«Солиқ тўловчиларнинг пули эвазига кун кўрувчи марказлар маънавият билан шуғулланиши кулгили»
«Буюк келажак» эксперти Беҳзод Мамадиев Телеграмдаги каналида бир йил олдин, яъни 2018 йил 28 август куни ёзган постини қайта эълон қилган.
«Маънавият шахсий масала. Маънавиятсизликни, агар у қонунни бузмаса, давлат институтлари, мулозимлари маломат қилиши, жазолаши мумкин эмас. Агар бу маънавиятсизлик жамият тоқат қила олмайдиган даражада бўлса, умуминсоний ахлоқ ва морал нормаларига зид бўлса, унда бундай маънавиятсизликка қонун йўли билан чеклов қўйиш керак, тамом. Худди порнография ёки 18+ материаллари тақиқланганидек», деб ёзган эксперт.
Унинг таъкидлашича, бундан бошқа ҳар қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизликка давлат ва давлатдан маблағ олувчи муассасалар бурун тиқмаслиги керак.
«Шахсий фикрга эга бўлиш ва шахсий даражада бирор ишга нисбатан салбий ёки ижобий фикр билдириш бошқа нарса. Давлат расмийси ҳам шахсий фикрига эга бўлади, қайсидир ишни яхши ва ёмон дейиши мумкин, лекин давлат бериб қўйган ваколатидан фойдаланиб, уни бошқаларга ўтказишга уриниши мумкин эмас. Бундай иш билан нодавлат муассасалар, шахсий фуқаролар шуғулланиши керак. Нодавлат ташкилотлар исталган ақидани, маънавият ва мафкурани тарғиб қилаверсин (албатта, қонунга зид бўлмаган мафкураларни). Давлат уларнинг эркин ишлашига шароит яратиб бериши ва барчасини ажратмасдан бирдек кўриши керак. Маънавиятли халқни тарбиялашни уларга қўйиб беринг, бу иш билан давлат шуғулланмасин. Ҳеч бир мафкура давлат мафкураси даражасида кўрилмаслиги Конституцияда белгилаб қўйилган, ахир», дея таъкидлаган Беҳзод Мамадиев.
Экспертнинг фикрича, солиқ тўловчиларнинг пули эвазига кун кўрувчи марказлар маънавият билан шуғулланиши кулгили ҳолатдир.
«Ёшларни асраб қолишнинг ягона йўли — уларни бекор қолдирмаслик, вақтини беҳуда сарфлашига имкон яратмаслик. Дарсдан ташқари ўқув машғулотлари, ҳунар ўргатадиган марказлар, кутубхоналар, спорт заллари, тўгараклари очилсин. Ишончим комил, қишлоқларда, шаҳарларда бепул шундай тўгараклар бўлса, спорт заллари бўлса, 99 фоиз ёш йигит-қизлар жон деб қўшилади. Шунда уларда интернетда бекорчи вақт ўтказишга ҳам, турли бузуқликларга ҳам вақти бўлмайди. Ақлан ва жисмонан бақувват инсоннинг маънавияти ҳам юқори бўлади», деб ёзган эксперт.
Мамадиевга кўра, Маънавият марказлари, Ёшлар иттифоқи ресурсларини шунақа ишларга сарфлаши керак. Эксперт маънавият ҳақида конференциялар, тадбирлар, шеърхонлик кечалари, конкурслари ўтказишдан фойда йўқлигини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter