Туркия расмийси халқаро ҳамжамиятни террор ташкилотига қарши фаол курашга чақирди
Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун дунё давлатларини FETÖ террор ташкилотига қарши фаол курашга даъват қилди. Туркияда етти йил аввал амалга оширилган давлат тўнтаришига уриниш муносабати билан баёнот берган Анқара вакили ушбу тузилма нафақат Туркия, балки дунё тинчлигига таҳдид эканини таъкидлаган.
2016 йил 15 июль тунида Туркия қуролли кучларининг бир қатор ҳарбий хизматчилари давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни эгаллашга уринган. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон халқни демократия ҳимояси йўлида кўчага чиқишга ундаган. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда оддий халқнинг жонбозлиги эвазига исён бартараф этилган.
Туркия ваколатли идоралари давлат тўнтариши ортида АҚШ яшаб келаётган Фатҳуллоҳ Гюлен турганини айтиб, уни АҚШдан экстрадиция қилишга ҳаракат қилмоқда.
Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун ўша машъум тунда рўй берган ҳодисаларни мамлакат учун жиддий синов бўлганини қайд этади.
«Турк халқи ўз ҳаёти, давлатчилиги ҳамда мустақиллиги учун жиддий синовга дуч келди ва ундан шараф билан ўтди. Айни чоқда, ўзларини Туркиянинг дўсти ва иттифоқчилари деб атаган, демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинлик каби тушунчалар соҳиби саналган кўплаб фокус гуруҳлар ўша тундаги имтиҳондан ўта олмади», – дейди профессор Ф.Алтун.
Таъкидланишича, кейинги йилларда Туркия давлат идоралари, хусусан, қуролли кучлар FETÖ тарафдорларидан тозаланди. Айни чоқда, ушбу гуруҳга қарши кураш давом этмоқда.
«FETÖ глобал террор ташкилоти бўлиб, бошқа террор тузилмалари каби унга қарши курашда ҳам халқаро ҳамкорлик ва бирдамликка таяниш керак», – дейди Анқара расмийси.
2016 йил 15 июлда исёнчилар томонидан Туркия президенти девони, ҳукумат ва парламент биноси бомбардимон қилинган. Туркия ҳуқуқ идораларига кўра, давлат тўнтаришига 9 мингга яқин ҳарбий хизматчи, 35 та самолёт, 37 та вертолёт ҳамда 246 та бронетехника жалб этилган.
Қўзғолончилар 251 нафар инсоннинг умрига зомин бўлган.
Туркия расмийлари FETÖ ташкилотининг яширин мақсадларини Ўзбекистон томони биринчилардан бўлиб англаб етганини алоҳида қайд этиб ташаккур билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter