Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёшлар иттифоқининг судга кафолат хати кимларга берилади?

Ёшлар иттифоқининг судга кафолат хати кимларга берилади?

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи матбуот хизмати.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашув ўтказди. Учрашувда сайтимиз мухбири ҳам иштирок этди.

Қаҳрамон Қуронбоевнинг билдиришича, шу кунга қадар Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши кафиллигида 175 нафар ёшлар суд залидан озод қилинишига эришилган.

— Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига кафиллик асосида суд залидан озод қилиш учун маълум бир лимит берилганми ёки иттифоқ вазиятга кўра кафолат хати тақдим этаверадими-, деган саволга кенгаш раиси қуйидагича жавоб берди:

— Аввало суд залидан озод қилиш имкониятини берувчи кафолат хати жуда катта имтиёз, ишонч эканлигини эслатиб ўтишим лозим. Буни асло суистеъмол қилиб бўлмайди! Шунинг учун ҳар бир кафолат хати иттифоқ марказий кенгашининг бевосита назоратида берилади. Биз бу кафолатни оғир жиноят қилганларга, тўғри йўлга қайтмаганларга ва турли оқимларга кириб қолиб, ҳақ йўлни йўқотганларга бермаймиз.

Тан олишим керак — мана шу кафолат хатини сўраб турли ҳудудлардан келган ва ҳатто шу имтиёз орқали жазодан қутилиб қолиш учун қонунга зид таклифлар қилганлар ҳам бўлди. Биз уларга керакли жавобни бердик.

Энди кафолат хати орқали жазодан қутилиб қолганлар тақдирига келсак — биз бу ёшларимизнинг ҳар бири билан алоҳида ишлаяпмиз. Уларни доимий иш билан таъминлаяпмиз ва мунтазам алоқада бўлиб турибмиз. Энг муҳими — уларнинг яна жиноят йўлига қайтишининг олдини олиб, жамиятга керакли инсон бўлиб тарбияланиши.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг