Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон президентига салом йўллади

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон президентига салом йўллади

19 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Остона шаҳрида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди. Парламент юқори палатаси раҳбари Остонага Қозоғистон раислигида ўтаётган Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти йиғилишида қатнашиш учун борган.

Сенат хабарига кўра, учрашувда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва Ўзбекистон–Қозоғистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Қ.Тўқаев Т.Норбоевани қутлар экан, Остонада бўлиб ўтган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотида фаол иштирок этгани ва уни қўллаб-қувватлагани  учун миннатдорлик изҳор қилди.

Оқўрда матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон раҳбари ушбу нуфузли тадбирнинг биринчи мажлиси натижалари минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилиши ва Марказий Осиёда гендер тенглик ҳамда барқарор тараққиётни таъминлаш соҳасида узоқ муддатли ечимларни ишлаб чиқишга имкон беришига ишонч билдирди.

«Ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифимиз натижаларини юқори баҳолаймиз. Жорий йилнинг 3 март куни Чимкент шаҳрида норасмий учрашув бўлиб ўтди, унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Нафақат ҳукумат даражасида ўзаро мувофиқлаштирилган ишлар олиб борилаётгани, балки парламентлараро дипломатия ҳам фаол ривожланаётгани қувонарли. Шу боис келаси йили Самарқандда иккинчи парламентлараро форум ўтказилишини мамнуният билан қабул қиламан», – деб таъкидлади Қ.Тўқаев.

Ўз навбатида Т.Норбоева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломини етказди.

«Сизни Қозоғистонда бутун тизимни сиёсий модернизация қилиш имконини берган йирик тадбирларнинг муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Қозоғистон илғор ислоҳотлар йўлидан ишонч билан бормоқда ва Қозоғистон халқи Сиз тутган йўлни фаол қўллаб-қувватламоқда», – деди Сенат раиси.

Якунда Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон президентига самимий саломини айтиб, эзгу тилакларини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг