Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллий халқ ўйинларимизни дунёга олиб чиқамиз» — Ойбек Норинбоев

«Миллий халқ ўйинларимизни дунёга олиб чиқамиз» — Ойбек Норинбоев

Ўзбекистон этноспорт ассоциацияси 2021 йил 6 октябрь санасида Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилганди.

Ассоциация раиси Ойбек Норинбаевнинг таъкидлашича, миллий ва анъанавий спорт турларини, халқ ўйинларини тиклаш, ривожлантириш, уларнинг ягона тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этиш, шунингдек аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш Этноспорт ассоциациясининг асосий мақсадларидан ҳисобланади.

Ота-боболаримиз, момоларимиз ўйнаб келган қадимий миллий ўйинларимиз сон жиҳатидан ҳам салмоқлидир. Улар оддий ўйин эмас, аксинча асрлар мобайнида сайқалланиб, халқчил ўйин сифатида бизгача етиб келган. Акс ҳолда аждодларимиз уларни шу давргача мерос сифатида олиб келмаган бўлар эди.

Аждодларимизнинг ҳаётида ўз ўрнини эгаллаган халқ ўйинларини бугунги инновацион техника асри ҳаётимиздан сиқиб чиқармоқда. Шу боис унутилишга маҳкум бўлган миллий спорт турларимизни халқнинг ичидан топиб яна келажак авлодларга етказиш учун ташланадиган ҳар бир ҳаракатга инсоний ва миллий бурч сифатида қаралмоқда.

«Халқ орасида юзлаб ўйинларимиз мавжуд бўлганки, уларнинг ҳар бири ўзига хос жисмоний ва маънавий аҳамиятга эга. Аждодларимиз ҳаёти давомида машғул бўлиб келган ҳар бир миллий спорт турларимизда орият ва ҳалоллик каби инсоний хислатлар мужассамдир. Халқ ўйинларимиз қонун-қоидалари ва шаклу-шамойили билан ҳам шу қадар мукаммал шаклланганки, деярли барча миллий спорт турларимизни ҳакамларсиз ўйнаш ва ундан завқланиш мумкин бўлган», дейди Ойбек Норинбаев.

Миллий спорт турларимиздан кураш, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, Турон яккакураши, қарабтеп ва улоқ-кўпкари кабилари халқаро спорт турлари қаторидан жой олиб бўлди. Бугунги кунда ушбу спорт турлари бўйича бутун дунё беллашмоқда.

«Биз шу жойда тўхтаб қолмасдан миллий халқ ўйинларимизни дунёга олиб чиқишда давом этамиз. Бу борада қадимий қадриятларимиз – халқ ўйинлари ва миллий спорт турларимизга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганини ҳам эътироф этишимиз керак. Жорий йил 25 май куни Президентимизнинг «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам имзоланди.

Қарорда этноспорт турларини 2025 йилгача ривожлантириш дастури батафсил кўрсатиб берилди. Шунингдек, тегишлилиги бўйича вазирлик, идора ва ҳудудий ҳокимликларга бу йўналишда кўрсатмалар алоҳида белгилаб қўйилди», қайд этади ассоциация раиси.

2023 йилдан бошлаб этноспорт турлари бўйича «Uzbekistan Ethno Games» республика фестивалини ҳар йили Тошкент шаҳрида ўтказиш белгиланган бўлса, ҳар икки йилда бир маротаба Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ташкил этиш ҳам қарорда кўрсатилиб ўтилган.

Ўзбекистон этноспорт ассоциациясига аҳолининг барча қатламларини этноспорт билан шуғулланишга жалб қилиш, маҳаллаларда этноспорт турлари бўйича халқ ўйинлари ва мусобақаларни ўтказиш ҳамда Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалари топширилган.

«Яқинда конфедерация президенти Билол Эрдўғон шахсан ўзи келиб Ўзбекистонда этноспорт турлари бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ўзбекистон халқ ўйинлари ва миллий спорт турларининг тарихи, қонун-қоидаларини ўзида акс эттирган «Ўзбекистон Республикаси миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси»нинг қисқа муддатда чоп этилишига Б.Эрдўғон юқори баҳо берди», дейди Ойбек Норинбаев.

Шу кунларда ЮНЕСКО ташкилотидан номоддий маданий мерос мақоми олиниши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхати шакллантирилмоқда.

Этноспорт турлари ҳозирча 9 тани ташкил этаётган бўлса, шу кунгача халқ орасидан топилган миллий спорт турларимиз сони 198 тага етган. Бу рақамлар сўнггиси эмас. Ҳали изланишда давом этилса, рақамлар ҳам ортиб бораверади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг