Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Боласини хўрлаб, эридан ўч олмоқчи аёл нима топдию, нима йўқотди? Xabar.uz Ургутда

Боласини хўрлаб, эридан ўч олмоқчи аёл нима топдию, нима йўқотди? Xabar.uz Ургутда

Боланинг калтакланишига бор-йўқчилик сабабми?

Норасида гўдагини юз-бетига аёвсиз ураётган аёл эрига қасдма-қасд ҳаракатини давом эттираверар экан, видеони ўзи олаётганини илғай бошлайсиз. Бола йиғиси аёлнинг асабий овози билан қоришиб кетади: «Томоша қил, кайф қил... Сани касрингга бачаларинг ем бўлаяпти... Ўзим туққан бўлсам, сен ҳ...мидан бўлган...» Чинқираб йиғлаётган боланинг бурни зарбдан қонайди.  Сўнг «Мана бошланди... мана бошланди... » дея болани кўрпача устига улоқтириб энди янада қаттиқроқ ура бошлайди «Сани қилган қилиқларинг учун бошланди...»

Ана шу аёл билан юзма-юз гаплашиш учун Ургутда бўлдик. Туман ҳокимлигига кириб борганимизда аёлнинг қайнонаси, қайноғаси, маҳалла хотин-қизлар фаоли ва психолог таклиф қилинган эди. Келиннинг ўзи ўша қизалоқ билан шифохонада экан. Маълум бўлишича, эркак С. 1980 йилда туғилган. Биринчи оиласидан  ажрашган, биринчи никоҳдан 15 ёшли ўғли бор ва у отаси оиласида яшайди. Г.1996 йилда туғилган, у ҳам биринчи оиласидан бахт топмаган. Бу оиласи тўққиз йил муқаддам барпо бўлган. Уларнинг ўзлари танлов қилишган.  Аёл кундошининг боласи билан биргаликда ўзи дунёга келтирган тўрт фарзандини катта қилаяпти экан. Оила қайнона, қайинбўйинлардан алоҳида яшаётганига анча бўлган. Данғиллама уй-жойлари бор. Аёлнинг ҳаракатига  иқтисодий ҳолатнинг алоқаси йўқ деб таъриф беришди.

«Аёл руҳий соғлом, фақат стресс ҳолатида»   

Аёл ва болани бориб кўриб, суҳбатда бўлган, туман халқ таълими бўлими психологи Фароғат Шукурова ҳолатни шундай тасвирлайди: «Қизча 3 ёшда, соғлом. Қизалоқни онаси эркалаб овқатлантириб турган вақтга кириб бордик. Бола бошқаларга бормайди, онасига ёпишиб олган. Аёл билан гаплашдик, эри октябрда Россияга ишга кетган экан, эр-хотин жанжаллашаётган вақтда қизча келиб телефонга ёпишаверган. Аёл қизини силтаб ташлаганда эри «болани урма» деган. Аёл эса эрига қасдма-қасд болани ураверган ва тасвирга олиб эрига жўнатган. «Келиб қара ўзинг» деган маънода. Аёл суҳбат жараёнида кучли стресс ҳолатида бўлган. Ҳозир анча ўзига келган. Лекин ҳамон руҳий зўриқиш ҳолати мавжуд. У қаттиқ пушаймонда».

Фароғат Шукурова аёл психиатр врач кўригидан ўтказилгани ва унда руҳий касаллик аниқланмаганини таъкидлади. Зеро, видеони кўрган ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари  орасида ана шу жиҳатни савол остига олганлар бор. 

Фароғатхон, жуфтлик ёшлари орасидаги 16 йиллик фарқ ҳам муносабатларга маълум даражада таъсир қилган бўлиши эҳтимолини илгари сурди. «Қолаверса, аёл нималарнидир айта олмади, шифохонада икки боласи билан (тўққиз ойлик эмизикли боласини ҳам бирга олиб келган) бўлгани, улар бири қўйиб бири онасига инжилаётгани учунми, бошқа сабабданми, ичида қайсидир гаплари қолгандек...»  деди психолог.  

Суҳбатларда жанжалга сабаблардан бири аёлнинг рашки эканига ишора қилинди.

Бувининг изтироби

Видеони ижтимоий тармоққа тарқалишини сўраган  66 ёшли Қаршигул Исроилова суҳбат асносида тоби қочаётгани сезиларди. «Интернетга бер деб мен айтдим. Милисалар бир қўрқитса, бошқа шундай қилмайдими деб ўйлабман. Жиноий  иш очилишини билмасдим» дейди. У келини қамалишидан, бешта бола сарсон бўлишидан қаттиқ хавотирда. Кейин келини жуда озода, саранжон-саришта эканини ҳам айтади. «Манга уларнинг пули ҳам, овқати ҳам керак эмас. Биз билан уч йилча яшади, алоҳида бўлиб чиқишди. Фақат бир-иккита боласини олиб келинимни Россияга кетказолмайман, болаларга энди қаролмайман» дея зорланади буви. 

Қаршигул опа қанд касалига чалинган. Оёғининг икки бармоғи ана шу касаллик оқибатида кесилган, юришга қийналади. Уч йил аввал бир ўғлининг жасади Россиядан тобутда келган. Камига қолган уч ўғли яна Россияга талпинаверади. «Ургутда иш йўқ» дейди у. Ҳозирда икки ўғли Россияда. Онасини ҳокимиятга олиб келган кичиги Тоҳирнинг ҳам самолёт чиптаси тайёр. Яқинда чоли ҳам ўтган экан. Мунғайиб қолган аёл воқеанинг энг катта жабрдийдаси бўлиб туюлаверади.

Онахоннинг айтишича, воқеа бўлиб ўтган куни ўғли Россиядан унга видеони ташлаб, укаси ва унинг аёли (бу овсини депрессиядаги аёлнинг тоғаваччаси экан) болаларидан хабар олишини сўраган. Боришган, кўриб ҳаммалари бироз хотиржам тортишган, келинга насиҳат қилган бўлишган.

Аммо Қаршигул опа туни билан ухлай олмаган, ҳолат яна такрорланиши мумкинлигини ўйлаган. Эртасига қизи келганида интернетга жойлаштиришини айтган.

Қаршигул опа ўғлининг биринчи оиласи қўшни мамлакатдан экани ва Ўзбекистонда яшашни истамагани учун ажрашганини айтади. Аёлга кўра, бу келини ўгай боласини ўз ўғлидек яхши кўради, уни ўзи катта қилган ва  жанжалга бу боланинг алоқаси йўқ. «Бири гапдан қолмаса, иккинчиси вазиятни босиқлик билан ҳал қилолмаса қийин экан. Шу ерда ҳам келишмовчилик бўлиб турарди», дейди Қаршигул опа. У оила пароканда бўлиб кетишни истамайди. Лекин ўша кунги телефон жанжалида аёл «жавобимни бер» деганида эри талоқ деб юборган экан. Онаси ана шу сабаб ўғлини уришганда, у «Жонимдан ўтказиб юборди» деган.

Ватак маҳалласи хотин-қизлар фаоли Мусаввар Мансурованинг айтишича, бу оилада нотинчлик ташқаридан сезилмаган, ҳеч қачон мурожаат ҳам бўлмаган.

«Энди ўзгараман»   

Шифохонага борганимизда она-болаларни «Тез ёрдам» машинасида ички ишлар ходимлари олиб кетишган экан.  Туман ички ишлар бўлимига бордик. Терговгача суриштирув ишлари бошланган экан. Тергов ходимларига халақит беролмас эдик. Лекин аёл ҳақида тасаввур пайдо қилишга имкон пайдо бўлди. Ўрта бўйли, озғинроқ, оппоққина, чаққон ҳаракатлар билан болаларини эплаётган аёлга ўзининг 26 ёшини бериш мумкин эди. Гаплари оғир-босиқ, кечаги видеода бақир-чақир қилган аёл шу десангиз биров ишонмайди. Икки кунда улғайиб қолгандек. Лекин руҳий, жисмоний чарчоқ кўриниб турибди. «Бу кеча умуман ухлай олмадим. Аввало, нималар қилиб қўйганимни ўйлаб сиқилиб чиқдим. Кейин болалар каравотдан йиқилиб тушмасин деб унисининг олдидан буниси олдига ўтиб юриб чиқдим. Мен ҳам буларнинг ҳар бирини тўққиз ой кўтарганман, оғир ўтириб, оғир турганман, жаҳл устида қилган ишимдан пушаймонман».

Тергов ишлари  давом этаверар экан, қизалоқ эҳтиёжи бўлмаса ҳам зерикканидан ҳожатга чиқаман деб онасини коридорга чиқартирар ва йўлакнинг охиригача улар майда қадамларда юриб борар экан, ҳар гал имкониятдан фойдаланиб, қисқа савол-жавобга улгураман. «Эрим борганидан буён 200 доллар пул жўнатди. Ўғлимга телефон олиб берди. (15 ёшли ўгай ўғлини назарда тутаяпти). Ўзим ҳар ойда қарийб 700 минг сўм болалар пулини оламан. Биламан, боргач, дарров ҳужжат қилиши керак, бу ҳам катта харажат. Бошқа гап бор, опа...»

Кейинги чиқишда:

«Бахтли кунларингизни қандай эслайсиз?»   

«Ҳали битта қизчалик эдик.Болани онамга қолдириб эр-хотин Туркияга ишга жўнадик. Мен кампирга қарадим, улар  корхонада ишладилар.  Қайтиб келиб участкамизни кўтардик. Ўшанда бунақа уришмасдик».   

«Дардлашадиган, ҳамма гапларингизни айта оладиган яқин кишингиз борми?»   

«Онам борлар, лекин мен уларга ҳамма гапларимни айтмайман, муаммоларимни ҳеч ким ҳал қилолмас экан нега айтай?»  « Муаммонгизни ҳал қилиши учун эмас, тўғри маслаҳат олиш учун тажрибали, доно аёллар билан дугона бўлишингиз керак...»  

«Сиз болани ўлдириб қўйишингиз мумкинлигини хаёлингизга келтирганмисиз?»

«Йўғаа, Худо асрасин. Опажон, мен бунақа ёмон ниятда бўлмаганман, мана кўраяпсиз-ку бир қадам ҳам олдимдан жилмайди. Ўша куни ҳам нарироқда бўлганида бундай бўлмасмиди». 

«Сизни ҳам рашк қиладими?»  

«Кўчага чиқма дейди, чиқмайман. Каттамиз 15 ёшда, бозор-ўчарни қилиб келади»   

«Оилавий муносабатларда ўзингизни нимададир айбдор деб сезмайсизми?»  

«Ўзим ҳам айбдорман. Гап қайтардим. Жаҳлим чиққанида бўғзимдаги гапни ютолмадим, оғзимга келганини гапирдим. Энди бундай қилмайман. Лекин, баъзан чидаб бўлмайдиган гапларни айтадилар. Ҳақорат қилганда ҳам  муомала билан енгишни ўрганишим керакмикан? Лекин эрим болаларим олдида бўлишини истайман...»

Аёл менга ҳам ниманидир айтолмайди...  

Оқшом чўкиб, терговчи унга жавоб бериши олдидан аёл жуда чарчагани ва бафуржа суҳбатга ҳоли қолмаганини билдирди...  

Энди нима бўлади?

Қаршигул опа шу ўғлини чақиртириб оламан, тинчгина шу ерда яшасин дейди. Она ўғлининг рўзғори тўзиб кетмаслигига умид қилади. Ҳокимиятдагилар эркакка иш топиб беришмоқчи. Бир талоқ деб гувоҳларсиз айтилган гапни диний уламолар ҳал қилишар. Лекин нима бўлганда ҳам жиноий иш судгача етиб бориши аниқ. Жиноий иш, қийноқ ва ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деб тавсифланган 110 ва 112-моддаларда олиб борилаяпти.

Олимлар туртки еб, фақат камчиликлари айтилиб улғайган болалар умр бўйи ўзига ишончи бўлмасликдан азият чекишини таъкидлашади. Болани урганда уни ногирон қилиб қўйган, ҳатто ўлдириб қўйган ҳолатлар маълум. Катталарнинг ҳар қандай руҳий ҳолати болага қўл кўтариш учун сабаб бўлолмайди.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро даражадаги асосий ҳужжат Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция 1989 йил октябрида Нью-Йоркда қабул қилинган. Ҳужжатнинг 19-моддаси болани  зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни 1992 йил 9 декабрда ратификация қилди. Ўзбекистонда болалар калтакланаяпти экан, бу борада ҳам халқаро нормалар бузилаётганини англатади. Болаларни урманг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг