарфланади.

– Журналистлик фаолиятингиздаги илк суҳбатингиз ким билан бўлган? Интервьюдан кўнглингиз тўлганми?

– Рости, ўзим билмаган ҳолда бошланиб кетган бу фаолиятим. Энг биринчи суҳбатим бехосдан бошланиб кетган, ҳатто у инсондан интервью олишни режалаштирмаганман ҳам. Тошкент кинофорумида Андрей Малахов билан бўлган илк интервьюдан умуман кўнглим тўлмаган. Чунки унинг каби менда яхши таассурот қолдирмаган. Шу кунга қадар Болливудда ҳам, Голливудда ўзим орзу қилган деярли барча машҳур инсонлар билан танишиб, суҳбат қуришга муваффақ бўлганман ва уларнинг 97 фоизи камтар инсонлар бўлган. Чунки буюклик – оддийликда!

– Ҳаётингизни ўзгартирган суҳбат, қайсидир қаҳрамоннинг гапидан қаттиқ таъсирланган пайтингиз бўлганми?

– Бундай суҳбатлар жуда ҳам кўп. Шунинг учун ҳам келаси йил чиқаришни режалаштираётган иккинчи китобимнинг номи «Юксаклик сари тасодиф бўлмаган 100 та интервью» бўлади. Яъни, бу китобида фақат учрашувлар ҳақида ёзилган бўлса, кейингисида учрашган инсонларим билан бўлган суҳбат батафсил баён этилади. Менга энг таъсирли бўлган учрашув Энрике Иглесиас билан бўлган эди. (Отабек Маҳкaмовнинг Энрике Иглесиасдан қандай ҳаётий сабоқ олгани ҳақида Xabar.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин).

– Фаолиятингизни Америкада юритишингизнинг сабаби нимада? Ўзбекистондаги яхши ОАВлардан ҳам таклиф бўлса, ишингизни Ўзбекистонда давом эттиришингиз мумкинми?

– Ҳозирда Нью-Йорк радиосида фаолият олиб бораман ва у ерда мен мазза қилиб ишлайман. Сабаби у ерда сўз эркинлигига катта эътибор қаратишади. Тўғри, Ўзбекистонда ҳам охирги беш йил мобайнида сўз эркинлиги бўйича жиддий шамоллар бор. Албатта, ҳозир ҳам ўзбек ОАВларидан бир қанча таклифлар бўляпти.

– Чет элда фаолият юритсангиз ҳам, асосий қаҳрамонларингиз нега ўзбеклар?

– Йўқ, 50га 50 деса ҳам бўлади. АҚШга энди борган кезларим Ўзбекистондан қачонлардир кетган машҳур кишиларнинг деярли барчасини топдим. Чунки халқ уларни соғинган ва ҳозирги ҳаёт тарзи, фаолиятига қизиқарди. Кейинчалик эса дунё таниган кўплаб инсонлар билан суҳбат қуришга муваффақ бўлдим.

– Биламизки, АҚШда радиобошловчиликдан ташқари хориждаги ватандошларимизнинг ҳам яхши кунларида хизмат қиласиз. Хорижликларнинг ҳам тўйларида хизмат қилганмисиз ва у ернинг урф-одатлари сизга қанчалик ёқади?

– Жуда ҳам кўп маротаба қатнашганман хорижликларнинг ҳам тўйларида. Чунки Нью-Йорк дунё пойтахти, у ерда йўқ миллатнинг ўзи йўқ. Менга энг эсда қоларлиларидан бири – бу жазоирликларнинг тўйлари бўлган. Чунки уларнинг ноодатий урф-одатлари менга жуда ёққан. Жумладан, уларда нафақат келин, балки куёв ҳам оппоқ либосларда қўлларида олов кўтариб тўйхонага кириб келишади. Қолаверса, эронликларнинг тўйида қилич кўтариб рақсга тушишлари ҳам жуда ёқади. (Отабек Маҳкамов афроамерикаликларнинг тўйида қандай рақсга тушиши сизга ҳам қизиқ бўлса, Хabar.uz YouTube каналида видеони томоша қилинг).

– Ахборот технологияларининг ҳаётингизда тутган ўрни қандай?

– Одатда техникаларга унчалик қизиқмайман. Аммо технология соҳасининг ривожланишини қўллаб-қувватлайман. Жумладан, IT технологияларига нисбатан ҳам жуда ижобий фикрдаман.

– Смартфонларнинг сўнгги русумдагисига муккасидан кетган инсонлар сирасига кирасизми? Ҳозир деярли барча машҳур инсонларнинг қўлида iPhone 13 Pro Max…

– Менда ҳам шундай, афсуски! Ўзим билмаган ҳолда. Чунки мен учун телефон фақат алоқа воситаси, 2-3 йиллаб ҳам телефонимни алмаштирмай юравераман. Бу йил турмуш ўртоғим менга сўнгги русумдаги iPhone совға қилганлиги учунгина фойдаланяпман. Тўғриси, 16 йил мобайнида фақат андроид ишлатганлигим учун ўзимни худди энг олис «колхоз»дан келган кишидек ҳис қиляпман.

– Мен сизга сиз кутган ва сиз ҳар доим эшитадиган саволни бермоқчи эмасман, саволим аксинча: Америкага нима учун бормаслик керак?

– Агар ўз юртингизда муваффақиятга эриша олмаган бўлсангиз, Америкада ҳам эриша олмайсиз. Яхшиси, бормаганингиз маъқул. Агар муваффақиятга эришишингизга кимдир тўсқинлик қилаётган бўлса, у ҳолда кетинг! Масаланинг иккинчи тарафи ҳам бор, Ўзбекистондаги рақобатга бардош беролмаган кишининг Америкада нимагадир эришиши қийин масала.

Отабек Маҳкамов кимга жаҳл қилиб кино оламига кириб келгани ва қайси журналистга интервью олиш қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш учун ўз фаолиятини бошлаганлиги ҳамда ҳеч қайси суҳбатда айтмаган гаплари ҳақида Хabar.uz YouTube каналида кўришингиз мумкин.

Эъзоза ТУРҒУНОВА суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг