Замонавий ташқи сиёсат бўйича эътиборли манба
Шу кунларда «Олтин мерос пресс» нашриётида атоқли олим, сиёсий фанлар доктори, профессор Қодир Жўраевнинг «Ўзбекистон Республикаси ва жаҳон ҳамжамияти» номли илмий-оммабоп мақолалар тўплами чоп этилди.
У мамлакатимизнинг замонавий ташқи сиёсати ва халқаро муносабатлари соҳасида ўзига хос янги манбадир. Китобни 2016-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатидаги энг муҳим воқеаларнинг таҳлилий солномаси дейиш ҳам мумкин. Тўпламда муаллиф Ўзбекистоннинг икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқаларини ҳамда замонавий халқаро муносабатларнинг долзарб йўналишларини ўзининг 100 га яқин энг сара мақолаларида акс эттиришга ҳаракат қилган.
Бугунги кунда трансформация жараёнларини бошидан кечираётган, барқарор тараққиёт мақсадлари сари далил интилаётган, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, низоларни тинч-дипломатик йўллар билан ҳал этиш ва миллий манфаатлар мутлақ устуворлиги тамойилларига асосланган қатъий ташқи сиёсат олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси бутун дунё учун ҳамкорликка очиқ, ишончли ва масъулиятли шерикка айланди.
Муаллиф узоқ йиллар халқаро муносабатларда унча фаол бўлмаган давлатдан қисқа фурсатда жадал ривожланаётган, ҳатто жаҳоннинг энг қудратли куч марказлари билан ҳам мувозанатли, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга қодир мамлакатга айланган Янги Ўзбекистоннинг асосий ютуқлари сабабларини тизимли асосда кўрсатиб беради.
Айниқса, сўнгги етти йил ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ва мислсиз саъй-ҳаракатлари натижасида муқаддам бир қадар тарқоқ ва заиф, ҳатто, бир-бири билан анча зиддиятли ички муносабатларга эга бўлган Марказий Осиё давлатлари эндиликда халқаро майдонда ягона ва яхлит, баҳамжиҳат ва аҳил, интеграциялашаётган ва конструктив жуғрофий-иқтисодий макон сифатида гавдалана бошлагани тадрижий мисолларда баён этилади.
Дарҳақиқат, янги даврда минтақа давлатлари ўртасидаги яхши қўшничилик, яқин дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳи тобора кенгайиб бораётгани ғоят қувонарлидир. Бу ўринда 2017 йил 10-11 ноябр кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафеълигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилган халқаро конференцияга бағишлаб ёзилган «САМАРҚАНД САММИТИ: минтақавий хавфсизлик яхлит ва бўлинмасдир», деб номланган мақолада олимнинг қуйидаги нуқтаи назари диққатга сазовор: «Марказий Осиёдаги хавфсизлик яхлит ва бўлинмасдир. У фақатгина минтақада жойлашган барча давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари эвазига таъминланиши мумкин».
Бундан ташқари, ҳамкор давлатлар билан муносабатларнинг юксалиш динамикаси, АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Покистон, Туркия, Франция, Италия, Япония, Корея Республикаси каби етакчи давлатлар билан ўсиб бораётган стратегик шериклик алоқалари, Европа, Яқин Шарқ, Жануби-шарқий Осиё минтақаларининг бошқа давлатлари билан янги босқичга чиқаётган ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳам китобда батафсил қамраб олингани айни муддаодир.
Унда жамланган мақолаларда, энг аввало, давлатлараро муносабатларнинг узоқ ва яқин тарихи, умумийлик, маданий ва диний қадриятлар муштараклиги, анъана ва урф-одатлар ўхшашлиги каби омилларга урғу берилади. Бунда алоҳида қайд этиш керак бўлган жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбарининг олий даражадаги ҳар бир ташрифи ёки бошқа мулоқотлар нафақат сиёсий-дипломатик, балки савдо ва иқтисодий-сармоявий, хавфсизлик, маданий-гуманитар мазмун-моҳият билан бойитилиб, аниқ келишувлар ҳамда йирик лойиҳалар асосий натижага айланаётгани олимнинг синчков назаридан четда қолмайди.
Муаллифнинг фикрича, халқарo майдонда олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган геосиёсий тўқнашувлар кечаётган бугунги мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг энг долзарб масалалар бўйича тутган мавқеи, тинчлик ва ҳамкорликка асосланган прогрессив ва конструктив ёндашувлари унинг тинчликсевар ташқи сиёсатида концептуал жиҳатдан мужассам этилган.
Бу туб миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда жуғрофий жойлашуви ва мафкурасидан қатъий назар, барча мамлакатлар билан дўстона ташқи сиёсат йўналишига асосланади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби нуфузли халқаро ташкилотлар, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон савдо ташкилоти, Ислом тараққиёт банки сингари халқаро молия институтлари билан тобора фаоллашиб, юксалиб бораётган алоқаларга ҳам кенг эътибор қаратилади.
Китобда айниқса, ЮНЕСКО фаолияти ва унинг мамлакатимиз билан кўп қиррали алоқалари туркум мақолаларда акс этгани эътиборимизни тортади. 1995-2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси бош эксперти сифатида фаолият юритган муаллиф бу борада кенг мушоҳадаларни илгари суради.
Жумладан, 2023 йил 13 апрелда Миллий ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида жуда қизиқарли маълумотларни келтириб ўтади: «ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига шу пайтга қадар Ўзбекистондаги 5 та объект киритилган бўлиб, булар – Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси, Бухоро шаҳрининг тарихий маркази, Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази, Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси ҳамда Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридоридир. ЮНЕСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига ўзбек халқи номоддий маданий меросининг 14 та элементи киритилган. Булар – Шошмақом (Тожикистон билан биргаликда), Бойсун маданий анъаналар, Катта ашула, Аския зукколик санъати, Палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар, Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш, Лазги, Миниатюра санъати, Бахшичилик, Ипакчилик ва анъанавий ипак тайёрлаш санъати, Хўжа Насриддин ҳақидаги анъанавий ҳикоялар, Ўзбекистон кулолчилик санъати, Иллюминация санъати: наққошлик, Ифторлик ва унинг ижтимоий-маданий анъаналари.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси рўйхати ҳам мавжуд бўлиб, бу рўйхатга Ўзбекистоннинг иккита объекти киритилган. Булар Ғарбий Тян-Шан (2016) ҳамда «Турон чўллари» (2023)дир. ЮНЕСКО «Жаҳон хотираси» реестри 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади ҳужжатли мерос – қоғоз, аудиовизуал, рақамли ёки бошқа ҳар қандай форматдаги муҳим ва доимий қийматга эга бўлган ҳужжатлар ёки ҳужжатлар тўпламининг қайтариб бўлмайдиган йўқотилишининг олдини олиш, авайлаб-асраш ва кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.
2023 йилга қадар ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» реестрига Ўзбекистон Республикасидан Тошкент шаҳрида сақланаётган Муқаддас Усмон Қуръони, Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланаётган қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари киритилган эди. 2023 йилда эса Ўзбекистон тарихига оид яна 2 та ҳужжатлар тўплами – Мавлоно куллиёти ва Бухоро Амирлигининг қушбеги маъмурияти архивлари тўплами ушбу реестрдан жой олди. Яна бир муҳим йўналиш ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғи бўлиб, унга Ўзбекистоннинг 2 та объекти киритилган. Булар – Чотқол давлат биосфера резервати (1978) ва Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (2021)».
Қ.Жўраев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тажрибали депутати, 30дан ортиқ қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган қонун ижодкори сифатида парламент дипломатияси, Олий Мажлиснинг халқаро ҳамкорлик алоқалари, хусусан, хорижий мамлакатларнинг қонун чиқарувчи органлари билан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳлари фаолияти, парламент назорати институти, халқ вакиллари бўлган депутатларнинг хориждаги ватандошлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўсиб бораётган ўрни, ташқи сиёсат соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, мамлакатимизнинг халқаро шартномалари ва консуллик масалалари бўйича қабул қилинган янги ҳужжатлар ҳамда хорижий мамлакатлардаги элчиларимизнинг ҳисоботларини миллий парламентимизда эшитиб бориш механизмига алоҳида тўхталиб ўтади.
Чунончи, «Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятининг асосий йўналишлари» номли мақоласида бу муҳим жараёнларда қонун чиқарувчи органнинг ўрнига алоҳида баҳо берилади: «Ўз навбатида, парламентнинг ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятда иштироки нафақат халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш, элчиларни лавозимга тасдиқлаш орқали, балки бевосита хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ўзаро муносабатларда иштирок этиш орқали ҳам амалга оширилмоқда».
Мақолаларда чуқур ўйланган, амалий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ташқи сиёсатга доир кўплаб эътиборга молик маълумотлар, Ўзбекистоннинг жаҳонда эътироф этилаётган муҳим халқаро ташаббуслари ва қатъий позициялари келтирилгани китобнинг салмоғи ва салоҳиятини янада оширади. 2016 ёки 2017 йилда эълон қилинган мақолалар билан танишар экансиз, уларни кейинги йиллар, дейлик 2023 ёки 9 2024 йилдаги тадрижий ривожланиши билан қиёсий солиштириш имконияти пайдо бўлади.
Шунда кенг қамровли ва узоқ муддатли алоқаларнинг барча йўналишлардаги ўсиш динамикаси, халқаро рейтинг ва индекслардаги ижобий натижалар мамлакатимиз нуфузини ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётгани яққол кўзга ташланади.
Сўнгги йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш Олий мактаби, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида профессор сифатида ишлаб келаётган ва 25 йиллик педагогик иш фаолиятига эга, қатор Илмий кенгашлар ва Илмий семинарлар аъзоси, 10га яқин фан номзодларини етиштириб чиққан, нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам кўплаб илмий мақолалари эълон қилинган, ўндан зиёд дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи Қ.Жўраевнинг мазкур илмий-оммабоп китоби ташқи сиёсат ва халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабалар, тадқиқотчи олимлар, мавзуга оид қалам тебратаётган журналистлар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.
Лазиз Раҳматов, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter