Дунёнинг инновация бўйича пешқадам ўн давлати. Улар орасида Ўзбекистон йўқ, аммо Осиёнинг уч вакили бор
XXI аср инновацион технологиялар юзйиллигига айланмоқда. Дунёнинг йирик мамлакатлари ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби илм-фан ва технологиялар жабҳасида ҳам беаёв кураш кетмоқда.
Инновация, илмий янгиликлар соҳадаги рақобат олдида қуролланиш пойгаси ҳеч нарса бўлмай қолди. Таъбир жоиз бўлса, дунёга ҳукмронлик мезони ҳам ўзгараётир. Яқин-яқингача дунёга ҳукмфармолик қилишнинг асосий шарти мамлакатнинг мудофаа соҳасидаги куч-қудрати эди. Аммо бугун юксак илмий технологияларсиз шунчаки қурол-аслаҳа билан узоққа бориб бўлмаслиги аён бўлиб бормоқда.
Бир қанча тадқиқот марказлари сайёрамиз давлатларининг инновация бўйича рейтингини эълон қилиб боради. Аммо улар орасида Bloomberg халқаро агентлиги тузадиган рейтинг нуфузли доираларда ҳам эътироф этилади. Негаки, агентлик мутахассислари давлатларнинг инновация жабҳасидаги ўрнини аниқлашда илмий тадқиқотларга сарфланаётган маблағ ҳамда кашфиёт ва янги ишланмаларга берилган патентлар миқдори, ишлаб чиқариш самарадорлиги, юқори технологияларга асосланган компаниялар ҳамда илмий тадқиқотчилар сони каби муҳим мезонларга таянади. Ҳар бир мамлакат ушбу мезонлар бўйича баҳолаб чиқилади ва барча кўрсаткичлар бўйича баллар жамланиб, умумий ўрин белгиланади. Bloomberg халқаро агентлиги хулосасига кўра, 2019 йилда дунёнинг инновация бўйича пешқадам 10 давлати қуйидагилардир:
- Жанубий Корея – 87,38 балл
- Германия – 87,3 балл
- Финляндия – 85,57 балл
- Швейцария – 85,49 балл
- Исроил – 84,78 балл
- Сингапур – 84,49 балл
- Швеция – 84,15 балл
- АҚШ – 83,21 балл
- Япония – 81,96 балл
- Франция – 81,67 балл.
Эътиборли жиҳати, кучли ўнликдан ўрин олган давлатларнинг барчасида илмий изланишлар учун ғазнадан жуда катта миқдорда маблағ ажратилади. Ушбу мақсадда, масалан, АҚШ 476,5 миллиард доллар (ялпи ички маҳсулотнинг 2,7 фоизи), Япония 169,6 миллиард доллар (ЯИМнинг 3,4 фоизи), Германия 109,6 миллиард доллар (ЯИМнинг 2,9 фоизи), Жанубий Корея 73,1 миллиард доллар (ЯИМнинг 4,3 фоиз) йиллик маблағ сарфлайди. Сингапур эса йиллик бюджетнинг деярли 20 фоизини инновацион изланишларга йўналтиради.
Бугун инновацион технологиялар маиший ҳаётдан тортиб йирик ишлаб чиқаришга қадар кириб келмоқда. Янги технологиялар инсонларнинг ҳаётини фаровон ва қулай қилишга хизмат қилмоқда. Содда қилиб айтганда, янги ғоялар кам меҳнат қилиб, кўпроқ даромад қилиш, кам ҳаракат билан кўпроқ самарага эришишни таъминламоқда.
Сайёрамиз табиий ресурслари тобора камайиб бораётган бир пайтда мамлакатлар ўртасида илмий жабҳадаги рақобат янада кучайиши шубҳасиз.
Собир Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter