«Детективлар қироличаси»: айрилиқ, хиёнат ва мукофотлар
Агата Кристи номи кўпчиликка яхши таниш. У – 60 га яқин детектив ва 6 та психологик роман, 19 та ҳикоялар тўпламининг муаллифи. Китоблари дунё миқёсида 100 га яқин тилга таржима қилинган. Романлари ҳозирга қадар («Библия» ва Шекспирдан сўнг) энг кўп нусхада нашр этилади: адади 4 миллиарддан ошиб кетган. Агата Кристи саҳна асарлари ҳам ёзган. Унинг 16 та пьесаси Лондон театрида қўйилган. Илк бор эса «Қопқон» пьесаси саҳналаштирилган бўлиб, 1952 йилдан ҳозиргача тўхтовсиз намойиш этиб келинади...
Заҳар... керак!
Агата Мэри Кларисса Маллоуэн келиб чиқиши Миллер бўлган, кейинчалик биринчи умр йўлдошининг фамилияси билан шуҳрат қозонган Агата Кристи 1890 йил 15 сентябрда Буюк Британиянинг Девон графлиги, Торки шаҳарчасида туғилган. Ота-онаси Қўшма Штатлардан кўчиб келишган муҳожирлар бўлишган.
Агата оилада кенжа қиз эди. Миллерлар хонадонида яна икки нафар фарзанд – опаси Маргарет Фрэри (1879–1950) ва акаси Луис Монтан «Монти» (1880 – 1929) бор эди.
Бўлажак адиба уйда яхши таълим олди, айниқса, мусиқадан пухта билим эгаллади. Бироқ саҳна олдидаги қўрқув унинг мусиқачига айланишига халақит берди.
Биринчи жаҳон уруши даврида Агата госпиталда ҳамшира бўлиб ишлади. Бу касб унга ёқар, «инсон шуғулланиши мумкин бўлган энг фойдали соҳалардан бири» деб ҳисобларди. Агата фармацевт сифатида дорихонада ҳам фаолият кўрсатди. Бу эса кейинчалик ижодида аксини топмай қолмади: асарларидаги 83 та жиноят заҳарланиш оқибатида юз беради.
1914 йили Рождество кунида Агата полковник Арчибальд Кристига турмушга чиқди. Арчибальд бу қизни бир неча йиллар олдин – лейтенант бўлган вақтларидан буён яхши кўрарди. Уларнинг оиласида қизалоқ – Розалинда туғилди.
Айни шу давр Агата Кристи ижодининг бошланиши бўлди. Айтишларича, Агатанинг детективга мурожаат қилишига опаси билан баҳслашиб қолгани сабаб бўлган. У адабиётчи сифатида намоён этган Маргаретга ўзи ҳам яхши асар ёза олишга қодирлигини айтган. Опаси синглисини ижодга ундаган.
Кристи биринчи детектив романи– Стайлздаги сирли ҳодиса» романини зўр иштиёқ билан ёзди. Бироқ уни чоп эттириш осон кечмади. Роман Британиянинг олтита нашриёти томонидан қайтарилди. Фақат еттинчи нашриётда Кристи қўлёзмасини қабул қилишди.
Дастлаб муаллиф «Стайлз...»ни Агата Кристи исм-шарифи билан нашр эттиришдан чўчиди. Ўқувчи детектив жанрида ёзадиган аёл-ёзувчиларни жиддий қабул қилмайди, деб ўйлади у. Ношир эса камдан-кам учрайдиган бундай исм-шарифни китобхонлар дарҳол эслаб қолишади, деб Агатани ишонтирди.
«Стайлздаги сирли ҳодиса» 1920 йили 2000 нусхада чоп этилди. Бошловчи ёзувчи 15 фунт стерлинг миқдорида қалам ҳақи олди. Битта китоб билан кенг оммага танилиш осон эмас, албатта. Агата Кристи ёзишга зўр берди.
Унинг асарлари 1926 йили журналларда эълон қилина бошлагач, машҳур бўлди.
Инглиз детектив жанри усталари анъанасини давом эттирган Агата Кристи жуфтлик қаҳрамонлар – зукко Эркюль Пуаро ва кулгили, интилувчан ва бурмунча лақма бўлган капитан Гастингсни яратди. Агар Пуаро ва Гастингс аксар ҳолларда Шерлок Холмс ва доктор Ватсондан нусха олган бўлса, кекса Марпл хоним адибалар М.З.Брэддон ва Анна Кэтрин Грин бош қаҳрамонларини эслатувчи йиғма образ ҳисобланади.
Антиқа ташхис сабаби
1926 йили Агатанинг онаси ҳаётдан кўз юмди. Ўша йилнинг охирида Арчибальд Кристи Агатага хиёнат қилганига иқрор бўлиб, ажралишлари кераклигини айтди. У гольф бўйича ҳамкасби Нэнси Нилни севиб қолган эди.
Эр-хотин ўртасида катта жанжал чиқди. Агата қизалоғи Розалинда учун ҳам никоҳини асраб қолмоқчи эди. Афсуски, ҳаракатлари зое кетди. Эртаси куни Агата уйдан ғойиб бўлди. Котибига қолдирган хатда унинг Йоркширга кетгани ёзилган эди.
Агата Кристининг йўқолиши жамоатчиликда кучли акс-садо берди, чунки аллақачон ёзувчи сифатида мухлислари пайдо бўлган, кенг жамоатчиликка танилган эди у. 11 кун мобайнида детектив ёзувчиси Агата Кристининг қаерда эканлиги ҳақида ҳеч ким ҳеч нимани аниқлай олмади.
Шундан сўнг адибанинг машинаси топилди, холос. Автомобиль салонида Агатанинг пўстинчаси ётарди. Орадан бир неч кун ўтгач, ўзининг ҳам дараги чиқди. Агата Кристи Тереза Нил исм-шарифи билан унча катта бўлмаган «Swan Hydropathik Hotel» меҳмонхонасидан қўним топган экан.
Кристи ўзининг йўқолгани сабабларини изоҳлаб ўтирмади. Бироқ икки шифокор унга бошидаги шикастланиш туфайли амнезия – хотиранинг йўқолиши ташхисини қўйдилар. Аммо Кристининг ғойиб бўлиш сабабларини таҳлил қилган британиялик Эндрю Норман ўзининг «Тайёр портрет» китобида ёзишича, «детектив қироличаси»нинг бу ташхисга сира дахли йўқ, у амнезиясига учрамаган. Кристининг ҳаракатлари мутлақо тескари жараёндан гувоҳлик беради. У моҳирона иш тутган: меҳмонхонада қайд эттирган исм-фамилия аслида эрининг маъшуқасиники эди, қолаверса, адиба ўз вақтини фортепиано чалиб ўтказган, кутубхонага борган.
Тафсилотларни икир-чикири билан ўрганган Норманнинг хулосасига кўра, Агата Кристи буларнинг барчасини оғир руҳий сиқилиш туфайли амалга оширган.
Иккинчи фаразга кўра, ғойиб бўлиш эридан қасос олиш мақсадида адиба томонидан атайин қилинган – полиция уни ўлдирилган деб ўйлаб, қотилликда Арчибальд Кристидан гумон қилиши учун!
Агата Кристи, ҳатто узоқ йиллар ўтиб ҳам, юқоридаги қилмишини изоҳлаб бера олмади. Ҳаммаси ғалати. Афтидан, онасидан жудо бўлгани етмагандек, эрининг хиёнати унга қаттиқ таъсир қилган. Бу икки ҳодиса биргаликда руҳий парокандаликка олиб келган. Агата бир пайтлардаги ўзаро меҳр-муҳаббатга ниҳоятда ишонган, эрининг ташлаб кетишини хаёлига ҳам келтирмаган...
Орадан икки йил ўтгач, 1928 йили Арчибальд ва Агата Кристи расмий равишда ажрашди. 1934 йили Мэри Вестмакотт тахаллуси билан ёзган «Якунланмаган портрет» романида Агата Кристи ўзининг ғойиб бўлишига ўхшаш воқеаларни акс эттиради.
Беғараз, ювош, бироқ...
1930 йили Ироқ бўйлаб саёҳат қилган адиба Уре қазилмаларида бўлажак иккинчи умр йўлдоши – археолог Макс Маллоуэн билан танишди. Макс Агата Кристидан 15 ёш кичик эди. «Аёл археолог учун катта кўринмоғи керак, ана ўшанда унинг қадр-қиммати сезиларли равишда ошади», – деган эди Агата мазкур никоҳи ҳақида.
Шундан сўнг у эри билан бир неча ойни Сурия ва Ироқ экпедициясида ўтказди. Бу давр адибанинг «Қандай яшаяпсан, айт» номли автобиографик романида ўз аксини топди. Агата Кристи иккинчи умр йўлдоши билан умрининг сўнгги нафасигача аҳил яшади.
Макс Маллоуэн ҳамроҳлигида Яқин Шарққа қилган сафари туфайли унинг асарларидаги бир нечта воқеа ўша ерларда юз беради. Бошқа романларидаги маскан сифатида эса (масалан, «Ҳеч ким қолмади») Кристи ўзи туғилган Торки шаҳри ва атрофларини макон қилиб олган. Унинг «Шарқ экспрессидаги қотиллик» романи 1934 йили Туркиянинг Истамбул шаҳри «Пера Палас» меҳмонхонасида ёзилган. Бугун мазкур гўшанинг Агата Кристи яшаган 411-хонаси мемориал музейга айлантирилган. 1938 йили жуфтлик сотиб олган Девондаги Гренвей Естат мулки эса Ёдгорликларни қўриқлаш жамияти томонидан муҳофаза қилинмоқда.
Кристи ёзишдан тинмасди. Унинг асарларига қизиқиш тобора кучая борди. Жумладан, Кристининг бош қаҳрамони бельгиялик изқувар Эркюль Пуаро бўлган 33 та романи, 1 та пьесаси ва 54 та ҳикояси илиқ кутиб олинди.
Адибанинг яна бир қаҳрамони Марпл хоним «Сешанба» тунги клуби» ҳикоясида пайдо бўлди. Унинг тимсоли Агата Кристининг бувиси эди. Муаллиф айтишича, бу кампир «беғараз, ювош, бироқ ҳамиша ҳар нарсанинг ёмон томонини кутадиган ва қўрққанлари доимо рўй берадиган аёл эди».
Кристи Чеширдаги қайниси Жеймс Уотсга тегишли Эбни Холл қўрғонига ташриф буюриб турарди. Унинг камида иккита асаридаги воқеалар ана шу масканда юз беради: «Рождество пудингининг саргузашти» ва «Дафндан сўнг» романи. Эбни Агата учун илҳом манбаига айланган эди. Бу атрофдаги Стайлз, Чимниз, Стоунгэйтс ва бошқа уй номлари Эбнини қамраб олганига гувоҳ бўламиз.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Кристи иккита роман ёзди: «Парда» (1940) ва «Ухлаётган қотиллик». У шу тариқа Эркюль Пуаро ва Марпл хоним ҳақидаги туркум романларга нуқта қўймоқчи эди. Аммо китоблар фақат 70-йилларда нашр қилинди.
Детектив зўравонлик дегани эмас!
1955 йили ВВС телекомпаниясига берган интервьюсида Агата Кристи оқшом дўстлари ёки оила даврасида тўқиш ишлари билан вақтини ўтказганида навбатдаги сюжетларни ўйлай бошлагани, роман ёзишга ўтирганида сюжет бошидан охиригача аллақачон тайёр бўлгани ҳақида айтган эди. Ўзининг иқрор бўлишича, янги роман ғояси ҳар қандай жойда ҳам жонланаверган. Газета қирқимларида қайд этилган заҳарланиш, турли жиноят ишларига тааллуқли ғоялар махсус дафтарга ёзиб бориларди. Қаҳрамонлар билан ҳам шундай бўларди. Кристи томонидан яратилган қаҳрамонлардан бири ҳаётда реал яшаган прототип – Майор Эрнст Бэлчер бўлиб, ўз вақтида биринчи эри Арчибальд Кристининг бошлиғи эди. У 1924 йили полковник Рейс ҳақида ёзилган «Малла костюмли одам» романидаги Педлернинг прототипи бўлган.
Агата Кристи ўз асарларида ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқишдан чўчимасди. Масалан, унинг иккита романида («Бешта чўчқа боласи», «Айбсизлик синови») ўлим жазоси билан боғлиқ суд ишларига доир хатолар ёзилган. Умуман, Кристининг талай китобларида ўша даврдаги инглиз давлат суд идораларининг салбий жиҳатлари акс эттирилган.
Бугунги детективлардан фарқли ўлароқ, Агата Кристи асарларида зўравонлик, қон ҳалқоби ва қўполлик учрамайди. У ўз романларида бирор марта ҳам жинсий масалаларни мавзу қилиб олмаган. «Детектив – ахлоқ ҳикояси. Бундай китобларни ёзган ва ўқиган барча инсонлар каби, мен ҳам жиноятчи ва айбсиз айбдорликка қарши эдим. Детектив асарлар ўқий бошланганида уларда ёзилган лавҳалар туфайли шафқатсизлик учун шафқатсизликдан садистларча роҳатланиш мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди, бунга йўл қўйиб бўлмайди», – деб ёзганди Кристи ўз таржимаи ҳолида. Унинг фикрича, мазкур ҳол ҳамдардлик ҳиссини ўтмаслаштириб қўяди ва ўқувчи эътиборини романнинг бош мавзусидан чалғитади.
Кристи ўз ижодий фаолиятида инглиз менталитетига хос сиёсий мутаассибликни фош этади. Бунинг ёрқин намунасини Паркер Пайн туркумидаги «Кичик хизматчи тарихи» ҳикоясида кўрамиз.
Агата Кристи «Ўнта негр боласи»ни энг яхши роман ҳисобларди. Асар воқеалари кечадиган сервиқор қоялардан иборат оролча ҳақиқатда мавжуд – у Бург ва Жанубий Британия ороллари эди. Ўқувчилар ҳам китобга яхши баҳо беришди – дўконларда энг кўп сотилди. Бугунги кунда «Ўнта негр боласи» боадаблик нуқтаи назаридан «Ҳеч ким қолмади» номи билан ҳам нашр қилинмоқда.
«Қиролича»ни ранжитган савол
Лондондаги Амбассадор театрида «Қопқон» спектаклининг ўн йиллик юбилейи муносабати билан ITN телекомпаниясига берган интервьюсида Агата Кристи ушбу асарини Лондон саҳнасига қўйиш учун яхши деб ҳисобламаслиги, бироқ томошабинларга ёққани учун ўзи ҳам йилда бир неча марта кўришга боришини айтган эди.
Кристи ўзи ёзган асарларини яхши деб ҳисобламаса-да, ёмон деб ҳам баҳоламасди. «Ҳинд журналистларидан бири мендан «ўзингиз ёмон ҳисоблаган асарни нашр қилдирганмисиз?» деб сўради. Мен жаҳл билан «йўқ» деб жавоб бердим. Барча китобларим ўзим ўйлаб топганларим асосида чоп этилган, ҳаммасидан кўнглим тўлган, агар ростдан ҳам бирорта китобим ёмон бўлганида мен уни ҳеч қачон нашр қилдирмасдим», деб ёзган эди Агата Кристи ўзининг таржимаи ҳолида.
1956 йили Агата Кристи Британия империяси ордени билан тақдирланди. 1971 йили эса адабиёт соҳасидаги ютуқлари учун унга Британия империясининг Кавалерия хоними ордени топширилди. Ушбу нуфузли мукофот Кристининг номи айтилганида «хоним» сўзини дворянларга хос қўллаш нуфузини берарди. Дарвоқе, бундай тақдирланишдан уч йил муқаддам Кристининг умр йўлдоши Макс Маллоуэн ҳам археологиядаги муваффақиятли қазишмалари учун Британия империяси орденининг рицарлик унвони билан мукофотланган эди.
Мухлислар қизиқишини инобатга олган адиба 1858 йили инглиз детектив клубини ташкил этди. Бу унинг жамоатчилик билан чамбарчас ишлаш йўлидаги саъй-ҳаракати эди.
Агата Кристининг 1965 йили якунлаган таржимаи ҳоли шундай сўзлар билан интиҳо топган: «Худойим, мазмунли ҳаётим ва менга берилган муҳаббатлар учун сендан миннатдорман».
1971 – 1974 йилларда Агата Кристининг саломатлиги панд бера бошлади, шунга қарамай, у ёзишда давом этди. Торонто университети мутахассислари Кристининг мазкур йиллардаги хатларини тадқиқ этишди ва адибанинг Альцгеймер хасталигига чалингани ҳақида хулосага келишди.
1975 йили бутунлай ҳолдан тойган Кристи «Қопқон» пьесасининг барча ҳуқуқларини ўз неварасига берди.
Агата Кристи 1976 йилнинг 12 январида қисқа фурсатли шамоллаш туфайли Уоллингфорддаги уйида ҳаётдан кўз юмди. «Детектив қироличаси»ни Чолси қишлоғида дафн этдилар.
Кристининг ягона қизи Розалинда Маргарет Хикс ҳам 85 йил умр кўрди ва 2004 йил 28 октябрь куни Девонда вафот этди. Невараси Мэтью Ричард Агата Кристининг баъзи адабий асарлари ҳуқуқини «Агата Кристи лимитед» фондига мерос қилиб берган.
Акбар Фатҳуллаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter