Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Инсониятни геосиёсий довул кутмоқда» – Каан Кутлу Атач

«Инсониятни геосиёсий довул кутмоқда» – Каан Кутлу Атач

Фото: «Xabar.uz»

Геосиёсий ихтилофлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда туркий дунё давлатлари долзарб муаммолар бўйича муштарак ёндашув ва умумий ечимларни белгилаб олиши лозим. «Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, бу ҳақда доктор Каан Кутлу Атач 27 апрель куни Истанбулда бўлиб ўтган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиумидаги чиқишида гапирди.

Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси ташкил қилган халқаро анжуман давомида геосиёсий таранглик муҳитида илдиз отаётган муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди.

«Сайёрамиздаги геосиёсий вазиятни мавҳумлик, ноаниқлик, мужмаллик, беқарорлик каби сифатлар орқали таърифлаш мумкин. Боз устига, ўзаро рақобат мисли кўрилмаган даражада ортмоқда. Дейлик, XIX асрнинг сўнгги чорагида «Катта ўйин» эски қоидаларнинг янги контекстида кечган эди. Бугунги давр эса муттасил эврилишлар билан характерлидир», – дейди Мерсин университети вакили Каан Кутлу Атач.

Таъкидланишича, ҳозирги геосиёсий ландшафт шу қадар ўзгарувчанки, собит деб кўрилган халқаро тартиб қоидалари ҳам муттасил таҳрирга учраётир.

«Эҳтимол, хулосам пессимистик руҳда бўлиши мумкин, аммо инсониятни истиқболда геосиёсий довул кутаётганини таъкидлашни истардим. Унга ҳар жиҳатдан тайёр бўлиш, геосиёсий дарзларни аввалдан пайқаш талаб этилади. Бундан ташқари, дунё мамлакатлари ўртасидаги боғлиқлик ҳамма даврдан кўра ҳам ортмоқда. Таъбир жоиз бўлса, Фарғона водийсининг чекка бир қишлоғида қабул қилинган қарор АҚШнинг Флорида штатида акс садо бермоқда. Глобаллашув ва локаллашув орасидаги кўринмас чегаралар ғойиб бўлмоқда», – дейди эксперт.

Глобал ялпи ички маҳсулотнинг 1,5 триллион доллари, дунё аҳолисининг 250-300 миллионини жамлаган туркий дунё геосиёсий зилзила ва довулдан омон чиқмоқ учун бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоғи лозим.

Евроосиё минтақаси бўйлаб ёйилган туркийлар асрлар мобайнида Шарқ ва Ғарб тамаддунини  бир-бирига яқинлаштириб келганлар. Эндиликда ўтмиш ва бугуннинг хатоларидан сабоқ чиқариб, геосиёсатда мақбул ва манзур моделларни амалга татбиқ этиш зарур, деб ҳисоблайди доктор Атач.

Маълумот ўрнида, Истанбулда ўтган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиумида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Шимолий Кипр, Венгрия қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг