Превю: Ўзбек футболининг бири икки бўладими?
Бугун Баҳрайннинг Арад шаҳрида ОФК кубоги-2021 финали бўлиб ўтади. Бу баҳснинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Қаршининг «Насаф» жамоаси бугун ОФК кубоги финалида Баҳрайннинг «Ал Муҳаррақ» клубига қарши тўп тепади. Мазкур баҳс ўзбек футболи учун жуда муҳим. Тан олайлик, халқаро минтақада қўлга киритилган ҳар қандай соврин халқимизни хурсанд қилади.
Имкониятлар: таркиб, натижа ва услуб
«Ал Муҳаррақ»: «Насаф» ҳақида ҳар қалай тасаввурга эгамиз. Келинг, аввало, рақибларимизнинг имкониятлари ҳақида гаплашсак.
«Ал Муҳаррақ» Баҳрайн Премер-лигасининг 34 карра ғолиби. Ўтган мавсумда Премер-лигада 4-ўринни олган. Жамоа тактик жиҳатдан «Насаф»дан фарқли равишда агрессив ўйнамайди. Кам гол уради ва кам гол ўтказади. Энг қиммат ўйинчиси дарвозабон Саид Муҳаммад Аббос бўлиб, унинг трансфер нархи тахминан 200 минг евро атрофида. Таркибида 4 та: Маҳмуд ал Марди (Иордания), Ноор Ал-Равабдеҳ (Иордания), Мозес Жона (Нигерия) ва Флавио Кариоса (Бразилия) каби легионерлари бор. Жамоа прегматик футболга анча ихтисослашган, аммо бугун улар ўз майдонларида ўйнашини ҳисобга олсак, бу услубдан фойдаланмасликлари ҳам мумкин. Клуб ўйинчиларининг ўртача ёш таркиби 26,3 га тенг. Сўнгги 10 ўйинда 6 ғалаба, 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этмоқда. Маълумотларга кўра, жамоанинг 8 ўйинчиси миллий терма жамоаларида ўйнайди. Жамоанинг умумий трансфер нархи 1,78 млн еврога баҳоланган.
«Насаф ФК»: «Насаф» ички чемпионатда 4-ўринда кетмоқда. Бирор маротаба Ўзбекистон чемпиони бўла олмаган. Ўтган мавсумда Суперлигани кумуш медаллар билан якунлаганди. Ҳужумкор ўйин кўрсатади. Рўзиқул Бердиев шогирдлари ОФКда ҳали бирорта мағлубият қайд этмади. Жамоа кўп гол уради. ОФКда энг яхши тўпурар ўйинчи Ҳусайн Норчаев (7 та гол). «Насаф» ОФК баҳсларида 21 та гол урди ва бу рақиблардан 10 тага кўп дегани. Дарвоза томон зарбалар борасида ҳам қаршиликлар (149) Баҳрайн жамоасидан (59) деярли 3 баробар яхшироқ. Таркибнинг энг қиммат ўйинчиси Абдувоҳид Неъматов ва жамоа сардори Умарбек Эшмуродов 600 минг евродан баҳоланган. Шунингдек, Ғолиб Ғайбуллаев, Шерзод Насруллаев, Ойбек Бозоров, Ҳусайн Норчаевлар 450-500 минг евро атрофида баҳоланган. Жамоанинг умумий таркиби трансфер нархи 7,13 млн евродан ошади. Клубнинг 7 ўйинчиси миллий терма жамоаларидан чақирув олган. Сўнгги 10 ўйинда 8 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият қайд этишган. Жамоада йўқотишлар ҳам бор. Мазкур баҳсда Ҳусниддин Алиқулов иштирок эта олмайди.
Ўзбек футболининг бири икки бўладими?
Осиё миқёсидаги турнирларда клубларимизнинг ягона соврини айнан «Насаф»га тегишли. Жамоаси 2011 йилги мавсум давомида ОФК кубогини қўлга киритган эди. Анатолий Демяненко бошчилигидаги қашқадарёликлар Қарши шаҳрида 16 мингга яқин муҳлислар қаршисида финалда Кувайтнинг «Кувайт СК» жамоасини 2:1 ҳисобида доғда қолдирган эди.
Орадан 10 йил ўтиб «Насаф» яна ОФК финалига чиқди. Рўзиқул Бердиев ўзбек футболидаги «бир» совринни «икки» қилиши мумкин. Бугун қаршиликларга осон бўлмайди, аммо улар ғалаба қозонишларига умид қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, мазкур баҳс Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter