Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Counter Strike» бўйича 1 млн. долларлик турнир финалида қатнашган ўзбек. Ким у?

«Counter Strike» бўйича 1 млн. долларлик турнир финалида қатнашган ўзбек. Ким у?

Фото: «Xabar.uz»

Кеча, 8 сентябрь куни Германияда «StarLadder Berlin Major 2019» турнири финали бўлиб ўтди. Соврин жамғармаси 1 млн. долларлик ушбу йирик турнир финалига қадар етиб борган «AVANGAR» жамоаси таркибида елкасига Ўзбекистон байроғини тутиб олган йигит кўпчиликнинг эътиборини тортди. Танишинг: киберспорт оламида «SANJI» номи билан машҳур бу йигит — Санжар Кулиев. Гарчи Санжарнинг жамоаси финалда жуда номдор рақиб — Даниянинг «Astralis» жамоасига мағлуб бўлган бўлса-да, турнирдаги ёрқин ўйинлари билан «Counter Strike» ихлосмандларида илиқ таассурот қолдирди. Финал ғолиб  жамоаси турнирдан 500 минг доллар билан уйига қайтди. Санжар иштирок этадиган Қозоғистон жамоаси эса 150 минг долларли бўлди.

Санжар Кулиев ўзи ким? У қандай қилиб бундай йирик турнирлар юлдузига айланди? Эътиборингизга Россиянинг «Чемпионат» нашри томонидан уюштирилган интервьюни тақдим этамиз.

— Сўнгги турнирлардан кейин сиз ҳақингизда кўп гапирила бошланди. Бироқ, афсуски, сиз ҳақингизда кўп маълумотга эга эмасмиз. Келинг, оддий саволдан бошлаймиз: «Counter Strike»га қизиқишингиз қачон уйғонган?

— Ҳамма қатори, менимча. Дўстларимиз билан футбол, баскетбол ўйнаганмиз ва бу ўйинлардан бироз чарчаган пайтимизда «DotA» ва «Counter-Strike» бўйича беллашганмиз. Аввалига унисиниям, бунисиниям ўйнайверганман, кейинчалик айнан «Counter-Strike» мени ўзига кўпроқ жалб қилган. Менимча, унда индивидуал факторлар кўпроқ ва унда ўзингни кўрсатиш, имкониятларингни: тезкорлик, диққатли бўлиш, тўғри қарор қабул қилишни намойиш этиш имкони бор. «Дота»да кўп нарса сенинг ўзингга боғлиқ эмас.

— Ва тезда киберспортга бор эътибор қаратилдими?

— Ҳа, албатта! Мен 12-13 ёшимда Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Афсуски, ўша пайтларда саёҳат қилиш имкони йўқ эди, бу унчалик ривожланмаганди. Техник жиҳатдан ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек эмасди.

— Ўзбекистонда компьютер ўйинларига касб сифатида қандай қаралади?

— Тўғри қабул қилинади. Дўстларим CS 1.6 вақтидан ўйнашади ва йирик турнирларда қатнашишади. Ота-онам эса бу касб менга ёқишини ва у пул келтиришини билишади.

— Техник муаммоларни ҳал қилиш учун қизиқ йўл тутган экансиз — янги компьютер олиш учун Кореяга ишлашга боргансиз. Бу ғоя қандай келганди?

— Тўғрисини айтсам, бу ҳақда гапиришни унчалик ёқтирмайман. Буни ажабланарли томониям йўқ. Ўшанда 18 ёшда эдим. Кореяда яқинлари бўлган ўзбекистонлик кўплаб дўстларим шундай қилишган. Бу қийин эмас. Мен исталган вақтда Кореядаги дўстимга қўнғироқ қилишим мумкин эди, у ёқда онам яшарди. Шу сабаб Кореяда ўзимни сувдаги балиқдек ҳис қилардим.

Ота-онамдан пул сўрамаслик учун мен ҳам компьютерга, ҳам ўзим учун пул ишлаб топдим. Чунки пул сўрасам ўзимни ноқулай ҳис қилардим. Ишлаб топган пулим ҳисобига мен бемалол уйда қолиб ўйинга кўпроқ вақт ажратишим мумкин эди.

Бу карьера қилишингизга имкон бердими?

— Бунгача профессионал жамоаларда ўйнамасдим. Бирданига FaceIT профессионал лигасига чиқишга ҳаракат қилдим. Бунга тахминан ярим йилча вақт кетди. Якунда вазифани уддалай олдим. Албатта, интернет билан боғлиқ муаммолар ҳамон сақланиб қолганди, бироқ бошқа чорам ҳам йўқ эди. Нима қилиб бўлса-да, профессионал даражага кўтарилишим зарур эди.

— «Liquipedia»да айтилишича, сиз CS:GOда FPLни 2000 соатда босиб ўтгансиз. Шу тўғрими?

— Бу CS 1.6ни ҳисобга олмаганда, албатта. Бизнинг версия «Steam»сиз эди, шунинг учун ҳеч қанақа статистика бўлмаган. Шунчаки ўйин физикасини тушуниш лозим бўлган. Умуман олганда бу ўша ўйин, фақат хариталар бошқача. Гап шундаки, мен ўша 2000 соат ичида келажакда нима қилишимни, нималарга эришишни хоҳлашимни тушуниб етганман. Мен шунчаки завқ олиш ёки фанатлик учун ўйнамаганман, ўйинни тушуниш учун машқ қилганман. Шунчаки ўйнашни мен шундоқ ҳам исталган пайтда қилишим мумкин эди.

— «AVANGAR»га қандай келиб қолгансиз?

— Мураббий Дастан Акбаев ва ташкилот бош директори Енгун Ким мени чақиришди. Лекин жамоага қўшилиш учун эмас, аввалига синовлардан ўтиш учун. Осон бўлмаслигини билардим, бор имкониятимни кўрсатишим зарур эди. Ҳамон имкониятларимни кўрсатишга ва исботлашга уринаман. Биз камида ТОП-10га киришни хоҳлаймиз, бунинг учун қаттиқ меҳнат қиламиз. Айниқса, турнирларда биздан кўп нарса кутишлари катта босим юклайди. Кўпчилик биздан турнирда ҳеч бўлмаганда ТОП-2га киришимизни кутишади. Бу ишончни оқлаш учун биз бир неча баробар қаттиқроқ ишлашимизга тўғри келади.

Яқинда йирик турнир финалига чиқдингиз. Турнир олдидан ҳаяжонда эканингизни билдиргандингиз, чемпионатда бу ҳаяжонни енга олдингизми?

— Ҳаяжон ҳар бир турнир олдидан бўлади. Шунчаки у ҳар хил қабул қилинади. Мен ҳанузгача ўзимни қулай ҳис қила олмайман. Мисол учун, менга саҳнага биринчи бўлиб чиқишни сўрашди. Мен эса: «Йўқ, йўқ, йўқ!». Мен саҳнани ёқтирмайман, кўпроқ саҳна ортида бўлишни маъқул кўраман. Мен шунчаки ўз ишини қилувчи ижрочиман. Аслини олганда ҳанузгача катта натижаларга эришганимни тўлиқ англаб ета олганим йўқ.

— Киберспортчининг ютуғи уч жиҳатдан ташкил топади: маҳорат, меҳнатсеварлик ва омад. Нима деб ўйлайсиз, сизнинг ҳолатингизда қай бири биринчи ўринда туради?

— Менимча, аввало маҳорат. Кейин омад ва меҳнатсеварлик, 50 га 50. Менга, масалан, «Syman Gaming» буткемпига бориш омади кулиб боққан. Бироқ, бу меҳнатсеварлигим натижаси ҳам бўлган. Ахир, мен ўйнаганман ва FaceIT мураббийи эътиборига тушганман. Билмайман, бу содир бўлмаганида ҳозир нима бўларди. Бу энди умуман бошқа тарих.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг