Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Динара Мўминова: Кичкина болага берилган телефоннинг зарари тутқазилган пичоқдан ҳам хавфли (2-қисм)

Динара Мўминова: Кичкина болага берилган телефоннинг зарари тутқазилган пичоқдан ҳам хавфли (2-қисм)

Болалар адабиёти, болалар кутубхоналарига оид мавзу қанча ёритилса шунча оз. Кореяда яшаса-да Ўзбекистонда аҳволи ночор болалар адабиёти ривожланиши учун жон куйдираётган Динара Мўминова билан суҳбатимиз биргина мақолага сиғмади, шунинг учун суҳбатни қолган жойидан давом эттирамиз…

Болалар адабиёти бўйича қайси мамлакатни энг яхшиси ёки етакчи, деб ўйлайсиз?

– Бунга фақат субъектив фикримни айтишим мумкин. Мен учун шахсан болалар адабиёти бўйича энг олдинда кетаётган мамлакатлар бу Скандинавия мамлакати ва Жанубий Корея муаллифларидир. Уларда чиқаётган кичик ёшдаги ва ўсмирларга мўлжалланган китоблар мен учун ҳар томонлама идеал ҳисобланади. Бу китоблар боланинг руҳияти, қизиқишлари, нейрофизиологиясига шу қадар моски, ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдира олмайди. Ундан ташқари, ҳар бир ўқувчининг кўнглидаги минглаб ҳиссиётларни уйғотиб, қалбдаги саволларга жавоб бера олади.

   

(Суратлар Динара Мўминованинг facebook саҳифасидан олинди)

– Нега болалар расмли китобларни қайта-қайта ўқишни исташади. Расмли китобларни ўқиш шунчаки уни томоша қилиш фаолияти билан бир хилми?

– Расмли китоблар болани китобга меҳр қўйишида, китобхонлик маданиятини шакллантиришда илк ва муҳим босқич ҳисобланади. Бола қанчалик эрта расмли китоблар амалиётларига жалб этилса, у шунчалик осон китобхонликка меҳр қўя олади. Ўзбекистонда расмли китоб мактаби мавжуд эмас. Унга оид илмий ишлар излаганман, Ёзувчилар уюшмасидагилар билан суҳбатлашганман, лекин бизда расмли китоблар ҳақида илмий изланиш ёки тадқиқотлар мавжуд эмас. Ўзим «Тил ва Адабиёт» журналида бу борада мақолалар ёзганман, яқинда яна бири чиқиш арафасида. Расмли китоб феномени илмий ўрганилиши керак. Бугун бу долзарб масаладир. 

 – Ўзбекистон PIRLS бўйича охирги ўринларда эканлиги болаларнинг интеллектуал салоҳияти ривожланишига қанчалик тўсқинлик қилади ва бу ташвишланарли ҳолми?

– Бу жуда ҳам ташвишланарли ҳолат, лекин бу натижа кутилган эди. Шахсан мен унга ҳайрон бўлганим йўқ. Чунки кичик ёшдан «reading comprehence» кўникмасини ривожлантиришга қаратилган амалиётлар мавжуд бўлмаганда PIRLSдан юқори натижа олиб бўлмайди. Интеллектуал салоҳият деганда биз бугун танқидий фикрлаш, коммуникация кўникмалари, тасаввур қилиш ёки креативликни тушунадиган бўлсак, айнан китобхонлик бу кўникмаларни ривожлантиришда ўта самарали инструментлардан бири ҳисобланади. Китоб мутолаасисиз биз онги юқори халқни тарбиялай олмаймиз. Танқидий фикрлаш қобилияти бўлмаган болага ва бу кўникмага эга болага бир хил материални берсангиз, улар уни икки хил қабул қиладилар. Шунинг учун кичиклигидан ўқиш амалиётларига эга бўлмаган болалар кейинчалик ҳам қанча билим олмасинлар юқори натижа кўрсата олмайдилар. Инсон қандай касб эгаси бўлмасин унинг тафаккур қилиши ривожланган бўлиши керак. Китоб ўқиб, унинг матнини тушуниб, матннинг асосий ғоясини суғуриб чиқаришни билиш PIRLS натижасининг ошишига олиб келади. Бунинг учун албатта китоб керак ва китоб амалиётлари айнан мактабгача бўлган даврдан бошланиши даркор. Чунки айнан шу даврда болалар билан расмли китоб муҳокама қилинаётганида юқорида айтган кўникмаларга асос солинади.

– Ота-оналар сизга энг кўп берадиган савол.

– Боламни қандай қилиб телефондан китобга «ўгирсам» бўлади? Мен доим бир хил жавоб бераман. Беш ёшли боланинг қўлига пичоқ бериб қўймаймиз-ку, чунки ўзига зарар етказиб қўйиши мумкин. Телефоннинг зарари 7 ёшгача бўлган болалар учун пичоқникидан ҳам юқори бўлиши мумкин. Уйни китоб билан тўлдириб ташлаш ва китоб ўқишни биргаликда қучоқлашиб, кулишиб ўқишдан бошлаш керак.

фото: Pressfoto

Мен ота-оналар учун 15 дақиқалик эксперимент ясаб берганман. Самараси юқори.

Келинг ўша эксперимент билан бўлишамиз…

– Бажонидил, боласини телефон ёки компьютер ўйинларидан ажрата олмаётганлар, ушбу 15 дақиқалик эксперимент сиз учун. Ушбу экспериментни боласи 8 ёшгача бўлган ҳар бир ота-она қилиб кўриши мумкин. Амалда қўлланган!

ЭКСПЕРИМЕНТ

Шанба куни болангизга унинг энг яхши кўрган ва соғинган таомини ёки ширинлигини пишириб берасиз. Сотиб олмайсиз, айнан ўзингиз пишириб берасиз ва у пишираётганингизни билиши керак.

Таом ёки ширинлик пишгач болажонингизни дастурхонга чақирасиз. У билан биргаликда кулишиб мазза қилиб таомни ейсиз. Сўнг таом туфайли юзага келган яхши кайфият ила болангизга сюрприз кўрсатасиз. Сюрприз эса бирон китоб бўлади. У бунга муносабатини билдиришига улгурмай, у билан ҳозир зўр ўйин ўйнашингизни айтасиз.

Ўйин: Китобнинг кичик парчасини қизиқарли тарзда болангизни қучоқлаган ҳолда ўқийсиз ёки расмларга қараб айтиб берасиз. Боланинг ёшига қараб ўқилган матн бўйича унга кулгили ёки қизиқарли саволларни берасиз. «Нега айиқнинг ранги бунақа?», «Айиқ кучлими ёки филми?», «Зумрад бугун яшаганида унга нима совға қилардинг?», «Сенда очил дастурхонинг бўлса, унда нима бўлишини истардинг?», «Учар гиламинг бўлса, қаерга биринчи бўлиб учардинг?», «Сеҳрли қалпоқчанг бўлса, кимдан бекиниб олардинг?», «Шолғомни яна қандай қилиб тортиб олишимиз мумкин?», «Нега балиқнинг қулоғи йўқ, бор бўлса қаерда?»... каби саволлар бериб боланинг ҳар қандай жавобини ҳурмат қилган ҳолда турли мавзуларни муҳокама қиласиз. Сўнг болангизни яна бир бора қучоқлаб уни ўйнагани қўйиб юборасиз. Китоб билан ўтказилган вақт 15 дақиқадан ошмаслиги керак! Сўнг барчасини якшанба куни қайтарасиз. Агар фарзандингиз иккита ёки учта бўлса, бу жараён янада қизиқарли ва кулгуга бой бўлади.

Ҳафта давомида китоб ҳақида гапирмайсиз, шунчаки уйга янги китоблардан келтириб қўясиз. Дам олиш кунлари юқоридаги жараёнларни яна қайтарасиз. Бир муддат ўтгач дам олиш куни болангизнинг ўзи олдингизга китоб кўтариб келади.

Facebookдаги саҳифангизда АҚШдаги болалар кутубхонасининг ривожланишига ҳисса қўшганлар қўллаб-қувватланиши ва бизда эса аксинча, юртдошимиз Саида Рашидова лойиҳасининг эътиборсиз қолдирилгани боис чипакка чиққани ҳақида гапириб ўтган экансиз...

– Ҳа, ўзи мамлакатларда болалар китобхонлиги ривожланишига доим бирон фаоллар сабабчи бўлади. Лекин фаолларнинг ўзининг кучи етмайди, уларни давлат қўллаши керак. АҚШда Йелла Лепман бўлган, у ҳам бошида кичик бир конференция ташкил қилишдан бошлаган, лекин давлат ва ташкилотларнинг кўмаги туфайли бугун у конференция IBBY номли дунё болалар адабиётини ривожлантирувчи нуфузли ташкилотга айланди. Болалар адабиёти ўз-ўзидан ривожланадиган соҳа эмас. У давлат дотациясида, молиявий имтиёзларга эга бўлиб, давлат миқёсида тарғибот қилиниши керак бўлган соҳадир. Болалар адабиёти ривожланиши бу катта инвестиция. Бугун давлат шу соҳани ривожлантиришга инвестиция қилса, натижаси эртага эмас, балки бир неча йиллардан сўнг ўта юқори онгли авлодлар етилишида намоён бўлади. Бу эса илм-фан ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Буюк келажакни фақат болалар қура оладилар, деган экан Йелла Лепман.

– Болалар китобларига ўзингиз сурат чизасизми?

– Мен ўзим педагогман, расм чизишни Флавиа Драго, Исабел Томас, Соле Отеро каби болалар иллюстраторларидан ўрганганман. Бундан ташқари, Кореяда рассом Парк Жихе устозим бор. Китобларимга расмларни улар билан маслаҳатлашган ҳолда чизганман. Баъзи китобларимда бир рассом билан ишлайман, у Жанубий Кореяда олий санъат мактаби талабаси, Кореянинг кўплаб мукофотлари совриндори.  

 –Amazon.comда китобларингизнинг энг кўп харидори кимлар?

–Amazon.comда  китобларим асосан АҚШда харид қилинади. Баъзида Канада ва Европада. АҚШдагилар болалар адабиёти қадрини тушунадилар. У ерда болалар адабиёти тарғиботи бошланганига сал кам бир аср бўлган. Ўзида китоблари бисёр бўлишига қарамай, ўзбек тилига бўлган ҳурмати туфайли ўзбек тилидаги болалар адабиётларига ҳам қизиқиш кўрсатадилар.

– Бугун сиз ўзбек болалари учун қандай адабиётлар таржима қилиниши керак деб ўйлайсиз ва ёки эътибордан четда қолаётган асарлар қайсилари?

– Бугун биз барча, яна бир бора қайтараман барча жаҳон адабиёти болалар китобларини таржима қилинишига эҳтиёжимиз бор. Улар орасидан динимизга, маданиятимизга зид келадиганларини олиб ташласак бўлгани, барчасига зормиз. Агар танлаш керак бўлса, у ҳолда жаҳон дурдоналаридан, классик адабиётларидан ва нуфузли танловлар ғолибларидан бошлаш лозим. Фақат болалар адабиётини тилни биладиган таржимонлар эмас, балки айнан болалар адабиётини тушунадиган таржимон мутахассис ёзувчилар таржима қилишлари керак. Мисол учун буюк Киплингни, буюклигида ундан қолишмайдиган Маршак таржима қилган. Энг муҳими, энг кичик ёшдаги болажонлар учун яратилган расмли китоблар ҳам қолиб кетмаслиги керак. Бизда «Ёш китобхон» танлови ҳам 10 ёшдан катта болалар учун мўлжалланган. Бу нима дегани? Бу жуда катта муаммо дегани. Чунки болалар китобхонлиги 10 ёшда эмас, чақалоқликда бошланади. Фикрини айта оладиган ёшдаги болалар учун китобхон танловларини уюштириш лозим. Мен ҳар йили ўз ҳисобимдан «Кичик ижодкор» танловини ўтказиб бораман. Ўтган йили ғолибларига «Akademnashr» нашриёти ўз китобларидан қўшимча қилиб совға қилишган. Танловда айнан кичик ёшдаги болажонлар қатнаша оладилар. Бола кичиклигидан ижодкор бўлиш мазза эканини ҳис эта олиши керак.

May be an image of text

– Болалар учун ёзилган қайси асарларни қийналиб ўқийсиз ёки ўқигингиз келмайди?

– Яқинда ижтимоий тармоқда 5 ёшли бола Навоий шеърини хоҳламай ёддан айтиб бераётганини кўриб ачиниб кетдим. Бу ҳолат болани Навоийдан ҳам, китобхонликдан ҳам бездириб қўяди. Навоийга етиб бориш йўли жуда узоқ. Катталарнинг ҳам Навоийга етиши осон эмас. Боланинг ёшига мос бўлмаган китобни бериш китобдан безиллатишнинг энг осон йўлидир. Кейинчалик бундай болалар китоб ўқиса ҳам мазза қилганидан эмас, балки қўрққанидан ўқийди. Қўрқув билан қилинган ҳар қандай ишнинг натижаси салбий бўлади. Мен боланинг қалбида туғиладиган саволларга жавоб бера олмайдиган китобни ўқигим ва болаларга тавсия қилгим келмайди. Насиҳатга бой китобларни ўқигим келмайди. Насиҳат болани тарбияламайди. Болага ҳолат кўрсатилиши керак, у қизиқ бир ҳолат билан танишиб керакли хулосалар чиқарган бўлса, ўзгаради. Кимдир унга насиҳатни ўқигани учун эмас. Насиҳат психологик жиҳатдан бефойда нарса. Бола китобга рефлексия қила олиши керак, яъни ўзини қаҳрамон ўрнида кўриши ва шу йўл орқали муаллиф истаётган ғояни англаши керак, насиҳат ёки қиссадан ҳиссани эмас. Шундай китобларни ўқигим ҳам келмайди, бировга тавсия ҳам қилмайман.

– Болалар адабиётини ривожлантириш йўлида чарчаманг, яна бир бор мазмунли ва жуда керакли бўлган суҳбат учун ташаккур.

Барно Султонова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг