Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Немис мўъжизаси»: Германия таълим инқилобини қандай амалга оширган эди?

«Немис мўъжизаси»: Германия таълим инқилобини қандай амалга оширган эди?

Икки жаҳон урушидаги аянчли мағлубиятдан сўнг Германия таълимга инвестицияни жадал тарзда киритишни бошлайди. Шу билан биргаликда олий таълимни халқаро талабалар учун текин қилиб қўяди ва натижада турли давлатларнинг «олтин бошлари» бу ерда йиғила бошлайди. Улар билан Германия нафақат таълимда, балки иқтисодиётда ҳам юксак натижаларга эришиб келяпти. Ҳозирги кунда Германияни келиб чиқиши немис бўлмаган турли соҳа вакилларисиз тасаввур қилиш жуда қийин.

Германияда таълимнинг гуркираб ривожланиш XIX асрга бориб тақалади. Ўша вақтга қадар таълим биринчи навбатда черковлар зиммасига юкланар эди. XIX асрга келиб эса давлат таълим тизимини ривожлантиришни ўз зиммасига олди. Шу мақсадда иш, аввало ўқитувчиларни профессионал тарзда тайёрлашдан бошланди.

Таълим малакаси дастлаб давлат хизматига кириш учун шарт қилиб қўйилди. Бу шахснинг касбий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини тобора кўпроқ белгилайдиган бўлди.

Биринчи жаҳон урушидан кейин бошланғич мактаб, касб-ҳунар таълими ва умумий ўрта мактаб кенгайтирилди. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, нафақат бутун Европада, балки Германиянинг ҳар бир федерал ҳудудида кам таъминланган оилаларнинг болалари учун ўрта маълумот кенгайтирилди, ўрта мактаб, университет ва техникумлар очилди.

Германиянинг ҳозирги кундаги ялпи ички маҳсулоти деярли 4 трлн доллар, ер майдони 357 минг кв/кмдан ортиқроқ. Таққослаш учун: Россия Федерацияси ялпи ички маҳсулоти 1,7 трлн доллар ва унинг ер майдони 17 млн кв/км. Айтмоқчиманки, Германия Россиядан 48 баробар кичик бўлишига қарамай, топаётган пули салкам икки ярим марта кўп.

Германия ЯИМнинг қанчасини таълимга сарфлайди?

Таълим харажатлари тизимда мавжуд бўлган молиявий ресурслар ва жамиятнинг таълимга бераётган аҳамияти кўрсаткичи ҳисобланади. 2007 йилда Германияда таълим, тадқиқот ва фан учун 204,1 млрд евро маблағ ажратилган.

Таълим даражаси қанчалик баланд бўлса, ўқувчига шунча кўп пул сарфланади. Агар 3 ёшдан 29 ёшгача бўлган аҳолига таълим муассасалари учун сарфланадиган харажатларни ҳисоблаб чиқсак ва уни кишига бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) билан боғлайдиган бўлсак, бир киши учун ЯИМнинг 18 фоизи таълимга сарфланади. 

Аммо ЯИМнинг юқори-пастлиги давлатларнинг таълимга оз ёки кўп пул сарфлашини англатмайди. Шундай давлатлар борки, ЯИМи жуда оз бўлишига қарамай, армия ва бошқа шунга ўхшаш соҳаларга нисбатан таълимга кўпроқ пул ажратади.

Германия иқтисодиёти пандемиягача бўлган 20 йил давомида доимий ўсиб борган, аммо сўнгги йилларда таълим харажатларининг ўсиши ЯИМ улушида бироз орқада қолди, лекин шунга қарамасдан, ЯИМнинг доимий равишда ўсиши таълимга ажратилаётган сумма фоизда камайса ҳам умумий ҳисобда ортяпти.

Буни юқоридаги статистикада ҳам кўриш мумкин (1995 йилдан бери таълимга ажратилаётган сумма доимий равишда ўсиб боряпти ва ҳозирда 158,6 млрд долларни ташкил этади, бу сумма Ўзбекистан ЯИМнинг 3 баробарига тўғри келади)

1995 йилда таълим учун ЯИМнинг 6,8 фоизи ва 2007 йилда эса 6,1 фоизини ташкил этди (ҳисобот 2010 йил).

Ҳозирги кунда Германия дунёда энг яхши таълим берувчи давлат сифатида 4-ўринни эгаллайди. «The Times Higher EducationWorld University Rankings 2020»га кўра 99 та энг яхши университетдан 8 таси Германияда жойлашган. Олий ўқув юртлари сони 424 та ва бу ерда жами 2 948 700 талаба таҳсил олади. 2020 йıлда олий таълимга 488 600 нафар янги талаба қабул қилинган.

 

Энг катта университетлар:

  • Ҳаген университети — 67.873 талаба
  • Кёлн университети — 54.105 талаба
  • Людвиг-Максимиллианс университети — 52.425 талаба
  • Рейн-Вестфалия техника университети — 45.944 талаба
  • Франкфуртдаги Гёте университети — 45.604 талаба
  • Вестфалиядаги Вилгелм университети — 45.022 талаба
  • Ҳамбург университети — 43.509 талаба
  • Рур Бохум университети — 43.166 талаба
  • Дуйсбург-Эссен университети — 43.029 талаба
  • Мюнхен техника университети — 41.768 талаба

Энг кўп талабаларга эга шаҳарлар:

  • Берлин — 194.000 талаба, аҳолининг 5,5 фоизи
  • Мюнхен —114.00 талаба, аҳолининг 7,5 фоизи
  • Кёлн — 106.000 талаба, аҳолининг 9,5 фоизи
  • Ҳамбург — 93.000 талаба, аҳолининг 5 фоизи
  • Франкфурт — 73.000 талаба, аҳолининг 9,5 фоизи
  • Мюнстер — 62.000 талаба, аҳолининг 19,5 фоизи
  • Дюсселдорф — 59.500 талаба, аҳолининг 9,5 фоизи
  • Бохум — 59.500 талаба, аҳолининг 16,5 фоизи
  • Ахен — 59.000 талаба, аҳолининг 24 фоизи

Талабалар энг зич шаҳарлар:

  • Миттвай – аҳоли сони 14 900, 46 фоизи (6 800) талаба
  • Гисен – аҳоли сони 88 500 киши, 45 фоизи (39 750) талаба
  • Фуртванген – аҳоли сони 9 100 киши, 38 фоизи (3 450) талаба
  • Вилдау – аҳоли сони 10.100, 37 фоизи (3.700) талаба
  • Биркенфелд – аҳоли сони 6.900, 32 фоизи (2.150) талаба
  • Марбург – аҳоли сони 76.750, 32 фоизи (24.250) талаба
  • Готтинген – аҳоли сони 120.000, 30 фоизи (35.750) талаба
  • Вайнгартен – аҳоли сони 25.000, 30 фоизи (7.450) талаба
  • Тубинген – аҳоли сони 89.500, 29,5 фоизи (26.800) талаба
  • Айхстетт – аҳоли сони 13.500, 29 фоизи (3.900) талаба

Хориждан келган талабалар

2020 йилда дунё бўйлаб 4,7 миллион хорижий талаба таҳсил олди. Хорижий талабаларни ўзига жалб қилишда АҚШ, Буюк Британия ва Австралиядан кейин 4-ўринни Германия (359.000 нафар талаба, 2017 йил) эгаллайди. Бу дегани бутун дунёдаги халқаро талабаларнинг 7,6  фоизи Германияда билим олади.

Ҳозирги кунда ҳар 100 талабадан 12,8 нафари Германияда чет эллик ҳисобланади. Бунга асосий сабаблардан бири бу ерда тўлов контрактининг мавжуд эмаслигидир. Фақат биргина федерал минтақа — Баден-Вюртембергда бу тўлов мавжуд, у ҳам йилига 3000 еврони ташкил этади.

Энг кўп талабалар Хитой, Ҳиндистон, Россия, Австрия ва Италиядандир. Умид қиламанки, яқин йилларда Ўзбекистон ҳам шу қаторга қўшилади.

Немис университетлари ўртача ҳисобда битта талаба учун йилига 11 000 евро сарфлайди. Улардан энг қиммати тиббиёт талабаси учун — 31.690 евро (тах. 383 млн сўм). Энг арзони санъат соҳаси учун — 6700 евро.

Хулоса қилиб айтиш лозимки, бир жамиятнинг ривожланишида таълим умуман ўрнини тўлдириб бўлмас нарса мисолида бўлиши лозим. Буни урушдан бутунлай вайрон ҳолда чиққан ва давлати иккига — ғарбий ва шарқий Германияга бўлинган бир ҳолатда немис халқи ўз мисолида кўрсатиб берди.

Ҳожимурод Умрдинов,
Ҳайнриҳ Ҳaйне номидаги Дюсселдорф
университетининг тиббиёт факультети 3-курс талабаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг