Зойир Мирзаев: «Миришкорнинг зўравон ҳокими вилоят номига доғ туширди»
Бугун Қашқадарё вилоят ҳокимлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда дастлаб куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг аудиоси ва Яккабоғ туманидаги фермер ишчилари ўртасидаги низолар муҳокама этилди, деб хабар бермоқда «Nasafnews».
«Иш фаолиятимизнинг кўп қисми ҳокимлар ва раҳбарларни тартибга чақириш билан ўтиб кетяпти. Миришкорнинг зўравон ҳокими ўз хатти-ҳаракати билан вилоят номига доғ туширди. Бирор-бир ҳокимдан яхши ташаббус кўрмаймиз, одамларнинг турмуш-тарзини яхшилаш мақсадида улар таклиф ҳам бермайди. Афсуски, замон ўзгараётганини сиз раҳбарлар сезмаяпсизлар», — деган Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев.
Вилоят раҳбари Яккабоғдаги фермер ишчиси аёллар устига керосин сепиб, ёқиб юборишга уриниши билан боғлиқ ҳолатни раҳбарларнинг уқувсизлиги билан боғлади ва туманнинг айрим мутасаддилари адолатсиз қарор чиқарганини танқид қилди.
Шунингдек, туман ҳокими ўринбосарлари аҳоли ўртасида қабул ўтказмагани, кўчма қабуллар йўлга қўйилмагани ҳам танқид қилиниб, бу борада мутасаддиларга топшириқлар берилган.
Йиғилишда вилоят ҳокими Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг хатти-ҳаракати Регламент ва одоб комиссияси ва депутатлар иштирокида муҳокама этилиши лозимлигини ҳам айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов маҳалла раислари иштирокида йиғилиш ўтказиб, уларни жирканч сўкинишлар билан «сийлагани», ҳатто уриб-туртгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича текширувларни бошлагани маълум қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter