Ўзбекистон Этноспорт Ассоциациясининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоби
2021 йилда Ўзбекистон Этноспорт Ассоциацияси ташкил этилган бўлиб, Бел олиш ва учкураш, Баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш, Полвонлик ва дорбозлик спорти, Улоқ-кўпкари, От пойгаси, От устида кураш, Чавгон, Танги илув, От устида камон отиш, Камондан отиш, ов қушлари билан кўргазмали ов қилиш каби миллий этноспорт турларини жаҳонда оммалаштириш ҳамда такомиллаштиришни ўз олдига мақсад қилган.
Ушбу ассоциация миллий спорт турлари бўйича тадбирлар, мусобақалар ва ўқув дастурларини ташкил этиш орқали қадимий ва миллий спорт турларининг замонавий даврда ҳам изчил ривожланишини таъминлашда хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Этноспорт Ассоциацияси Раиси - иқтисод фанлари фалсафа доктори Ойбек Норинбаев раҳбарлигида турли этноспорт тадбирларидаги фаол иштироки туфайли халқаро майдонда эътирофга сазовор бўлди. Ассоциация ўзининг қисқа муддатли фаолияти давомида Ўзбекистонда ҳам, халқаро миқёсда ҳам этноспорт оммалашувида катта муваффақиятларга эришди.
Шу тариқа, Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси 2023 йилда халқаро ташкилотлар экспертлари, Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари вакиллари, шунингдек, профессионал ва ҳаваскор ёш спортчилар иштирок этган олтита йирик ва аҳамиятли тадбир ўтказди.
Тадбирлардан биринчиси 18-19 февраль кунлари «Chimgan Challenge-2023» фестивали доирасида «Sky Camp Bo’stonliq» лагерида бўлиб ўтган қишки спорт турлари мавсумининг очилиш маросими бўлди.
Тадбир чанғичи ва сноубордчиларнинг кўргазмали намойишини ўз ичига олган қиш мавсумининг расмий очилиши билан бошланди. Спортчилар Ўзбекистон Республикаси байроқлари билан тоғ ёнбағирларидан тушиб келдилар. Сўнгра профессионал ва ҳаваскорлар ўртасида қишки спорт мусобақаларига старт берилди. Тадбир давомида миллий этноспорт ўйинлари: ўқ отиш, арқон тортиш, шахмат, мини-футбол ва бадминтон бўйича ҳам мусобақалар ташкил этилди.
Зотли итлар иштирокида кўргазмали тулки ови кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Қайд этиш жоизки, йиртқич қушлар ва итлар билан ов қилиш Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросига киритилган. Ушбу фестивал мамлакатимизда тоғ туризмини оммалаштиришга катта эътибор қаратилаётган туризмни ривожлантириш дастурида ҳам муҳим ўрин тутди, чунки Ўзбекистон нафақат қадимий шаҳарлари, балки гўзал тоғлари билан ҳам машҳурдир.
2023 йил 24 март куни Тошкентнинг «Локомотив» боғида Полвонлик ва дорбозлик мусобақасининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг бой маданияти учун яна бир эътиборли воқеа бўлди. Ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги «Этник спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 259-сонли қарорига ҳамда 2022-2023 йилларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича тасдиқланган «Йўл харитаси»га асосан Этноспорт Ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилди. Бундай мусобақаларни анъанавий байрамлар давомида ташкил этиладиган алоҳида спорт тоифасига ажратиш мумкин. Чунки, анъанавий байрамлар, албатта, биринчи навбатда, рақс ва қўшиқлардан иборат, бироқ миллий байрамлар қўғирчоқ театри, кураш, от пойгаси ва дорбозлар чиқишини хам ўз ичига олади. Бу миллий анъана авлоддан-авлодга ўтиб келиб, бугунги кунгача сақланиб қолган. Бугунги дорбозлар эса аждодларимизнинг улуғвор анъаналарининг ажойиб давомчиларидир.
Ўзбекистон ҳудудида спортнинг бу тури илк ўрта асрларда кенг тарқалган. Дорбозларнинг чиқишлари ҳар доим катта оломонни ўзига жалб қилган. Дорбозларсиз биронта байрам ҳам ўтмаган. Уларни томоша қилиш учун ёшу қари йиғилар, ҳаттоки шаҳар амалдорлари ҳам ташриф буюришарди.
Шунингдек, 10 апрель куни Бухоро шаҳрида «Каштачилик ва миллий халқ ўйинлари» миллий фестивали бўлиб ўтди. Кўргазмада республиканинг барча ҳудудларидан ўттиздан ортиқ ҳунармандлар иштирок этди. Фестивалда каштачилар бош кийим, шарф, рўмол, гилам, сумка, товоқлар, нақшли дастурхон ва шу каби қўлда тайёрланган буюмларни намойиш этди. Фестиваль доирасида халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ҳам ўтказилди. Иштирокчилар миллий кураш, белбоғли кураш ва миллий жанг санъатининг бошқа турлари бўйича беллашдилар.
26 май куни Тошкентдаги «Наврўз» истироҳат боғида «Ўзбекистон этник ўйинлари» республика фестивали бўлиб ўтди. Мазкур фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги «Этник спорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 259-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Этноспорт Ассоциацияси томонидан илк бор ташкил этилди.
Фестивални Ассоциация раиси - иқтисод фанлари фалсафа доктори Ойбек Норинбаев очиб бериб, ўз нутқида Ўзбекистонда этноспортни оммалаштириш ҳамда такомиллиаштириш бўйича ҳукумат томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, ушбу тадбир ўзбек халқининг тарихини ўзаро англаш ва ундаги қадриятларни келажак авлод учун етказиб бериш учун хизмат қилишини, ёшларимизга ота-боболаримиз томонидан анъанага айлантирилган спорт турлари билан танишиши уларда ифтихор туйғусини кучайтиришга туртки бўлади деган умиддамиз деб ўз сўзини якунлади ҳамда барча иштирокчиларга мусобақада омад ва зафарлар тилади.
Ассоциация учун 2023 йилнинг энг нуфузли ва катта тадбири “Халқаро этноспорт фестивали” 7-9 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу фестиваль Ўзбекистон Этноспорт Ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилиб, унда 63 давлатдан 2000 дан ортиқ спортчи иштирок этди. Шу билан бир қаторда 8 сентябрь куни ҳориждан келган этник спорт вакиллари иштирокида халқаро форум бўлиб ўтди.
Ассоциация раиси Ойбек Норинбаев бундай тадбирлар ёшлар орасида миллий этноспорт турларига қизиқишини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ватанга бўлган туйғусини кучайтиришга қаратилганлигини таъкидлаб, тадбирни очиб берди.
Фестиваль доирасида Ўзбекистонда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси фаолиятини тарғиб қилиш ва такомиллаштириш масалаларига бағишланган бир қанча давра суҳбатлари ўтказилди.
Давра суҳбатида Конфедерациянинг барча 24 аъзоси, шунингдек, Ўзбекистон вазирликлари ва бирлашмалари вакиллари, ўнлаб мамлакатлардан олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Фестивалда ЮНEСКО, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари ҳам иштирок этди. Фестиваль дастуридан кўплаб мусобақалар жумладан, белбоғли кураш бўйича халқаро турнир, ўзбек жанг санъати бўйича жаҳон чемпионатлари, оммавий кураш ва тош кўтариш, камондан отиш ҳамда от спорти тоифасидаги мусобақалари ўтказилди.
2023 йил 22 декабрь куни Этноспорт Ассоциацияси томонидан Қараб теп федерациясининг тақдимот маросимини ўтказди, унда спортнинг ушбу турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича режалар ҳамда этноспортни янада ривожлантириш вазифаларига қаратилган “Йўл харитаси” тақдим этилди.
Бундан ташқари, йил давомида Этноспорт бўйича тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган спорт-оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказилди. 2023 йилги тасдиқланган тақвимга кўра, Ўзбекистон вакиллари 34 та турли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, этноспортнинг оммалашувига ўз хиссаларини қўшдилар.
2024 йилдаги Этноспорт ассоциацияси одидаги долзарб вазифалар 2024 йилда Ўзбекистон Этноспорт ассоциацияси ўз олдига Ўзбекистоннинг ўзига хос маданий анъаналари билан танишишдан манфаатдор сайёҳларни жалб этиш каби янги мақсадларни қўймоқда. Этноспорт туризмини ривожлантириш орқали мамлакат нафақат маданий меросини сақлаб қолиши, балки маҳаллий ҳамжамиятларнинг иқтисодий ўсишини таъминлаши мумкин. Ташриф буюрувчилар учун этноспорт фестиваллари ёки интерактив семинарлар каби қизиқарли тадбирларни ташкил этиш Ўзбекистоннинг анъанавий спорт турларининг гўзаллиги ва бойлигини намойиш этишга ёрдам беради.
Ўзбекистон Этноспорт Ассоциацияси вакиллари 2024 йилнинг 16-18 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган Этноспорт форумида иштирок этишади. Улар семинар ва давра суҳбатларида иштирок этиб, форумнинг асосий вазифаси бўлган дунёда этноспорт ва туризмни ривожлантириш стратегиясини муҳокама қиладилар.
Шу билан бир қаторда 11-13 май кунлари Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида «Этно ва замонавий мода ҳафталиги» халқаро этно-ўйинлар фестивали, халқ ҳунармандчилиги ва заргарлик буюмлари ярмаркалари бўлиб ўтади. Этноспорт Ассоциацияси фестиваль меҳмонларига анъанавий халқ ўйинлари ва спорт турларининг бутун бой тарихини тақдим этадилар.
Грузия кураш халқаро федерацияси таклифига биноан Ассоциация вакиллари 2024 йилнинг май ойида Грузиянинг Кахети шаҳрида бўлиб ўтадиган «Грузия этноспорт фестивали» фестивалида иштирок этади.
Шунингдек, 2024 йилда Тошкент шаҳрида Республика Этноспорт фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Унда бутун республикамиздаги этноспортнинг минтақавий вакиллари иштирок этадилар. Мазкур тадбирга халқаро ташкилотлардан эксперт ва олимларни таклиф этиш режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter