Туркий давлатларнинг ўз ижтимоий тармоғини яратиш таклиф қилинди
Туркий дунё мамлакатлари мавжуд ижтимоий тармоқларга муқобил равишда ўз ижтимоий платформасини яратиши вақти келди, дейди Anadolu ахборот агентлиги муҳаррири Яҳё Бостан. Истанбулда 27 апрель куни бўлиб ўтган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиумида чиқиш қилишган таниқли журналист «дарсликларга киритишга арзигулик» ахборот хуружи ҳолати ҳақида ҳам ҳикоя қилди, деб хабар бермоқда «Xabar.uz» мухбири.
«Рақамли технологиялар кучайиб, ижтимоий тармоқлар нуфузи ортиши билан анъанавий матбуот ўз мақомини бой берди. Албатта, бу ҳолдан фожиа ясамаган маъқул. Негаки, ҳар бир хотима хайрли ибтидони ҳам англатади. Ижтимоий тармоқлар инсоният ва хусусан, оммавий ахборот воситалари корига ярагани шубҳасиз. Айни чоқда, танганинг орқа томонига боққан ҳолда, ижтимоий платформаларнинг салбий жиҳатларини эътибордан қочирмаслик керак. Энг хатарли жиҳати, онлайн платформалар ҳақиқат юзига парда тортиб, компромат ва дезинформацияга кенг йўл очди», – дейди Anadolu ахборот агентлиги Ижроия қўмитаси аъзоси Яҳё Бостан.
Нотиқ бу борада бир қатор мисолларни келтирди. Маълумки, жорий йил 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий музофотларида кучли зилзилалар рўй берди. Оғир синов кунларида жамият яна бир карра сохта ахборот тўлқинига дуч келди.
«Аср фалокати» деб аталган табиий офат оқибатларини бартараф этиш пайти дезинформация хуружи кучайди. Масалан, Ҳатай музофотида кузатилган ҳолатни дарсликларга ҳам киритиш мумкин. Зилзиланинг илк кунларида улкан синовга рўбарў келган одамлар ўзини йўқотиб қўйгани сир эмас. Ўша кунларда Ҳатайдаги сув омбори тўғони вайрон бўлгани ва тошқин юзага келиши ҳақида миш-миш тарқалди. Одамлар жон талвасасида ҳудудни тарк этишга тушди. Биргина сохта хабарнинг тарқалиши ўнлаб салбий ҳолатларга олиб келди. Бу эса ҳақиқатдан ёлғонни ажратиш борасида матбуотнинг масъулияти янада ортганидан далолат беради», – дейди Яҳё Бостан.
Қайд этилишича, бугунги кунда дунё бўйича одамлар кунига ўртача 6 соату 37 дақиқа вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда. Демак, анъанавий журналистика ҳам ижтимоий платформалар имкониятларидан унумли фойдаланиши лозим.
«Бизнинг даврга келиб мухбир касбининг аҳамияти пасайди, фуқаровий журналистика шаклланди. Қўлида уяли алоқа воситаси бор замондошимиз гўё журналистга айланди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам юқори касб мезонларига таянган журналистиканинг аҳамияти йўқолмаслигига ишонаман. Айни чоқда, туркий давлатлар ҳам глобал ижтимоий платформаларга муқобил равишда ўз ижтимоий тармоғини яратиши давр талабидир», – деб хулоса қилди Anadolu ахборот агентлиги вакили.
Аввал хабар берганимиздек, симпозиумда нутқ сўзлаган Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси матбуот ва телерадио бўлими раҳбари, доктор Ўғуз Гёксу рақамли диктатура, рақамли фашизм ва дезинформация жаҳон мамлакатлари, хусусан, туркий дунё ўлкаларининг мустақиллиги ва тараққиётига хавф солаётганидан огоҳлантирган эди. Унга кўра, кўп миллионлаб фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотига эгалик қилаётган йирик технологик ширкатлар уларни ўз манфаати йўлида тасарруф этишга уринмоқда. Бу эса рақамли диктатура деб аталган янги бир феномонни юзага келтирди.
Анжуман давомида туркий дунё манфаатларини ҳимоя қилувчи медиа лойиҳаларни янада кучайтириш, туркий оламнинг овози глобал миқёсда баралла янграши йўлида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги бот-бот таъкидланди.
Истанбулда ўтган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиумида Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Шимолий Кипр, Венгрия қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter