Жанубий Корея авиакомпанияси Тошкентга мунтазам тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди

2025 йил 23 май куни Жанубий Кореянинг «T'way Air» лоукостер авиакомпаниясига тегишли илк тўғридан-тўғри авиарейс муваффақиятли тарзда Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўнди. Ушбу парвоз Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳридан амалга оширилди.
«T'way Air» лоукостер авиакомпанияси томонидан йўлга қўйилган янги рейслар Сеул – Тошкент – Сеул йўналиши бўйича ҳафтасига тўрт марта мунтазам парвоз қилиши режалаштирилган. Бу ташаббус Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм, савдо-иқтисодий ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур рейс орқали нафақат сайёҳлар, балки Корея Республикасининг машҳур мусиқий жамоаси — «BLACKSWAN» к-поп гуруҳининг аъзолари ҳам мамлакатимизга ташриф буюришди. Бу ташриф, айниқса ёш авлод орасида катта қизиқиш уйғотмоқда ва Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги маданий-туристик салоҳиятини намойиш этиш имконини беради.
Қайд этиш керакки, ушбу рейснинг йўлга қўйилиши орқали Ўзбекистон туризм йўналиши янада ривожланади, мамлакатимизга чет эллик сайёҳлар оқими ортади. Янги ҳаво йўналишининг очилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади ҳамда туризм соҳасида ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айниқса, Корея Республикасида телевидение ва ижтимоий тармоқларида 20 миллиондан ортиқ аудиторияга эга бўлган «BLACKSWAN» к-поп гуруҳи Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, миллий анъаналари, табиий гўзалликлари ҳамда меҳмондўст халқи ҳақида кенг тарғибот ишлари олиб борилишни режалаштирилган.
T'way Air – 2010 йилда ташкил этилган ва штаб-квартираси Сеулда жойлашган. Авиакомпаниянинг истиқболдаги режалари қаторига яна ҳам кўпроқ рейсларини амалга ошириш ҳамда Жанубий Корея ва Ўзбекистонда туризм бозорини ривожлантириш киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter